Эскирган матодан қадимий усулда қоғоз ишлаб чиқарувчи 75 ёшли француз ҳунарманди ўзини қийнаб келаётган саволга Бухородан жавоб топди

10:03 12 Март 2020 Жамият
139 0

Бухорода ўтган йилда таниқли халқ амалий устаси, миниатюрачи рассом Даврон Тошев ташаббуси билан қадимий усулда ипак қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.Эътиборлиси,бир миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган “Уста Даврон миниатюра маркази”да иш кластер усулида ташкил қилинган.

Бошқача айтганда, ҳунарманд ва унинг шогирдлари тут кўчати етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва қоғоз тайёрлаш, тайёр қоғозга миниатюра асарларини яратиш билан боғлиқ барча жараённи ўз кучлари билан бажаришмоқда.Тайёр маҳсулот эса сайёҳлар томонидан харид қилинаяпти.

Франциянинг Ангулем шаҳрида истиқомат қилувчи 75 ёшли жаноб Жак Бғежушу марказга келиб ўн кун давомида ўзаро тажриба алмашди.Гап шундаки, бундан уч ойча муқаддам Даврон Тошев Францияда ижодий сафарда бўлиб, унинг иш усули билан яқиндан танишганди.

-Эскирган чойшабдан қадимий усулда қоғоз ишлаб чиқариш билан шуғулланаман,- дейди биз билан суҳбатда Жак Бғежу.- Бу иш билан машғул усталар Европада бармоқ билан санарли даражада оз. Буёғини суриштирсангиз, Ғарб қоғоз ишлаб чиқариш санъатининг илдизи ислом олами маданиятига бориб тақалади. Марказий Осиёдан то Испанияга қадар бўлган минтақани қамраб олган бу ҳудудда қадимда қоғоз ишлаб чиқариш жуда равнақ топган.Европада эса ўтмишда қоғоз ўрнида ҳайвон териси ва папирус ишлатиларди.Ғарбда диний, сиёсий ақидалардан келиб чиққан ҳолда ХII асрга қадар ислом олами маданияти маҳсули саналган қоғоздан фойдаланишмаган.Лекин қоғозга бўлган талаб ошиб боргани, ҳайвон терисининг қимматлиги, ислом маданияти қоғозининг арзонлиги ушбу технологик жараённи ўрганиш заруратини юзага келтирган.Шу тариқа Европада ҳам шу усулда қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Қадимда аждодларингиз зиғир ҳамда канопдан жуда сифатли қоғоз тайёрлаш сир – асрорини билишган.Канопнинг толаси пишиқ.Уни тўғридан тўғри қоғозга айлантириш мушкул.Ундан арқон, қайиқ учун елкан каби жиҳозлар тайёрлашган.Каноп толали мато яроқсиз ҳолга келгандан кейин уни қайта ишлаб қоғозга айлантиришган.Ўқиб – ўрганишларим, 50 йиллик иш тажрибам ортида шундай хулосага келдим.

Франциялик ҳунарманднинг эътироф этишича, Даврон Тошев ва унинг шогирдлари амалга ошираётган иш ўта мураккаб, сермашаққат жараёндир.Биргина тут пўстлоғини керакли ҳолатга келтириш учун неча минг бор тўқмоқ урилади.

-Япониялик бир ҳамкасбим билан бир савол устида саккиз йилдан буён бош қотирардик,- дея давом этади у. –Қадимий ислом маданияти қоғози қандай қилиб шу қадар сифатли тайёрланган, деган саволга Бухорога келиб жавоб топдим.Гап пўстлоқни имкон қадар кўпроқ эзишда экан.Ўзбекистонга келганимдан асло афсусланмайман.Бу ерда жуда кўп нарсани кўрдим, ўргандим.Самарқанд, Бухоро каби қадимий шаҳарларни томоша қилдим.Юртингиздан унутилмас таассуротлар билан кетаяпман.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019