Файзли жойда аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам юқори бўлади

10:05 28 Апрель 2018 Жамият
973 0

Одамларимиз қаерда бўлмасин, ҳатто энг чекка ҳудудда ҳам бахтли ва фаровон турмуш кечиришга ҳақли. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳалари ана шу эзгу мақсадга қаратилган. Илгари бажарилган қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишларида олис қишлоқларда истиқомат қилаётган оддий инсонларнинг яшаш шароитини яхшилашга етарлича эътибор берилмаган. Оқибатда аксарият қишлоқларда ижтимоий соҳа объектлари ночор аҳволга келиб қолган, инфратузилма батамом издан чиққан.

Президентимизнинг шу йил 29 март куни имзоланган “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони қишлоқларнинг замонавий қиёфасини яратиб, уларни обод манзилларга айлантирмоқда. Унинг ижроси доирасида дастлаб Дўстлик туманининг Манас қишлоғида амалга оширилган ўзгаришлар тасаввуримизда қотиб қолган қишлоқ манзарасини буткул ўзгартириб юборди. Негаки, кўримсиз иншоотлар, қишда лой, ёзда чанг кўчалар атиги 1,5 ойда мутлақо замонавий қиёфа касб этди.
Бу ерда бошланган бунёдкорлик ҳаракати бугун бутун мамлакатимизни қамраб олмоқда. Жорий йилда ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқда, кейинги йилдан бошлаб эса ҳар йили ҳар бир туманда 3 тадан қишлоқда кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари бажарилади.

Давлатимиз раҳбари 26 апрель куни бўлиб ўтган “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни самарали ташкил қилиш билан боғлиқ ва бу борадаги энг муҳим вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратди. Айрим жойларда қишлоқларнинг бош режасини ишлаб чиқиш, ободонлаштириш ишлари кечикаётгани, молиялаштириш ўз вақтида бажарилмаётганига тўхталиб, мазкур юмушларни тезлаштириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Сутбулоқ, Бирлик, Каналобод, Тонг юлдузи, Шалола, Абай. Ушбу қишлоқларнинг номини пойтахт вилоятида тез-тез тилга оладиган бўлишди. Мана, бир неча ойдирки, мазкур маҳаллаларда “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу ҳудудларнинг кечаги ҳолати ўта аянчли эди. Режасиз қурилган уйлар, файзсиз кўчалар, нураб кетган ижтимоий соҳа объектлари, яроқсиз сув ҳамда электр иншоотлари аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётганди.

— Давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга қўйилган янги вазифалар янада ғайрат-шижоат билан ишлашни тақозо этади, — дейди Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Мурод Ботиров. — Очиғи, кейинги кунларда бир оз сусткашликка йўл қўйилаётган эди. Дастур ижросини таъминлашда ҳар бир кун, ҳар бир соат ғанимат эканлигини тушуниб етиб, ҳамма тадбирга алоҳида аҳамият қаратаяпмиз.

Дарҳақиқат, тумандаги Абай қишлоғида қурилиш ишлари яна жонланиб кетди. Барча куч ва техника воситалари белгиланган лойиҳани амалга оширишга қаратилмоқда. Натижада 3,8 километрлик масофага сув қувурлари тортилиб, 3 километрлик газ қувурлари таъмирланди. Йўлларни соз ҳолга келтириш учун эса 1 миллиард 470 миллион сўмлик маблағ ажратилиб, бугунги кунга қадар 2,5 минг куб метр шағал ётқизилди. Шунингдек, иккита трансформатор капитал таъмирланди. 88 та эски симёғоч замонавийларига алмаштирилди.

Ҳудуддаги 14-мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган ишлардан кўпчилик мамнун. Боғча ҳудуди девор билан ўралиб, томи ёпилди, эшик-ромлари алмаштирилди. Қозонхона янгиланди. Ҳовлидаги янтоқзор ўрнида замонавий болалар майдончаси, кичик сув ҳавзаси қуриладиган бўлди.
Лойиҳа бўйича маҳалладаги 198 та хонадондан 40 тасининг дарвозаси, 44 тасининг томи алмаштирилади. 125 та хонадонда иссиқхоналар қурилади. Бу ишлар ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, кўчалар атрофидаги ҳовлиларни ўраш учун 2,7 километр узунликда девор уриш керак. Шу мақсадда янги цех очилди. Натижада 12 киши доимий иш билан таъминланиб, ҳозирги кунгача 1,4 километр деворлар тикланди. Қишлоқда савдо мажмуаси, кутубхона, “Гўзаллик салони”, ўқув маркази қурилиши ҳам жадал давом эттирилаяпти. Кам таъминланган оилалар аъзолари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун тикув цехи фойдаланишга топширилди. Бу билан 25 нафар хотин-қиз ишли бўлди.
Президентимиз таъкидлаганидек, дастур ижросида айрим камчиликлар ҳам учраб турибди. Бу, ўз навбатида, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир. Масалан, Абай кўчаси, 5-уйда яшовчи Диана Примқуловага тегишли уйнинг томи очиб ташланганидан тўрт кун ўтиб қайта ёпилди. Тўғри, бу катта муддат эмас. Лекин бу орада ёққан ёмғир таъмирдан чиққан уйни яна таъмирталаб қилиб қўйди. Намлик тўрт нафар боласининг соғлиғига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Ёки Фотима Худойбердиева яшаб турган уй талабга мутлақо жавоб бермаётганлиги учун бузиб ташланди. Уч болали аёлнинг уй қуриш, уй битгунча қариндош-уруғиникида яшаши катта муаммога айланмоқда.
Видеоселекторда ижрочилар олдига қўйилган вазифалар бундай камчиликларни сўзсиз бартараф этиб, дастурни муваффақиятли бажаришга ундайди, албатта.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида Жиззах вилоятида 24 та қишлоқ фуқаролар йиғинидаги аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси яхшиланади. Ушбу мақсадлар учун 340 миллиард 358 миллион сўмлик маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Айни пайтда махсус ишчи гуруҳи томонидан Мирзачўл туманида зарбдор 90 кунлик эълон қилинган. Унга кўра, тумандаги ўалаба маҳалласи ва Ўзбекистон қишлоғида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаяпти.

— Маҳалламиз туман марказида жойлашган, — дейди “ўалаба” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилбар Қулматова. — Унинг ҳудуди обод бўлмаса, одамларнинг кайфиятига ҳам таъсир кўрсатар экан. Яширишнинг ҳожати йўқ, асосий кўчадан маҳалла томон 30 метрча юрсангиз, у ердаги манзарадан дилингиз оғрирди. Ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, шаҳарсозлик қонун-қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида 42 та кўп қаватли уй атрофига хонадон эгалари ўзбошимчалик билан ёрдамчи бинолар қуриб ташлашганди. Дастур бундай тартибсизликларга барҳам берди. Маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланганидан буён саккизта кўчадаги ноқонуний қурилган барча уй бузилди, эски шиферлар янги, замонавийсига алмаштирилаётир.

“Уйи борнинг ўйи йўқ”, дейди халқимиз. Дастур ўз ичига аҳолини қийнаб келаётган тураржой масаласини ҳам қамраб олганки, пировардида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган ғоя ижроси амалда таъминланаяпти.
Гап шундаки, маҳалладаги уйга муҳтож бўлган оилалар учун 400 га яқин уй-жойлар қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 2 та бўш турган ерда 160 та намунавий арзон уй-жой қуриш учун ер ажратилди. Биринчи ҳудудда бунёд этиладиган 112 та уй пудратчи ташкилотларга тендер асосида тақсимлаб берилди. Айни пайтда бу ерда қурилиш ишлари қизғин.

Сир эмас, чўлни ўзлаштиришнинг илк йилларида қиш-қировли кунларга қолмасдан мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ёшларни, кўчирма қилинган оилаларни бошпана билан таъминлаш мақсадида тез тайёр бўладиган, ёғочдан уйлар тикланиб, аҳолига ажратилган эди. Орадан анча йиллар ўтиб, халқ тилида айтганда, “чўпкори” уйлар бугунги талабларга жавоб бермай қолди. Тумандаги эскирган 325 та ана шундай уйда яшовчилар шароити ўрганилиб, уларнинг барчаси босқичма-босқич 400 хонадонга мўлжалланган, 4 сотихли ер майдонига эга янги уйларга кўчирилади. Қолаверса, маҳаллада 9,3 километрлик янги электр тармоқларини қуриш, 20,9 километрини реконструкциялаш, 9,0 километр электр тармоқларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Бугунги кунгача бир километрлик электр тармоқлари реконструкциялаштирилиб, 32 та устун демонтаж қилинди.

— Гагарин кўчасида битта замонавий супермаркет ҳамда бир кеча-кундузда 4 минг дона қолипли нон ишлаб чиқариш қувватига эга цех қуриш ишлари лойиҳалаштирилиб, бунинг учун ер майдонлари ажратилди, — дейди Жиззах вилояти архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Эргаш Қўлдошев. — Маҳаллада 15 та тандирхона, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли чорва молларини парваришлаш учун 100 та қорамол ҳамда 100 та қўй боқишга мўлжалланган чорва комплекси бунёд этиш учун ҳам жой ажратилиб, зарур юмушлар бошлаб юборилди.
Қисқаси, дастур ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар қишлоқ аҳолиси турмуш тарзини кескин ўзгартириши, бугунги кунидан завқланиб яшаши, уларда эртанги кунга бўлган ишонч ҳисси янада мустаҳкамланишида катта аҳамиятга эга.
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019