Евробондлар Ўзбекистонга қандай фойда келтиради?

16:32 28 Май 2018 Иқтисодиёт
529 0
Фото: vestifinance.ru

Жорий йил февраль ойида Ўзбекистон ҳукумати етакчи учта агентлик — “Moody's”, “S&P Ratings” ва “Fitch Rating”нинг иккитасидан кредит рейтинги олгандан сўнг халқаро фонд бозорига илк бор евробондларни жойлаштириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Мамлакат молия вазири Жамшид Қўчқоров “Bloomberg” ахборот манбасига шу ҳақида берган интервьюси хусусида он-лайн нашримизда ҳам тўхталиб ўтгандик. 

Евробонд нима ўзи? У давлатга қандай фойда келтиради? 

1. Евробонд нима ўзи?

Еврооблигациялар молиявий “лаҳжа”да евробонд дейилади. Бу эмитент(қимматли қоғозлар ва қоғоз пул чиқариш ҳуқуқига эга бўлган давлат, банк ёки идора) учун хориж валютасида чиқарилган узоқ муддатли қимматбаҳо қоғозлардир. Эмитентнинг ишончлилигини рейтинг агентликлари кузатиб боради. Еврооблигациялар 1 йилдан 40 йилгача бўлган муддатга маблағ ресурсларини олишдан манфаатдор бўлган ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, йирик корпорациялар томонидан чиқарилади. 

Бошқача айтганда, бу қарз мажбурияти бўлиб, муайян вақтда сўнг евробондлар қайта сотиб олиниши керак. “Евро” олд қўшимчаси эса бундай облигациялар 1963 йилда Европада(Италияда) пайдо бўлгани билан боғлиқ. Айни пайтда мазкур анъанавий ном турли бозорларда ва турли валюталарда ҳам бир хилда қўлланилади.   

2. Улар қандай жойлаштирилади?

Еврооблигациялар уни чиқарган мамлакатдан бошқа турли давлатлар молия бозорларига жойлаштирилади. Бу билан андеррайтерлар(кафолатловчилар) халқаро синдикати шуғулланади. Унинг таркибига дунёдаги энг кучли молия институтлари киради. Бу эса мазкур қарз мажбуриятининг молиявий восита сифатидаги ишончлилигини таъминловчи омилдир. Андеррайтерлар, эмитентлар, инвесторлар (суғурта компаниялари, пенсия жамғармалари ва бошқа тузилмалар) Халқаро капитал бозори иштирокчилари уюшмасига бирлашган. Унинг қароргоҳи Швейцариянинг Цюрих шаҳридадир. Аввалига евробондлар очиқ обуна воситасида фонд биржасига жойлаштирилади. Даслабки савдодан сўнг улар иккиламчи бозорга бориб тушади. Бу ерда инвестициявий компаниялар ва бошқа ваколатли молия тузилмалари томонидан сотиб олинади.

3. Евробондларни кимлар ва нима учун сотиб олади?

Евробондларни асосан институционал сармоядорлар: суғурта ва пенсия жамғармалари, инвестиция компаниялари харид қилади. Харидор еврооблигацияни қайта сотиб даромад олиши мумкин. Еврооблигациялар биржа котировкаси, у ёки бу молия бозоридаги талаб ва таклифга қараб даромадлилик кўрсаткичларига эга. Мазкур ликвид воситадан эмитент қарз мажбуриятини узгунга қадар курснинг ўзгаришига қараб доимий фойда олиш имконият мавжуд.

4. Буларнинг барчаси Ўзбекистонга нима учун керак?

Молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳукумат облигацияларни маблағларни жалб этиш учун эмас, балки ўзбек бозори учун бенчмарк яратиш мақсадида жойлаштиришини айтиб ўтганди. Бенчмарк – бу бозорни баҳолаш учун олинган мўлжалдир. Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметовнинг фикрича, мамлакатда иқтисодиёт қайта қурилар экан, ҳокимият аҳоли ўртасида шаклланиб қолган кредитларни қабул қилмаслик стереотипи билан боғлиқ тўсиққа дуч келади. Ҳукумат бундай ҳолатни еврооблигациялар жойлаштириб, шу асосда компаниялар учун кредит ориентирни яратиш асносида бартараф этиш мумкин, деб ҳисоблайди. Хориждан қарз олиш йўли билан ҳукумат маҳаллий компаниялар учун намунага айланади ва уларни ўз бизнесларини кенгайтириш учун маблағларни фаол жалб қилишга ундайди. Т. Ишметов ҳукумат, шунингдек, кўплаб ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши, янги иш ўринлари яратиши лозимлиги, бунинг учун молиялаштиришнинг муқобил манбалари муҳим эканлигини таъкидлайди.

5. Ҳозир нима бўлмоқда?

Шу кунларда “Citigroup” компанияси Ўзбекистон рейтинг олиши учун “йўл харитаси”ни тайёрламоқда. Қайд этиш керак, Рейтингни нашр этиш ва облигацияларни жойлаштириш бўйича охирги қарор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинади. 

“Bloomberg” агентлиги билан суҳбатда Жамшид Қўчқоров эмиссия суммаси 200-300 миллион АҚШ доллари атрофида бўлиши ҳақида айтиб ўтган бўлса, кейинроқ Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Шуҳрат Вафаев эса бу борадаги аниқ рақамлар ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини билдирганди. 

6. Нима ўзгаради?

Мамлакатлар, қоидага кўра, бундай қимматли қоғозларни режалаштирилган ижтимоий ёки иқтисодий лойиҳани амалга ошириш мақсадида чиқаради. Масалан, Тожикистон 2017 йил сентябрь ойида Роғун ГЭСи қурилиши учун илк бор евробондларни жойлаштирган. 

Еврооблигацияларни чиқариш сабаби қанчалик ҳурматга лойиқ кўрилса, эмитентга бўлган ишонч шунчалик юқори ва уларни сотиш шартлари шунчалик фойдали бўлади. Ўзбекистон суверен кредит рейтингини олиш ва евробондларни чиқаришдан олдин иқтисодий ахборотни йиғиш ҳамда тарқатиш тизимини, тегишли норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мувофиқ ҳолга келтириши, иқтисодий тартибга солиш тизимини янада шаффоф ва инвесторлар учун тушунарли қилиши керак. 

Рейтингни олгандан сўнг Ўзбекистон банклари ҳам шу каби рейтингларни қўлга киритиши ҳамда хориждан янада паст ставкаларда маблағлар жалб этиши мумкин бўлади. Бинобарин, корхоналарнинг банк хизматларидан фойдаланиш имкониятлари янада ортади. Ҳам маҳаллий, ҳам халқаро компаниялар учун фонд бозорларида янги истиқболлар очилади. Буларнинг барчаси халқаро капитал бозорига чиқишни янада енгиллаштиради.

Манба: Spot.uz.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар