Эътибор ва эъзоздан диллар шод

10:58 04 Май 2018 Жамият
407 0
Фото: Myday.uz

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятидаги барча уруш ҳамда меҳнат фахрийсига юксак эътибор ва рағбат кўрсатилмоқда.

Вилоят ҳокими Шуҳрат ўаниев Марғилон ва Фарғона шаҳридаги бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларига ташриф буюриб, самимий суҳбат жараёнида фахрийларга Президентимиз номидан 5 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда эсдалик совғаларни тантанали равишда топширди.

Фарғона шаҳридаги Машъал маҳалласида яшовчи 92 ёшли Вера Вяльсева уни йўқлаб келган меҳмонларга уруш йилларида Ленинград қамалида бошидан ўтказган қийинчиликларни сўзлаб берди. Ҳар куни, ҳар нафасда давлатимиз, маҳалла фаоллари ва оила аъзоларининг меҳрини ҳис этиб яшаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Фарғона шаҳрининг “Лолазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 193-кўп қаватли уйнинг 41-хонадони ўтган йили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 95 ёшли Қурбон ота Сатторовга совға сифатида берилган эди. Мазкур хонадон ҳамиша меҳмонлар билан гавжум. Шу куни уруш йилларида машҳур бўлган куй-қўшиқлар билан хонадонга ташриф буюрган кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирокида мароқли суҳбат бўлиб ўтди.

— Эътибор ва эъзоздан жудаям миннатдорман, — дейди хонадон соҳиби. — Бундай ҳурмат-иззат туфайли умримизга умр қўшилиб, узоқ яшаяпмиз.

Қўқон шаҳридаги Олой кўчасида яшовчи 96 ёшли Рўзмат ота Рашидов уруш йилларида ҳаво ҳужумидан ҳимоя қўшинлари сафида мардонавор жанг қилган. Кўкси тўла орден-медаллар билан юртга қайтган қаҳрамон 25 йил ички ишлар идораларида самарали фаолият кўрсатди. Турмуш ўртоғи Саломатхон ая Рашидова билан 5 ўғил, 2 қизни тарбиялаб, бугунги кунда набира ва эваралар ардоғида дориламон кунлар шукронаси билан яшамоқда.

— Ёшлигимиз қийинчиликда кечган бўлса, шукрки, кексаликда роҳату фароғат кўраяпмиз, — дейди уруш ва меҳнат фахрийси Рўзмат ота. — Ўтган йили ўғлим ҳамроҳлигида муборак Ҳаж зиёратига бориб келдим, имтиёзли равишда ўзимизда ишлаб чиқарилган янги автомашина сотиб олдик. Давлатимиз раҳбарининг ўтган ойдаги Фармонига кўра, 5 миллион сўмдан пул ажратилгани, ўзимиз урушда қатнашган шаҳарларни бориб кўриш, санаторий-курортларда дам олиш учун имтиёзли йўлланмалар тақдим этилишини эшитиб, ғоят хурсанд бўлдим. Шу кунларга етказганига шукр!

Айни кунларда Фарғона вилоятининг барча ҳудудида уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром тадбирлари давом этмоқда.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар