Фан докторлари нега кам? Профессорларни пенсияга кузатиш адолатданми?

17:58 11 Июнь 2018 Жамият
877 0

Президентимизнинг 2018 йил 5 июнда имзоланган “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларида фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Унда асосий эътибор олий таълим соҳасида талаблар даражасида кенг қамровли ислоҳотлар ўтказишга қаратилган бўлиб, бунга тўсиқ бўлаётган эскича тартибларга барҳам бериш кўзда тутилган. Қайд этилганидек, профессор-ўқитувчилар ойлик-маошларини мунтазам ошиб бориши, рағбатлантириш жараёнларининг такомиллаштирилиши, шу билан бир қаторда ўқитувчи кадрлар фаолиятига одилона баҳо бериш тизимининг ишлаб чиқилиши, қатъий жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши мақсадга мувофиқдир. Профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олиш, кенг ташаббускорлик кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилиши олий таълим шаффофлигини таъминлашга муносиб хизмат қилади.

Олий ўқув юрти раҳбарлари қарорда таъкидланганидек, зукко, келажакни тез илғаб ола билиш қобилиятига эга бўлиши, дунё миқёсидаги олий таълим стандартлари бўйича фикр юритувчи ташаббускор инсонлар бўлиши айни муддао. Шу маънода, Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродовнинг “Народное слово” газетасининг 2018 йил 29 май сонида эълон қилинган муҳандислик-технологияси мутахассислари тайёрлаш соҳаси самарадорлигини ошириш масалаларига қаратилган мақоласини қизиқиш билан ўқиб чиқдик. Унда таъкидланган иқтисоднинг ҳозирги шиддатли ривожланиш палласида муҳандислик таълими олий таълимда қандай талабларга жавоб бериши кераклиги ҳақидаги илғор қарашлари давр талабларига ҳамоҳанг.

Ўрни келганда бир мулоҳазани ҳам қайд этиб ўтишни хоҳлардик. Маълумки, жаҳондаги тараққий этган мамлакатларнинг барчасида минтақа ҳудудларидаги фан, адабиёт ва санъатнинг ривожига пойтахтдагидек эътибор берилади. Фикримизнинг ёрқин мисоли сифатида АҚШ, Англия, Германия, Франция, Италия, Японияни айтиш мумкин. Президентимиз раҳбарлигида ҳудудларда ҳам адабиёт ва санъат, маънавият ва маданиятнинг кенг қирралари ривож топиши учун кўплаб чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани, ғамхўрликлар кўрсатилаётгани, талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб олий ўқув юртлари, янги-янги маънавият-маданият марказлари очилаётганлиги, арзон уй-жойлар қурилиши, умуман, инсон манфаатларини қўллаб-қувватлаш йўлида кўплаб хайрли ишлар қилинаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Масалан, яқиндагина энг чекка жанубий минтақаларимиздан бири Сурхондарё вилоятида тиббиёт институти очилишидан воҳа аҳли бениҳоя хурсанд бўлди.

Аммо, сир эмас, кейинги вақтларда вилоятлардаги олий ўқув юртларида фан докторлари сони кейинги вақтларда камайиб боряпти. Маълумки, фан доктори илмий даражасини олиш, профессорлик лавозимига кўп ҳолларда 50 ва ундан ортиқ ёшдагиларда кузатилади. 60 ёшда эса фан докторларининг кўплари пенсияга кузатиляпти. Яъни, олимнинг илмий фикрлари тафаккури тўлишиб келаётган бир даврда у оддий ишчидек, нафақага кузатилиши адолатдан эмаслиги аён бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам ҳеч бўлмаганда, вилоят олий ўқув юртларида талабаларга дарс бераётган фан докторларига пенсияси сақланган ҳолда педагоглик фаолиятини давом эттирилишига рухсат берилса, устоз-шогирдлик анъаналари умри узайиб талабаларга пухта билим бериш савияси янада ошган бўлур эди.

Умуман, олий ўқув юртида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларнинг аксарияти илмий даражага эга бўлган тажрибали устозлар бўлиши ва яқин йилларда диссертация ва ихтироларини муваффақиятли якунлаётган умидли ўқитувчилар таркибидан ташкил топган бўлиши лозим. Бу эса давлатимиз раҳбарининг қарорида кўзда тутилган асосий мақсад — тасодифий олий ўқув юртига тушиб қоладиган, билим савияси паст бўлган кадрлардан тозаланишга ҳам ёрдам беради.
Бойназар ЙЎЛДОШЕВ,
филология фанлари доктори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар