«Есть қиламиз! Каллами ё салла?» дегувчи мансабдорлардан натижа кутиш аҳмоқлик эмас, ҳатто тентаклик — депутат

15:21 12 Июль 2020 Сиёсат
368 0

Бугун (12 июль) ЎзАда «Жарқўрғонда судьялар омма олдида обрўсизлантирилди, суд ходими эса дўппосланди» сарлавҳали материални ўқиб, тўғриси, таажжубда қолдим. Материални ҳали ўқиб улгурмаганлар учун (дарвоқе, менгача 21 минг одам ўқиганди) воқеанинг қисқа тафсилоти шундай: туман ҳокими, туман ИИБ бошлиғи куппа-кундузи, одамлар кўз ўнгида судьяларни «бир тийин» қилгани етмай, суд ходимига нисбатан ҳақорат ва куч ишлатиб, шахсий телефонини зўрлик ишлатиб олиб қўйиб, вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйган.

Аввалига, қатъий карантин тартибларидан келиб чиқиб, «Бу ерда бошқа гап бўлса-чи? Балки, вазият шунчалик оғирлашишига суд ходимлари ўзлариям сабабчидир?» деган саволлар ҳам туғилди. Аммо, бироқ, лекин... Минг ўйланса ҳам, ўлчанса ҳам, битта ечим-жавоб чиқади — ҚОНУН! Айниқса, давлат ҳокимияти органи раҳбари ва мансабдорлар қонунларга итоат этишда, аввало, ўзлари намуна кўрсатиши керак! Бу вазиятда туман ҳокиминиям, ички ишлар мансабдорлариниям оқлаб бўлмайди. «Есть қиламиз! Каллами ё салла?» дегувчи мансабдорлардан натижа кутиш аҳмоқлик эмас, ҳатто тентаклик. Қонунга итоаткорликни қонунни бузиш ҳисобига амалга ошириш мумкин эмас.

Судья одил судловни амалга ошириш ваколати берилган шахсдир. Қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида барча судьялар бир хил мақомга эга. Бу дегани, Олий судми, вилоят, шаҳар, туман (туманлараро) судлар раислари ва судьяларими бир хил даражадаги дахлсизликка эга.

Бугун биз Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги юқори ўрни учун барча соҳада ҳаракат қиляпмиз. Демак, юриш-туришимиздан тортиб, то хизмат ёки мансаб бурчини сидқидилдан бажаришимизгача ҳаракатларимиз замирида мамлакат обрўси турганини ўйлашимиз керак. Халқаро рейтингларнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири судлар мустақиллиги ва одил судлов учун судьялар дахлсизлигини кафолатлаш эканини айнан Жарқўрғон тумани ҳокими ё ИИБ бошлиғи билмайдиларми? Ҳеч бўлмаса, қўлларидаги блокнотни очиб, Президентнинг одил судлов ва суд мустақиллиги бўйича яқиндагина айтган чақириқлари, даъватларини ўқиб кўрмабдилар-да?

Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 70-моддасида судьялар дахлсизлиги аниқ белгилаб қўйилган: “Судьянинг шахси дахлсиз. Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин”.

Шунингдек, судьянинг хизмат хонаси ёки фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, улардан ашёни олиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, унга тегишли ашёларни олиб қўйиш ёки олишга фақат тегишли прокуратура рухсати ёки суднинг қарори билангина йўл қўйилади.

Жарқўрғондаги каби «саллачи» мансабдорлар кароматидан воз кечмас эканмиз, халқаро рейтинглардан-да муҳимроқ нарсаларга ҳам эришишимиз қийин. Давлат органлари ва мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этишлари шарт. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, уни очиқдан-очиқ менсимаслик каби хатти-ҳаракатлари учун ким бўлишидан қатъий назар қонунга кўра жавобгарликка тортилиши керак.

Умид Жабборов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?