Euractiv: Шавкат Мирзиёев — етук ва узоқни кўзлайдиган давлат арбоби, ҳақиқий ислоҳотчи

11:48 25 Июль 2018 Сиёсат
302 0

Ўзбекистоннинг дунёга намоён бўлган янги имиджи ва юртимизда кечаётган янгиланишларга хорижий оммавий ахборот воситалари, нуфузли экспертлар, халқаро сиёсий институтлар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда.

Хусусан, Бельгиянинг нуфузли “Euractiv” ахборот-таҳлилий журналида “Ўзбекистон дунёга очилмоқда” номли мақола чоп этилди.

Материал Нидерландиядаги Европа хавфсизлик тадқиқотлари маркази эксперти Жос Бонстра ҳамда Бельгиядаги “Европа қўшничилик Кенгаши” нодавлат “ақл маркази” бўлим бошлиғи Андреас Марацис муаллифлигида ёзилган.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита бошчилигида республикада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Сиёсий очиқлик ва иқтисодий либераллашув жараёнлари натижаси ўлароқ мамлакат туб ўзгаришларга юз тутмоқдаки, мазкур ўзгаришларнинг таъсири Ўзбекистоннинг ўрта ва узоқ келажакдаги истиқболини белгилаб беради.

Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан давлат бошқаруви тизими такомиллашиб бормоқда. Кўплаб сиёсий маҳбуслар озод қилингани, оммавий ахборот воситалари эркинлиги кучайиб, улар фаолиятида “иккинчи нафас” очилгани мақолада алоҳида таъкидланади. Ҳукуматга ёш, замонавий фикрлайдиган мутахассислар жалб қилиниши эса ўзгаришларнинг жадаллиги ва изчиллигини таъминлашга хизмат қилаётир.

“Энг муҳими, барча янгиланишлар ташқаридан бирон таъсир ёки турткисиз, республика раҳбариятининг бевосита ташаббуси ва қатъий иродаси билан амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ўзини замонамизнинг етук ва узоқни кўзлайдиган давлат арбоби, ҳақиқий ислоҳотчи сифатида намоён этаётир”, деб ёзади муаллифлар.

Ўзбекистоннинг янги очиқлик сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан “позитив ишора” сифатида қабул қилинди. Натижада сўнгги вақтларда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг мамлакатга қизиқиши кескин ортиши кузатилаётир. Расмий Тошкент деярли барча соҳада очиқлик ва ҳамкорликка тайёрлигини билдираётир. Қўшни давлатлар билан муносабатларда узоқ йиллар мобайнида сақланиб қолган муаммоларнинг ҳал қилиниши Шавкат Мирзиёев эришган катта ютуқлардан бири бўлди.

Бундан келиб чиққан ҳолда таҳлилчилар Европа иттифоқи Ўзбекистон билан ҳамкорликни жадаллаштириши лозим, деб ҳисоблайди. Бунинг учун қисқа ва ўрта муддатга мўлжалланган ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилиши лозимлиги тавсия қилинади.

Буюк Британиянинг “Reuters” ахборот агентлиги журналистлари юртимизда кечаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб, бу борада кўплаб мақолалар чоп этмоқда. Жумладан, яқинда эълон қилинган материалда мамлакатимиз Марказий Осиёдаги воқеа-ҳодисаларнинг “драйвери”, яъни “ҳаракатлантирувчи кучи” сифатида эътироф этилади.

Ўзбекистондаги иқтисодий модернизация ва либераллашув жараёнлари ҳақида фикр юритар экан, агентлик журналистлари экспорт ҳамда импорт соҳасида кўплаб янгиликлар киритилгани, бу эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар фаолияти учун қўшимча қулайликлар яратганини эслатиб ўтишади. Масалан, кўплаб товарлар импорти учун белгиланган тўсиқ ва тўловлар бекор қилингани, божхона тартибининг соддалаштирилгани алоҳида таъкидланади. Натижада мамлакат бозорининг “рангбаранглашуви” кузатилаётир.

Сўнгги вақтда республикада чет эл компаниялари сезиларли даражада фаоллашди, янги бизнес-субъектлар мамлакатга қизиқиш билдириб, бу ерда яратилган сармоявий муҳитни диққат билан ўрганишмоқда. Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон Россия, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун кўприк вазифасини ўтайди.

Мақолада юртимизда йирик давлат компаниялари монополиясини бекор қилиш ва уларни хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга юксак баҳо берилган. Валюта соҳасининг эркинлашуви эса барча кутган ва ҳамма учун бирдек манфаатли қарор сифатида қайд этилади. Республика хом ашё қазиб чиқаришга эмас, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жабҳасига инвестицияларни жалб қилаётганини таъкидлар экан, “Reuters” бу миллий иқтисодиётни диверсификациялаш учун кўмаклашади, деб ҳисоблайди. Журналистларнинг фикрича, Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан давлат органлари томонидан статистика юритиш тартибининг такомиллаштирилиши мамлакатдаги иқтисодий вазиятни реал баҳолаш ва тўғри қарорлар қабул қилишга имконият яратади.

Республикамиз банк-молия соҳасидаги ўзгаришлар нуфузли “The Diplomat” таҳлилий журналидаги мақола мавзуси бўлди. Муаллиф, иқтисодий таҳлилчи Паоло Сорбеллонинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукуматининг молия соҳасидаги қоидаларни либераллаштириши натижасида республикага чет эл банклари ва молия институтларининг кириб келиши тезлашади.

Жумладан, Қозоғистон банклари Ўзбекистон молия бозорида ишлашга катта қизиқиш билдирмоқда. Республика билан ҳамкорлик қилиш истагини араб давлатларининг ислом-банкинг тамойили асосида ишлайдиган молия институтлари ҳамда Озарбайжон, Грузия, Туркиянинг қатор банклари ҳам билдирмоқда.

Агар шу пайтгача Ўзбекистонда, асосан, маҳаллий банклар фаолият юритган бўлса, энди хорижий ҳамкорлар билан алоқалар жадаллашмоқда. Бунинг сабаби республикада бошланган ислоҳотлар унинг хорижий сармоядорлар учун жозибадорлиги ортишига хизмат қилди.

Яқинда Лондон фонд биржасида Ўзбекистон ўз облигацияларини савдога қўйганини эслатиб ўтар экан, журналист мамлакат изчил тарзда халқаро молия бозорида ўз ўрнини эгаллаб бораётганини таъкидлайди. Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорига ва хорижий банкларнинг Ўзбекистон бозорига кириши молия соҳасида мутлақо янги вазиятнинг юзага келишига сабаб бўлади. Биринчидан, республика банклари учун рақобатчилар пайдо бўлади ва улар ўз фаолиятини ривожлантириш, такомиллаштиришга рағбат юзага келади. Иккинчидан, ўзбек молия институтлари халқаро тажрибани ўрганиш ва жорий қилиш учун қулай имкониятни қўлга киритадилар. Учинчидан эса истиқболда маҳаллий банклар ҳам чет эл бозорларини “ўзлаштиришлари” мумкин бўлади.

Буюк Британиянинг яна бир нашри — “The Independent” газетаси юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хорижлик меҳмонлар учун яратилаётган қулайликларга тўхталади.

Журналист Жоанна Вайтхеднинг ёзишича, Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги имкониятлари республикага виза олиш тартибининг ниҳоятда мураккаблиги туфайли чекланганэди. Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган ўлкага бориш учун хорижликлар ойлаб кутишига, кўплаб ҳужжатларни тўлдиришига тўғри келарди. Бу йўлдаги турли бюрократик тўсиқлар республикага сайёҳлар оқими ортишига тўсқинлик қилиб келган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига кўра, электрон визаларнинг жорий қилиниши, ҳақиқатан ҳам, “инқилобий янгилик” сифатида эътироф этилади. Ушбу ташаббус нафақат республикага кириш тартибини соддалаштиради, балки унинг шаффофлигини таъминлаб, “инсон омили”ни энг қуйи даражага олиб келади.

2017 йил декабрда ва 2018 йил февралда виза тартиби бўйича қарорлар қабул қилинган бўлиб, электрон визаларнинг киритилиши бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. “Энди сайёҳлар Самарқанд, Бухоро, Хиванинг гўзал ва маҳобатли обидаларини бориб кўриш учун ойлаб кутмайдилар. Буюк британияликлар бу борада биринчилардан бўлиб ўзбек заминига отландилар”, дейилади мақолада.
Анвар МИРЗАЕВ
(“Халқ сўзи”) тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар