Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч

17:42 08 Май 2019 Жамият
265 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази ташаббуси билан “Талабалар шаҳарчаси”да 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиори остида акция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Маънавият ва маърифат” маркази масъуллари, Ўзбекистон миллий университети профессор ўқитувчилари, талабалар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган, имони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.

Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган халқимиз ўзининг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон миллий университетининг Бош маъмурий биносига кириш дарвозаси олдида ҳарбий аркестрь садолари остида талабалар иштирокида Ўзбекистон байроғи тасвири туширилган, Ватан ҳимоячиларининг шарафли қаҳрамонликларини ўзида ифодалаган ленталар тақиб қўйилди. “Инсон қадри улуғ – хотира муқаддас” шиори остида хеш тег ўтказилди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига давлатимиз томонидан мукофотлар топшириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш қутлуғ анъанага айланди. Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Акциянинг узвий давоми сифатида “Маънавият ва маърифат” маркази масъуллари ҳамда талабалар иккинчи жаҳон урушидан омон қайтган фахрийлар Юнусобод туманида истиқомат қилувчи профессор Мухтор Расулов ҳамда Олмазор туманидаги Мухаммад Зияев хонадонларига ташриф буюришди. Ўзбекистон миллий университети талабалари уларнинг уруш ҳақидаги ҳикояларини диққат билан тинглашди. Улар ёшларни бугунги дориломон кунлар қадрига етиш, тинч ва осойишта ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга чақирди.

Зебо Нурмонова,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази Матбуот хизмати бўлими бошлиғи


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019