Эски тузумдаги фикрлашдан қутулганимиз йўқ

14:37 02 Март 2020 Жамият
121 0

Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов билан суҳбатимиз юртимизда кино, театр санъати эришаётган муваффақиятлар билан бир қаторда, айрим муаммолар, келажакда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар умуман, у кишининг бетакрор роллари, ижод машаққатлари ҳақида кечди.  

 Афзал ака, санъат майдонидаги қийинчиликларни енгиб, шу кунларга етиб келишингиз осон бўлмагандир...

– Болалигим мустабид даврининг аянчли кунларига тўғри келган. Хизматчи оиласида туғилганман. Оиламиз моддий жиҳатдан тўкин-сочин эмасди. Уйда егулик ҳеч вақо йўқлигидан, онам раҳматли куну тун дўппи тикарди. Онамга кўмаклашиш мақсадида бола бўлсам-да, дўппи тикишга ёрдам берардим. Ҳеч қачон меҳнатдан қочмаганман. Файласуфлардан бири “Меҳнатсиз ҳаёт ўғирлик, санъатсиз ҳаёт – ваҳшилик”, деганидек оиламизда санъаткор бўлмаса-да, адабиёт, санъат ҳар доим эъзозланган. Бошланғич таълимни рус тилида олганим учун Толстой, Достоевский, Пушкин, Лермонтов, Тургенев асарларини ўқиганман. Ўзбек адабиётидан бироз узоқ эдим. Санъат билан чинакам шуғуллангандан кейин Алишер Навоий, Бобур, Фузулий, Муқимий, Фурқат ижодига дуч келдим. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини 17 ёшимда ўқиганман. Менимча, бу жуда кеч. У пайтда давр шунақа эди. Халқимиз ўз тарихи билан боғлаб турувчи илдизлардан узилганди. Ҳатто Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳақида китоблардан бир сатр тополмасдик. Санъат ўзбеклигим, томиримда буюк аждодлар қони оқаётганлиги, миллий маданиятимиз юксалишига хизмат қилишим кераклигини англатди. Бу ҳам тақдирнинг бир инъоми бўлса керак.

– Юртимизда шундай ёрқин истеъдодли актёрлар борки, уларнинг маҳорати ва ижро этган роллари ибратли. Элимиз соҳир овозингиз орқали танийди. Балки бу дубляж соҳасига яқинлигингиз туфайлидир...

– Дубляж – машаққатли меҳнат. Энг қийин касблардан бири, деб ўйлайман. Буни улуғ устозларим кўмагида илк бор шу соҳага кириб келганимда англаганман. Аввал оммавий саҳналарда қатнашганман, кейин бир-икки сўзли эпизодларга овоз берганман. То бош ролга овоз беришим учун орадан олти-етти йил ўтиб кетган. Ўзбек дубляжини яратган Илёс Ёқубов, Софа Имомқулова, Эсон Каримов, Собит Саидов ва бошқа режиссёрлар овоз танлашда моҳир эди. Улар танлаган овоз экрандаги қаҳрамонларнинг ҳам ботинан, ҳам зоҳиран дунёсига мос тушарди. Дубляжда бу энг муҳим жараён ҳисобланади.

  • Ҳақиқий дубляж актёри қандай бўлиши керак. Ҳақиқий актёр-чи?

– Ҳақиқий дубляж актёри биринчи навбатда маҳоратли артист бўлиши керак. Ижобий ва салбий образга овоз бераётганда қаҳрамонига айлансагина, муваффақият қозонади. Актёр баъзан руҳиятига тескари образни ҳам ярата олиши керак. Масалан, салбийобраз аслида қандай бўлса –айёр, узоқни кўра оладиган, уддабурон, эпчил, маккор ва кучли қилиб кўрсатишга тўғри келади. Ўзингда йўқ хислатларга дуч келиш бир томондан қизиқарли. Асосийси, томошабинни ишонтира олиш.Мен “Марина Клара” сериалидаги эркакларга бир ўзим овоз берганман. Сериал экранда намойиш этилганда устозим Баҳодир Йўлдошев: “Санъатда сизлардек актёрлар борлигидан фахрланаман”, деганди. Ҳамкасбим Хожакбар Нурматов ҳам илиқ фикр билдирган. Демак, мен ишимни баҳолиқудрат уддалаяпман. Ҳамкасблар эътирофи бу – жуда катта гап!

Аммо кино санъати менга “буюрмаган” экан. Ташқи кўринишим миллий эмаслиги учун фаолиятим бошида муаммо туғдирди. Театрда менга Ғофур ёки Йўлчи эмас, Виктор Александров сингари рус қаҳрамонлари ролларини беришарди. Шундан миллий образ яратиш насиб этмаса керак, деган хаёлда театрни бутунлай ташлаб кетмоқчи ҳам бўлганман. Лекин 1991 йилда Алишер Навоий образини яратиш бахтига муяссар бўлдим. Навоий ролини ижро этгач, ўзимни қайта туғилгандек сездим.

 Ҳар бир актёр кўнглидаги роль келишини йиллаб, керак бўлса, бутун умр кутади. Ўзингизни тўлақонли намоён қилишга эришган образ ҳақида тўхталсангиз?

– Ўзимни актёр сифатида қўлимдан у-бу нарса келишини намоён этган роллар – Алишер Навоий образи ҳамда В. Василевнинг “Рўйхатларда йўқ” спектаклидаги бош қаҳрамон образи.

  • Сиз кўрган устозларнинг талаби, жонкуярлиги қай даражада эди?

 Халқимизда “Яхши бузоқ икки онани эмади”, деган нақл бор. Театр саҳнасида ўз ўрнимни топишим учун менга раҳнамолик қилган устозлар кўп бўлган. Маннон Уйғур номидаги санъат институтида сиртдан ўқиб, Миллий академик драма театрида амалиёт ўтаганман. У пайтлар машҳур актёрлар – Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Қудрат Хўжаев сингари санъаткорларнинг айни кучга тўлган, гуллаган пайти эди. Уларнинг салобатлари бизни ҳайратга соларди. Устозлар роль ижро этаётган жараёнларини қунт ва мароқ билан кузатардик. Бахтимга уларнинг барчаси юксак даражадаги санъаткор бўлишган.

– Кейинги пайтда ўзбек дубляж санъати дунёга чиқмоқда. Бу албатта, ана шу соҳада хизмат қилаётганларнинг меҳнати шарофати эмасми?

– Азалдан “Ўзбектелефильм” студиясида дубляж қилинган кино асарлар чет элларда ўтказилган кино фестивалларда нуфузли ўринни эгаллаб, юқори баҳоланган. Бугун ҳам муваффақиятлар бору аммо ҳозирги пайтда биз ана шу чўққига ета олмаяпмиз. Очиғи, ҳозир ҳақиқий дубляж йўқ. Агар эътибор берсангиз, ўзбек тилига ўгирилган кино асарлар остидан асл қаҳрамонлар овози эшитилиб туради. Буни дубляж эмас, кадр ортидан синхром таржима, дейилади. Соф таржималар учун бизда ҳали имконият яратилмаган. Илгари дубляж қилинган фильмларда тасвир, мусиқа, шовқинлар, актёрлар овози ёзилган кино ленталар алоҳида сақланарди ва алоҳида ёзиларди. Кейин дубляж қилинган фильмлар фақат ўзбекчада эшитиларди. Бугун хориж сериаллари эфирга узатилганда Ўзбекистон телерадиоканалида дубляж қилинди эмас, балки ўзбек тилига ўгрилди, дейилса ўринлироқ бўлади...

– Матуботда бугун экранлаштирилаётган ўзбек фильмлари, саҳналаштирилаётган спектакллар ҳақида танқидий фикрлар билдирилмоқда.Актёр сифатида бунга нима дейсиз?

– Бугунги фильмлар, спектакллар ҳақида ранжиб гапирилаяптими, демак, бунинг сабаби бор, албатта. Чунки кучли характерларни кўрсатувчи фильмларимиз йўқ. Кино бозорида кўпсўзлик, қайтариқлар кўп ва сиқаси чиққан жўн фильмлар урчиб кетяпти. Халқимиз буни ҳазм қилолмаяпти. Ҳақиқий санъат томошабинни ортидан эргаштириб кетиши эмас, балки томошабиндан бир қадам олдинда юриши лозим. Кинотеатрларда “шахс – инсон” тушунчасини чуқур очиб берадиган, бугунги давр руҳи, ўй-фикрини тарих билан қиёслай оладиган, чинакам кечинмалар акс этган фильмлар намойиш этилса, кимга маъқул бўлмайди, дейсиз.

Томошабинлар орасида кам ўқийдиган, лекин кино, театрга тез-тез борадиган, бўш вақтида телевизор қаршисида ўтириб телеспектакллар кўрадиган одамлар бор. Улар учун адабиётни билмаслик ҳеч қандай фожиа бўлмаслиги, бугуннинг нафаси, муаммоларидан четда қолаётгани сезилмаслиги мумкин. Аммо баъзилар телеэкрандаги сериаллар, саргузашт, детектив фильмларни кўриб, ўзларича дунёни идрок этади. Мана, бу – фожиа.

Бугун мустабид тузум давридаги такрорланавериб сийқаси чиққан жумлаларнинг таъсир кучи қолмади. Биз яратган образлар шаклан миллий бўлса ҳам мазмунан ўша давр ғояларига хизмат қиларди. Ҳозир замон ўзгарди. Энди бошқа услубда ижод қилиш лозим. Энди ижро этаётган ролларимиз ҳам шаклан, ҳам мазмунан миллий. Янги шариотга мослашиш учун вақт керак. Томошабинлар қалбида чуқур из қолдириш учун янги авлоднинг куч-ғайрати, туб ўзгаришлари керак. Биз ҳозир мураккаб жараённи бошдан кечираяпмиз. Буни санъаткорлар ҳам, томошабинлар ҳам тўғри англаб етишлари зарур.

  • Бизда сценарийлар, пьесалар бирмунча бўш...
  • Саволингизга тушундим.Ҳа, яхши дўст топиш Яратганнинг инояти бўлса керак. Дўстлик – улуғ ришта. Ҳаётимнинг тушкун пайтларида кўнглимни кўтарадиган ҳамкасблар, улфатларим бор. Ҳақиқий дўстим эса йўқ. Аммо ҳамма ҳавас қиладиган оилам бор. 3 ўғлим, 5 та набирам бор. Кенжа ўғлим Сарваржон санъат йўлини танлаган. Қолганлари бошқа касбда.

– Тўғри, театр зарур миқдорда муносиб пьесалар олмаяпти. Ўйлаб кўрсам, ўша пайтлари ҳам яхши драматурглар асарларининг саҳнага кўчирилиши жуда кам ҳодиса бўлган. Ҳатто Комил Яшин, Уйғун, Иззат Султон асарлари ҳам саҳналаштирилгачгина пьесага айланган. Ҳозир ҳам пьесалар қўйилаяпти, ўйналаяпти– айримлари узоқ “умр” кўрса, айримлари кам “яшаяпти”. Лекин бугун кино ва театрнинг дунёда юз бераётган воқеалар, халқнинг орзу-умидлари, ўй-фикрлари нима билан банд эканини ифодаловчи йирик ва теран сценарийларга эҳтиёж сезилади. Бу албатта, санъат ва адабиётнинг ҳам катта муаммоларидан бири.

 Ҳозир хусусий студиялар томонидан хориж фильмлари ҳажвий усулда ўзбекчалаштирилиб халқимизга тақдим этиляпти. Бунга муносабатингиз қандай?

Асли моҳиятан миллий бўлмаган фильмларни ўзбекчалаштиришга уриниш кутилган натижани бермайди. Трагедиянинг мавзуси бир хил бўлиши мумкин, лекин комедия жанрининг миллати бўлак. У руҳан миллий бўлиши шарт. Хусусий киностудияларда миллийлигимизга раҳна солаётган ва шу орқали яхшигина пул топаётган “тадбиркор”лар, прокатчиларни тартибга солиш зарур. Бу бизнинг дунё билан маданият соҳасидаги алоқаларимизга ҳам салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Кейин бундай фильмларга кўпроқ ёшларнинг қизиқиши ортиши мумкин, лекин барибир қабул қилиш қийин.

 Ўзбек кино ва театр санъатининг ривожланиши учун яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Cанъатимиз мураккаб жараённи бошдан кечираяпти. Эски тузумдаги фикрлашдан, мезонлардан тўлалигича қутула олганимизча йўқ. Хусусий кино студияларда олинган савиясиз фильмлар бозорни эгаллаб олди. Бу яхши актёрлар фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Биз бу муаммоларга маънавиятли, зукко томошабинларни тарбиялаб ечим топишимиз мумкин. Юртимизда истеъдодли санъаткорлар кўп. Улар вақти келиб шундай киноасарлар яратишадики, бугунги санъатимизда кечаётган салбий жараёнларни оқлаб кетишига ишонаман.

 Инсон ҳаётида дўст ва душман кимлиги йиллар синовида билинади. Баъзи одамнинг биттаям дўсти бўлмаслиги мумкин...

Адиба УМИРОВА,
суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019