Европа иттифоқи Ўзбекистон ташаббусининг амалий ижросидан мамнун

12:04 26 Июнь 2018 Сиёсат
351 2

Европа иттифоқи БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилиниши муносабати билан баёнот берди.

Евроиттифоқ ҳамда унга аъзо давлатлар номидан баёнотни ЕИнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги делегацияси раҳбари Виктор Дворжак ўқиб эшиттирди. Дипломатнинг сўзларига қараганда, “ушбу резолюциянинг қабул қилиниши Брюсселда мамнуният ила кутиб олинди”.

Баёнотда, хусусан, қуйидагилар қайд этилади:

“Биз Марказий Осиёда кечаётган ижобий жараёнларни қўллаб-қувватлаймиз ва минтақа мамлакатларининг ишончли шериги бўлиб қолмоқдамиз. Европа ҳамда Марказий Осиё давлатлари ҳеч қачон бу даражада яқин бўлмаган эдилар.

Биз мазкур минтақада салмоқли манфаатларга эга бўлганимиз ҳолда у билан ҳамкорликни давом эттириш тарафдоримиз. Биз Марказий Осиёнинг осойишта, фаровон, яшовчан ва ўзаро боғланган иқтисодий ҳамда сиёсий макон сифатида ривожланишига кўмаклашадиган барча саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлаймиз. Келаси йил бошида биз ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини қабул қиламизки, у бизнинг минтақадаги иштирокимизнинг янги даражасини белгилаб беради.

Биз Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларни қўллаб-қувватлаймиз. Биз хавфсизлик, савдо тартибини соддалаштириш, чегараларни бошқариш, сув ресурслари ва атроф-муҳит ҳимояси, барқарор ўзаро боғлиқлик каби масалаларга нисбатан якдил ёндашувнинг ишлаб чиқилиши бўйича тадбирларга кўмаклашишдан мамнунмиз.

Ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда, Европа иттифоқи Марказий Осиё давлатларини Афғонистонда тинчлик ҳамда тараққиёт учун минтақавий шарт-шароитларни яратишда давом этишга чорлайди”.

Эслатиб ўтамиз, юқорида келтирилган Резолюциянинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг амалий ижроси ҳисобланади. Ўшанда Ўзбекистон етакчиси 2017 йил ноябрь ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Марказий Осиё бўйича юқори даражадаги халқаро анжуман ўтказилишини маълум қилиб, унинг якунлари бўйича Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этганди.

Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар