Фаол саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар қўллаб-қувватланди

15:08 19 Май 2018 Сиёсат
328 0
Фото: president.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи ҳамда унинг доирасида бўлиб ўтган турли даражадаги учрашувлар нафақат мамлакатимиз аҳли, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам тарихий воқелик сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу ташриф жаҳоннинг энг нуфузли оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ва атрофлича ёритилгани фикримизга ёрқин мисол бўла олади.

Фото: president.uz

Аэропортдаёқ давлатимиз раҳбари ҳамда унинг рафиқасини америкалик ёшлар ўзбекча салом ва хуш калом билан кутиб олишгани, Вашингтон кўчаларида юртимиз делегациясини икки мамлакат байроқларини кўтарган фуқаролар олқишлаб тургани ҳам мазкур ташрифга Америка Қўшма Штатлари томонидан катта тайёргарлик кўрилганидан далолат беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ўтказган самимий мулоқотини халқимиз ойнаи жаҳонда катта ҳаяжон ҳамда фахр-ифтихор билан кузатиб турди.

Ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш руҳида ўтган учрашувда Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида турли соҳаларда, жумладан, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кенгаяётгани алоҳида таъкидланди. Икки мамлакат компаниялари ўртасида 4,8 миллиард долларлик янги шартномалар имзолангани эътироф этиб ўтилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Америка Қўшма Штатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Улар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши 2017 йил май ойида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити, шунингдек, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасидаги учрашувлар билан чамбарчас боғлиқ. Ўшанда давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд алоқалар ва истиқболдаги режалар хусусида суҳбатлашган эдилар.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда фаол саъй-ҳаракатларини ҳар доим қўллаб-қувватлаб келган. Давлатимизнинг бу борадаги изчил ислоҳотлари ва ташаббуслари Дональд Трамп томонидан алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон делегациясининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан “Виллард интерконтинентал” меҳмонхонасида бўлиб ўтган учрашув ҳам унутилмас воқеаларга бой бўлди. Унда икки мамлакат расмий делегацияси аъзолари, вазирлик ҳамда компаниялар раҳбарлари, бизнес ва илмий доиралар вакиллари иштирок этгани ҳам учрашувнинг аҳамияти беқиёс бўлганидан далолат беради.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиб, бутун дунёда кенг тарғиб қилаётган Фредерик Старр ҳамда барча америкалик олимларга ташаккур билдиргани АҚШдаги зиёлиларга мамнуният бағишлади. Шунингдек, кўп йиллик самарали ижоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаковга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони берилгани ҳам халқимизнинг санъатсеварлик ва бағрикенглик фазилатларини амалда намоён қилди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов томонидан Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида иккита келишув имзолангани ташрифнинг яна бир аҳамиятли жиҳатларидан, дейиш мумкин. Биринчи Англашув меморандуми АҚШ университетлари ҳамда Марказий Осиёдаги олий таълим муассасалари ўртасида бўлиб, унинг асосида Ўзбекистонда уч йиллик ҳамкорликни назарда тутувчи дастур бошланади.

Иккинчи Англашув меморандуми эса Ўзбекистон бўйлаб инглиз тили дастурларининг молиялаштирилишини кенгайтиришга қаратилган. У университет талабалари, журналистлар ва бошқа мутахассисларни ўқитиш, инглиз тили ўқитувчилари салоҳиятини ошириш ҳамда ўқитувчи ва талабалар учун онлайн таълим имкониятларини яратади. Бу келишувлар мамлакатимиз аҳли, айниқса, таълим тизими ходимлари ҳамда ёшларга катта имконият яратади.

Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда, балки бутун жаҳонда тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суришини, халқлар ҳамда элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик, ҳамкорлик ришталари мустаҳкам бўлишини истайди ва ўзининг оқилона сиёсатида ушбу ғояларни илгари суради. Давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи доирасидаги учрашувларда ҳам ана шундай ўзбекона самимият ҳамда бағрикенглик сезилиб турди. Бу самимият дунё ҳамжамияти, АҚШ сиёсатчиларининг эътирофи ва олқишига сазовор бўлгани қалбимизга чексиз ифтихор бағишлайди.

Баҳром ОБИДЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар