Эскича ишлаш тизимидан қачон воз кечилади?

10:35 31 Июль 2018 Жамият
593 0
Фото: "Халқ сўзи"

Қаердаки қонун устувор бўлса, жиноятчиликка қарши одамларда муросасиз кайфият шаклланса, ўша жамиятда нохуш иллатлар камаяди, тинчлик, осойишталик ҳукм суриб, эзгу ишлар кенг қулоч ёзади. Аҳоли хотиржам ҳаёт кечиради, уларнинг давлатга ишончи ортади. Қолаверса, хорижлик сайёҳлар оқими кўпайиб, инвесторлар маблағ киритишга, бизнесини йўлга қўйишга интилади. Шунинг учун ҳам бу масала ўта долзарбдир.

Айни жиҳатдан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот идораларини ислоҳ қилиш ҳамда уларни ҳақиқий маънода халқчил идорага айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Хўш, натижалар, мавжуд аҳвол қандай? Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идоралари масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу масала атрофлича таҳлил қилинди, хато ва камчиликлар рўй-рост кўрсатилиб, истиқболдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ҳуқуқий асослар яратиляпти, натижа эса...
Ҳар бир соҳада ҳуқуқий асослар муҳим ўрин тутади. Бу борада ўтган давр мобайнида ички ишлар тизимини такомиллаштиришга оид 80 дан зиёд ҳужжатлар қабул қилинди. Шулар асосида моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кадрларни танлаш ва хизматни тўғри ташкил этиш билан боғлиқ қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Масалан, илгари ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида фаолият олиб борган бўлса, ҳозир 35 фоизи идораларда, қолганлари аҳолига яқин бўлиши учун маҳалла фуқаролар йиғинларида ишлаяпти. Лекин амалда натижа қандай?
Афсуски, ушбу саъй-ҳаракатларга қарамасдан, жойларда ҳануз жиноятчиликнинг туб илдизига тўлиқ етиб борилаётгани йўқ. Салбий ҳолатларнинг асл сабаби етарлича ўрганилмаяпти, маҳалла, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида бўлаётган муҳокама ҳамда тадбирлар номига ташкил этилиб, расмиятчиликдан нарига ўтилмаяпти.

“Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деганларидек, мутасадди идоралар ҳисоботига кўра, жиноятлар жорий йилнинг 6 ойида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 39 фоиз камайгани ҳолда, қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик каби жиноятлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда. 
Булар, албатта, ҳар қандай кишини ташвишга солмай қўймайди. 

Аёлни қотилликка нима мажбур қилди?
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари турли юмушлар билан “банд экани” боис низоли, содда қилиб айтганда, жанжалли оилага етиб боролмагандир, аммо маҳалла-кўй, қўни-қўшни ва ҳудуд хавфсизлигига масъул бўлган, хизмат машинаси ҳамда шу жойнинг ўзидан уй берилган ички ишлар органи вакили, яъни профилактика инспектори, наҳотки шу ишдан бехабар бўлса? Буни қандай изоҳлаш мумкин? Аслида аёлни қотилликкача етаклаган оилавий низо кеча ёки бугун пайдо бўлмагани, ойлар ва ҳатто йиллар давомида ривожланиб, ўткирлашиб боргани аниқ. Охир-оқибат фожиа юзага келган. Ваҳолонки, ўз вақтида профилактика чоралари кўрилганда эди, мудҳиш воқеанинг олди олинган бўларди...

Тошкент туманидаги маиший хизмат ва тадбиркорлик коллежи ўқувчиси Маҳлиё (исми ўзгартирилган) ён қўшниси, отаси тенги эркакка пичоқ уриб, унинг ҳаётига зомин бўлганлиги ҳақидаги мақолани газетамиз саҳифаларида эълон қилгандик. Телефондаги ибосиз суҳбатдан сўнг келиб чиққан можаро тасодиф эмаслиги, унинг маълум сабаб ва илдизлари борлиги ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган эди.

Афсуски, аёллар ўртасидаги оғир жиноят, қўлга пичоқ олиш ҳолатлари учраб турибди. Янгийўл туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида ўсиб-улғайган Шаҳноза Нишонбоева ота ҳовлисида бу ерга келган турмуш ўртоғи, Қибрайда яшовчи Раҳимберди Нишонбоевнинг кўкрак қисмига ва ўнг қўлига пичоқ уради. Қўни-қўшнилар куёвни ўлим чангалидан зўрға суғуриб олади. Воқеа тафсилотлари эса жуда оддий. У фарзандлар муаммоси билан боғлиқ. Масала бу қадар мураккаб тус олмаслиги мумкин эди. Уни оддийгина бир суҳбатда ҳам ҳал қилса бўларди-ку...  

Ҳар икки воқеа бирдек мушоҳада қилишга ундайди. Нозик қўллар нега пичоқ тутди? Бу савол таълим-тарбия учун мутасадди бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларини, барчани ўйга солиши лозим. 

Ёшлар ишли бўлса, ёмон йўлга кирмайди
Йиғилишда ёшлар жиноятчилиги камаймаётгани ҳам таъкидланди. Шу йилнинг 6 ойида юртимизда қайд этилган жиноятларнинг 30 фоизида ёшларнинг қўли борлиги ачинарлидир.

Қашқадарё вилояти Косон, Шаҳрисабз ва Деҳқонобод туманларида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ошган. Таълим муассасаларида психологлар фаолияти яхши йўлга қўйилмагани туфайли ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш кўпайиб бормоқда. Кўп ҳолларда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит ўз вақтида ўрганилмаётгани, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёшлар аниқланмаётгани, носоғлом муҳитдаги оилалар билан етарли даражада иш олиб борилмаётгани буларнинг асосий сабабларидан биридир.

Фото: "Халқ сўзи"

Бундай ҳолатни Наманган вилоятида ҳам кузатиш мумкин. Ҳудудда 1 миллион 147 минг нафар киши иш билан банд бўлгани ҳолда, 115 минг нафар фуқаро ҳеч қаерда ишламайди. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Бу ҳолатни вилоят Бандлик бош бошқармаси масъуллари жорий йил давомида қанча меҳнат ярмаркаси ўтказилгани, неча кишининг бандлиги таъминлангани ва коллеж битирувчилари, иш топишда қийналаётган фуқаролар ҳамда меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш доимий эътиборда экани билан изоҳлашга уринди. Аммо сал илгарироқ айтиб ўтилган 115 минг нафар ишсиз фуқаронинг тақдири билан қачон қизиқиб кўрилади? 

Чунки бу жиддий масала. Бирор-бир юмуш этагини тутмаган ёшлар кўп ҳолларда ўзини турли кўчага уриб кўради. Жиноят содир этмаслигига ким кафолат беради? Энди ўйлаб кўринг, республика бўйича ишсизлар сони қанчалиги ҳисобланса, масала чиндан-да ўта жиддийлиги, уни кечиктирмай ҳал этиш зарурлиги ойдинлашади.

Эшитув ва тарғиботлар ҳисобот учун бўлмасин
Жиноят ва ҳуқуқбузарлик оқибатини бартараф этишдан кўра, уларнинг олдини олиш жуда муҳим. Шу боис бу борада мамлакатимизда профилактика ишларига кенг ўрин бериляпти. Масалан, Олий Мажлис Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилмоқда. Бундай эшитувлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида ҳам йўлга қўйилди. Аммо маҳаллий Кенгашлардаги кўплаб эшитувлар номига ўтказилаётгани ҳам бор гап.  

Бундай ҳолатлар жойларда ташкил этилаётган тарғибот-тушунтириш тадбирларида ҳам яққол кўринади. Буни биргина қиёсий мисол билан изоҳлаб кўрамиз. Эътибор беринг: жорий йилнинг 6 ойида ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоатчилик томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳудудларда 16 млн. 315 минг 884 нафар киши иштирокида 23 минг 687 та оммавий тадбир ташкил этилган. Агар республикамизда 9 мингга яқин фуқаролар йиғинлари борлигини инобатга олсак, уларнинг ҳар бирида 2-3 тадан тадбирлар ўтказилган. Бироқ яна ўша гап: натижалар шунга яраша эмас. Булардан келиб чиқадиган хулоса шуки, бундай эшитув ва тарғибот тадбирлари баъзи жойларда бўлганидек, шунчаки ҳисобот учун ўтказилмаслиги зарур.

Малакали кадрлар — ҳал қилувчи куч
Тизим учун билимли, ўз фаолиятига садоқат ва масъулият билан ёндашиб ишлайдиган, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қодир, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи, деб билган кадрларни тайёрлаш ва уларни жойига қўйиш ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири саналади. Бу борада салмоқли ишлар қилинди, лекин ҳали-ҳамон ўз касбига нолойиқ, соҳа ислоҳотларидан мутлақо бехабар кадрлар тез-тез учраб турибди. 

Ички ишлар ходими бўлиш ниҳоятда шарафли. Бироқ юқоридагидек бу касбга доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимдаги ўзгаришлар, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар туб мазмун-моҳиятини англаб етмаган, эскича услуб ва дунёқарашда қолиб кетган Қашқадарё вилояти ички ишлар органларининг бир гуруҳ ходимларига тегишли чоралар кўрилди. 

Хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлган ва қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмаган Қарши тумани ИИБ бошлиғи Ж. Ражабов, Муборак тумани ИИБ бошлиғи С. Шарипов, Косон ва Қарши туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари Н. Қаршиев ва А. Аминов, Шаҳрисабз, ўузор ва Деҳқонобод туманлари ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Қ. Тошмуродов, А. Алиев ва Н. Бозоров, Муборак ва Чироқчи туманлари ИИБ бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари Т. Баҳромов ва Ж. Муродов, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ф. Миршатов, Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Х. Ризакулов ўз лавозимларидан озод этилди.

Айрим ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш борасида ҳам баъзи камчиликларга йўл қўйилган. Қолаверса, баъзи ходимлар тизимда бўлаётган ўзгаришларнинг асл мазмунини ҳали-ҳамон англаб етганларича йўқ.

Ҳар иккинчи маҳаллада...
ИИВ маълумотига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жиноятчилик ҳолатлари жорий йилнинг олти ойида ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан муайян даражада камайган. Аммо ҳудудларда айрим жиноят турлари озайиш ўрнига кўпайиб бораётгани ташвишлидир. Ушбу ҳолат маҳаллалар кесимида олиб кўрилса, вазият чиндан ҳам оғир экани яққол кўринади. Жорий йилнинг 6 ойида мамлакатимиздаги мавжуд 8 минг 986 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 4023 тасида жиноят содир этилмаган. “Жиноят бўлмади”, деган гап балки қулоққа яхши эшитилар. Аммо бу тенг ярмини ҳам ташкил этмайди. Демак, қолган салкам 5 мингга яқин маҳаллаларда жиноятлар бўлган. Бу яна қанча чалкаш тақдирлар, кўз ёшу йўқотишлар, дегани-ку... 

Фото: "Халқ сўзи"

Наманган вилоятида оғир турдаги жиноятлар сони 65,8 фоизга ортган. Косонсой, Наманган, Норин туманлари, Наманган шаҳрида қотиллик, қасддан баданга шикаст етказиш, босқинчилик ҳамда фирибгарлик каби иллатларнинг олдини олиш борасидаги профилактика ишлари самарадорлиги пастлигича қолмоқда. Бугун  вилоятда 770 та маҳалла бўлиб, шундан 383 тасида жиноят содир этилмаган, холос. 

Самарқанд вилоятида ҳам шундай ҳолат кузатилади. Айрим маҳаллаларда уйларга бориб, одамларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, уларда жиноятчиликка муросасиз муносабатни шакллантириш ишлари изчил ташкил этилмагани боис ҳудуддаги 591 ёки ҳар икки маҳалладан биттасида бундай нохуш ҳолатларга йўл қўйилган. Айниқса, Самарқанд шаҳрида 43 та, Пастдарғомда 23 та, Ургутда 14 та, Иштихон ва Пайариқда 13 тадан маҳаллада жиноятлар сони кўпайган. 

Бу ҳолатни жойлардаги раҳбарлар қандай изоҳлайди?
Фаррух Усмонов, Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи: “Дарвоқе, вазият шундай экан, ҳудудда жиноятчилик ўтган йилнинг 6 ойидагига нисбатан 40 фоиз камайгани билан мақтаниб бўлмайди. Эндиликда ҳар бир нотинч оила, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, бева-бечоралар уйига кириб бориб, муаммони биргаликда ҳал қилиш лозим. Уюшмаган ёшлар билан ҳам алоҳида шуғулланиш талаб этилади...” 

Маҳмуд Бобоёров, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши раиси биринчи ўринбосари: “Ночор оилалар, якка-ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдамлар берилмоқда. Барча фуқаролар йиғинларида ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни содир этишга мойил шахслар ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этгани учун профилактик назоратга олинганлар тўғрисида маълумотлар базаси яратилган бўлиб, ҳар ой янгиланиб борилмоқда”.

Бизнинг изоҳ: Агар бундан кейин ҳам ҳисоботлардан, уни қилиш ва буни бажариш лозим, деган қуруқ фикрлардан қочилмас ҳамда уларнинг ўрнига жиддий амалий ишларга киришилмас экан, жиноятчиликнинг камайишига эришиб бўлмайди. 

Ўз жонига қасд қилиш — омонатга  хиёнат
Навоий вилоятида жорий йилнинг ўтган олти ойида ўз жонига қасд қилиш ёки суицид ҳолатлари 95 тани ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 16 та кўп. Уларнинг ўн нафарини вояга етмаганлар, 44 нафарини аёллар ташкил этади. Буни кимдир руҳий хасталик, кимдир ёшлик қизиққонлиги, яна биров қисматга йўймоқда. Аммо бир нарса аниқ, бу ҳолатлар ортида инсон тақдири турибди.

Шундай веқеалардан бири Қизилтепа туманида содир бўлган. Қайнона, қайнсингиллар ва эрнинг қўпол муомаласига чидолмаган келин жонига қасд қилиб, ёруғ оламни тарк этди. Айбдорлар қилмишига яраша жазосини олди, маҳалла фаоллари, қариндошларнинг юзи шувут бўлди. Икки норасида гўдакни чирқиратиб, гулдек умрини хазон қилган марҳумага бундан не фойда? 

— Машаққатга дуч келганда уни енгиш киши руҳини тоблайди, — дейди  фалсафа фанлари доктори Нигора Сафарова. — Инсон ҳаёти бир маромда  кечмаслиги, табиий. Бунга инсоният тарихидан юзлаб мисолларни келтириш мумкин. Ўтган асрнинг ўзига разм солсак, ота-боболаримиз собиқ тузумнинг қанчадан-қанча уқубатларини бошдан кечирмади, дейсиз? Шундай бўлса-да, матонат билан барчасини енгиб ўтди. Ана шу курашувчанлик уларни бугунги дориламон кунларга олиб чиқди. Агар аёл диний ва миллий  қадриятларимиз хусусида жиллақурса муайян даражада тасаввурга эга бўлганида эди, бундай хатони қилмасди. Эътибор қилинг-а, донишмандлар бизга қандай ўгит берган: “Агар ишинг юришмаса, ҳаракат қил, яна юришмаса, кўпроқ ҳаракат қил, барибир юришмаса, унда сен учун бир йўл қолади, у ҳам бўлса ҳаракатдир”. Дунёдан бош ол ёхуд жонингга қасд қил, дейилмаяпти, аксинча, ҳаракат қилиш тавсия этилмоқда. Мана бизнинг асл миллий қадриятларимиз. Шуларга амал қилган инсон ҳеч қачон ютқазмайди, кам бўлмайди.
Яратган бизга жонимизни, умримизни омонат қилиб берган, демак, бунга хиёнат қилишга ҳаққимиз йўқ...

Фирибгарликнинг умри қисқа
Халқимизда бировларнинг молига кўз олайтириш, ҳаромдан ейиш гуноҳи азим саналган. Бироқ кейинги даврларда бу ёдимиздан кўтарилмоқда ёки биз атай эсдан чиқаряпмиз. Йўқса, бошқаларнинг мол-мулкини алдов йўли билан ўзлаштириш, яъни фирибгарлик жинояти авж олмасди. Яқинда Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан фирибгарлик билан шуғулланиб келган бир гуруҳ жиноятчилар ноқонуний фаолиятига оид тергов-суриштирув иши якунига етказилди. 

Маълум бўлишича, ушбу шахслар фирибгарликдан ташқари, зўравонлик ва транспорт воситаларини олиб қочиш билан шуғулланган.
Улар озиқ-овқат ҳамда маиший техника савдоси билан шуғулланувчи бир нечта тадбиркорни ойлар давомида алдаб келган. Яъни тадбиркорлардан катта миқдордаги турли товар ва маҳсулотларни сотиб бериш учун олади. Сўнг улар аввалига ишончга кириш учун ўзлаштирилган маҳсулотларни ўз баҳосидан арзон нархда сотиб, пулнинг бир қисмини товар эгасига қайтарган. Ундан кейин бошқа тадбиркорга тўр қуришади. Жабрланганлардан ҳеч бири ички ишлар органига мурожаат қилмаган. Сабаби оддий. Фирибгарлар вақти-вақти билан уларга пулнинг бир қисмини бериб турган. Натижада эса тадбиркорлар ҳеч қандай шубҳага бормайди.

Кейинчалик улар бундан-да оғирроқ жиноятга қўл уради. Тадбиркорни иш юзасидан учрашувга чақириб, уни зўравонлик билан автомобиль салонига ўтқазадилар. Жиноятчилардан бири эса машина бошқарувини ўз қўлига олади ва номаълум томонга йўл олади. Жабрланувчи вазиятдан фойдаланиб уловдан тушиб қолишни уддалайди. Кейин нима бўлди, дерсиз. Тутқич бермай келаётган фирибгарлар манзилига етиб келди.
Ушбу гуруҳ томонидан 13 нафар тадбиркорга келтирилган зарар миқдори 400 миллион сўмни ташкил этиши аниқланди.
Ҳозирги вақтда иш судда кўриб чиқиляпти.

"Муаммонинг илдизи қаерда?
Мамлакатимизда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб келмоқда. Президентимиз ўз сайловолди учрашувлариданоқ инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятчига адолатли жазо тайин қилиш, унинг беғараз бўлишига катта эътибор қаратиб келяпти. Ўтган йили судьялар билан очиқ мулоқотларида ҳам ушбу масалага тўхталиб, “Нима учун республикамизда жиноятчилик кўпаймоқда, унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш оқсаяпти?”, деган ўткир масалани ўртага ташлаб, зарур кўрсатмалар берган эди.

Мана, орадан ўтган бир йил давомида жиноятчилик камайгани, лекин бу бизни ва халқимизни қаноатлантирмаслиги давлатимиз раҳбари раислигидаги видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди. 

Хўш, жиноятнинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Ҳеч бир инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди, жиноятчилар осмондан тушаётгани йўқ. Улар орамиздан, маҳалламиздан чиқяпти. Ҳатто ака-ука, қариндош, ота-болалар ўртасида жиноятлар содир бўлмоқда. Маҳаллада хотин-қизлар, нуронийлар ҳамда ёшлар билан ишлайдиган фаоллар бор, лекин улар тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда ишламаётгани туфайли ижобий натижаларга эришолмаяпмиз. 

Авваллари талончилик, ўғрилик каби жиноятлар, асосан, кечаси содир бўлган. Нимага? Тажрибамдан маълумки, жиноятни чироқ йўқ жойда содир этиш қонунбузарга шароит яратган. Ишни мана шу жиҳатларни инобатга олиб йўлга қўйиш айни муддао. Шу асосда профилактика инспекторларининг масъулиятини оширамиз. Кейин у маҳаллага бегона одам кириб қолса тезда билади. Нима учун келди, қаердан келди, қанча туради каби саволларга жавоб топади. 

Аслида, фикри заифлар жиноят содир этади. Пул топиш учун ўғрилик ё жиноят қилиш шарт эмас. Ҳалол меҳнат орқасидан ҳам пул топиш мумкин. Хотин-қизлар ўртасидаги жиноят, бу — бизга уят! Ўзини ўзи ўлдиришлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Бу ҳам катта иснод. Бу масалаларга маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, фаоллар, кенг жамоатчилик эътиборли бўлишимиз зарур. Кўчада бақир-чақир қилаётган одамни тўхтатиб, унга танбеҳ беришни қачон ўрганамиз? Индамай қўйсак, у эртага катта жанжални, унинг ортидан жиноятни олиб келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. 
Дейлик, бир чумолини босиб ўтган одам қалбида қандайдир раҳмсизлик ниш отади. У эртага бировга қўл кўтариш, ота-онасига гап қайтариш, кейин-кейин эса жиноят содир этишдан ҳам қўрқмай қолиши мумкин. Ёки ўғрилик ҳақида айтадиган бўлсак, болаларимиз боғчадан бирорта ўйинчоқни уйга олиб келса, сўраб-суриштириш бурчимиз. Боғчага олиб бориб, устозидан кечирим сўратсак, у бошқа бундай ишга қўл урмайди. Буни ким қилади? Ҳар бир ота-она, яъни сиз ва биз...

Судьяларнинг бу борадаги ўрни хусусида гапирганда, судлар ҳудуддаги жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатни кенг таҳлил қилиб, тегишли раҳбарларга тақдим қилиш амалиётини йўлга қўйсак, ишимиз янада самарали бўлади. Ана шунда “Нега бундай бўлди?” деган саволга жавоб топишимиз осон кечади. 

Президентимиз куйиниб гапирганидек, айрим жиноятлар бизнинг миллий менталитетимизга умуман тўғри келмайди. Бунга ким айбдор, албатта, айбни ўзимиздан қидиришни ўрганишимиз зарур. Шунда биз ва сиз кутаётган натижага эришамиз.
Убайдулла МИНГБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар 
олий кенгаши раиси."

Умуман, бугун юртимизда Президентимиз томонидан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, халқимизда бундай нохуш ҳолатга нисбатан муросасиз кайфиятни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Зеро, биз одатий қараш ва тутумлардан воз кечиб, олис бир қишлоқда бўлган жиноятни ҳам ўзимиз ва фарзандларимиз келажагига, мамлакатимизнинг эртасига бевосита салбий таъсир кўрсатувчи мудҳиш воқеа сифатида қарашни ўргансак, ана шунда жиноятчилик илдизига болта урган бўламиз.
«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар