Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ҳамда ахборот-кутубхона ресурсларининг ўрни қандай?

15:57 24 Апрель 2018 Маданият
520 0

Термизда ташкил этилган “Central Asia — 2018.  Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ҳамда ахборот-кутубхона ресурсларининг ўрни” мавзуидаги ХII халқаро конфренцияда шу саволга атрофлича жавоб изланди. Унда юртимиздаги ахборот-ресурс марказлари вакиллари билан бирга, Россия, Қозоғистон, Эрон, Исроил, Ҳиндистон ва бошқа чет давлатлардан соҳа мутахассислари ҳам иштирок этди.
Конфренцияда электрон ахборот ресурсларини шакллантириш орқали ахборот-кутубхона муасссалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда инновацион ғояларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

— Жаҳон маълумотлар базасидан фойдаланиш, фойдаланувчиларга масофадан хизмат кўрсатиш соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга, — дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Алишер Абдуазизов. — Анжуман бу борадаги хориж тажрибасини ўрганиш ва тажриба алмашиш имконини яратди. 
Конфренция ялпи мажлисида ҳудудларда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришнинг янги йўналишлари ва ҳамкорлик истиқболларига доир қатор маърузалар тингланди. Чет эллик мутахассисларнинг маҳорат дарслари, лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

— Илм-фан соҳасида интеграция жараёнининг жадаллашуви фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширишда янги имкониятлар очиб бермоқда, — дейди Корея Миллий кутубхонаси рақамли кутубхона бўлими диретори Ким Инсук. — Ўзбекистонда татбиқ этилаётган илғор амалиётлар ахборот-кутубхона фаолиятини замон талабларига мослаштириш, инновацион ғоялардан унимли фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. 

Анжуман доирасида Музработлик халқ таълими фидойиси, меҳнат фахрийси Дўстқобил Қодировнинг уй кутубхонаси ҳам фойдаланишга топширилди. Замонавий тарзда таъмирланган кутубхонада 2 та ўқув зали мавжуд бўлиб, компьютерлар билан жиҳозланган. 10 мингдан ортиқ китоб фондидан эндиликда ҳудуддаги 15 минг нафар аҳоли, хусусан, ўқувчи-ёшлар кенг фойланиш имкониятига эга.

Икки кун давом этган халқаро конфренцияда EBSCO, Web of Sciense электрон маълумотлар базалари ва РДК диссертациялар электрон кутубхона билан ишлаш асосларига бағишланган маҳорат машғулотлари, вебинар ва “E-Line Press” компанияси фаолияти ва лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Илҳом РАҲМАТОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар