Эски ҳаммом, эски тос ёхуд Бўзсув каналининг аянчли аҳволи нима учун эътибордан четда қолмоқда?

16:00 17 Июль 2018 Жамият
436 1

“Халқ сўзи” назоратида

“Халқ сўзи” газетасининг жорий йил 19 апрель сонида “Сувнинг уволи ёмон” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Бўзсув канали сувининг тозалигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланиб, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик эътиборини канал суви билан экологик вазиятни оғир аҳволга олиб келаётган омилларни бартараф этишга қаратилганди.

Мақола чоп этилганидан сўнг тезкорлик билан Тошкент вилояти ҳокими Ғ. Ибрагимов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, кўтарилган муаммолар муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Бу ҳақдаги ахборот газетамизнинг шу йил 25 апрель сонида эълон қилинди.

Мана, орадан икки ойдан зиёд вақт ўтди. Хўш, муаммо газетада кўтарилгандан сўнг нима ўзгарди?

Шу кунга қадар Бўзсув канали соҳилларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси таъминландими? Каналга бевосита ёки билвосита масъул бўлган 10 га яқин ташкилотлар томонидан ҳудудда қандай ишлар амалга оширилди-ю, яна нималар эътибордан четда қолиб кетмоқда?

Бу саволларга таҳририятимизга манфаатдор ташкилотлардан келган хатлар орқали ойдинлик киритиб ўтамиз. Лекин ундан аввал қилинган ишлардан эмас, балки ўзимиз бориб кўрган ва билганларимиз, яъни ҳали-ҳануз бажарилмай келаётган юмушлардан, аҳолини ташвишлантираётган муаммолардан бошласак, тўғри бўлади.

Раҳбарлар хат ёзиш билан овора
Афсуски, ноқонуний қурилмаларни олиб ташлашга умуман қўл урилгани йўқ. Ҳали-ҳамон 158 та. Улар каналнинг чуқурлиги ва кенглигини сақлаш, ифлосланиш ҳамда фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, қирғоқ ҳудудларини ободонлаштириш ишларига халақит бераётганлиги, қирғоқни ювиш билан боғлиқ юзага келган вазиятни таҳлил қилишга тўсиқ бўлаётганлиги ҳам бор гап.

Муҳофаза ҳудуди, аввало, дамба вазифасини бажаради. Таажжубки, бу ҳудуд қонунга зид равишда ўзлаштириб олинган. Табиийки, бу жойлар мутлақо эътибордан четда қолмоқда. Кўп йиллик дарахтларнинг илдизи чириши, кемирувчиларнинг ҳаёт тарзи, тупроқ эрозияси ва шу кабилар сув йўналишининг ўзгаришига, унинг тошиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис қирғоқларнинг турли хил қурилишлардан холи бўлиши, ободонлаштирилиши ва кўкаламзорлаштирилиши, хусусан, патак илдизли дарахтларнинг экилиши мавжуд муаммоларнинг олдини олишини ҳамма билади. Лекин билса-да, бу ишлар амалга оширилмаяпти.

Бунинг ўрнига мутасадди ташкилотлар бир-бирларига хат ёзишиб, ўзлариникини унутиб, ҳамкорларининг вазифасини эслатиш, содда қилиб айтганда, ҳозирча қуриб, сув сатҳига қулаган ёки сувга йиқилган дарахтларни кесиш учун рухсат олиш билан овора.

Каналнинг Қибрай тумани ҳудудидан оқиб ўтадиган қисмида сувга эгилган дарахтлардан тозалаш ишлари ҳам ўлда-жўлда. Экин суғорилганидан кейинги оқова сувлар ҳануз каналга бориб қўшилиб, хунук манзара ҳосил қилмоқда.

Сув таҳлиллари деярли бир хил: истеъмолга яроқли. Аммо Бўзсув каналидан ажралиб чиқадиган Жўн канали атрофида яшаётган янгийўлликларнинг гапини эшитиб, ажабланасан киши.

— Авваллари ҳамқишлоқларимиз Жўн канали сувини истеъмол қиларди, — дейди Янгийўл туманидаги “Чангтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қобил Эрматов. — Каналга тушаётган чиқинди ва оқовалар шу қадар кўпайдики, эндиликда ариқлардаги қурбақалар йўқ бўлиб кетди.

Бу ҳолат янгийўлликларни ташвишлантираётгани аччиқ бўлса-да, ҳақиқат. Улар қурбақалар сув тозалигини аниқловчи табиий барометр эканлигини яхши билишади. Қурбақаларни йўқотган сифатсиз сув эртага экинлар ривожига ўз таъсирини кўрсатмаслигига ким кафолат бера олади?

Энг ёмони, айрим корхона раҳбарлари каналга оқизаётган оқоваларни кўрсатмасликка ҳаракат қилишяпти. Жумладан, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг Чирчиқ шаҳрида жойлашган корхонаси раҳбари Илҳом Асадов Бўзсув каналига ташланаётган оқова сувдан намуналар олиш учун келган Тошкент шаҳар аҳолисини тоза сув билан таъминлайдиган “Сувсоз” давлат унитар корхонаси мутахассисларига рухсат бермади. Бунинг учун жамият раҳбаридан рухсат олиш лозим эмиш.

Мана сизга яна битта хат: у ёзилди, навбат унинг жавобини кутишга. Вақт эса ўтиб боряпти.

Саъй-ҳаракатлар бошланди, аммо...
Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан келган мактубдан маълум бўлишича, мақола чоп этилгандан кейин “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ёрдамида қирғоқ бўйлари чиқиндилардан тозаланган. Канал яқинида жойлашган 250 дан ортиқ хонадонларда суҳбатлар ўтказилиб, уларга чиқиндиларни қирғоққа ташламаслик ҳақида огоҳлантириш хатлари берилди.

Бўзсув каналининг вилоят ҳудудидан ўтадиган қисмидан таҳлиллар учун намуналар олиниб, канал сувининг ифлосланиш даражаси мунтазам равишда мониторинг қилинмоқда. Каналнинг муҳофаза минтақасини белгилаш бўйича вилоят ҳокимининг қарори лойиҳаси тайёрланди.

Бошқарма ходимлари томонидан ўтказилган хатлов натижасида Бўзсув каналининг Чирчиқ шаҳридан оқиб ўтувчи қисмида 150 дан ортиқ, Қибрай тумани ҳудудида180 дан ортиқ объектлар жойлашганлиги аниқланди. Сувнинг муҳофаза минтақасидаги ноқонуний қурилмаларни, жумладан, тапчан, дала-ҳовли, бостирма, молхона, қўйхона, товуқхона, ҳожатхона ва бошқа иншоотларни бузиш ёхуд оқова сувларни каналга туширмаслик бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси таъминланмоқда.

Эътибор берсангиз, бу ерда аниқ бажарилган ишнинг ўзи йўқ. Қилинганидан қилинмагани кўпроқ. Бошқача айтганда, “қилинмоқда”, “таъминланмоқда”, “аниқланди” каби мавҳум жумлалардан нарига ўтилмаган. Хўш, бундай қуруқ гаплар билан биз кимни алдаяпмиз ва кимга наф келтиряпмиз? Камчиликларни тез ва сифатли амалга ошириш учун яна нима қилиш керак?

— Мақолада кўтарилган масалага шунчаки қараб бўлмайди, — дейди Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходими Насима Аҳмедова. — Аввало, муаммоларни бартараф қилиш бўйича мутасадди ташкилотлар бошини қовуштирадиган махсус ишчи гуруҳи тузилиши, унга туман ҳокимликлари бош-қош бўлиши мақсадга мувофиқ. Унинг таркибига манфаатдор идоралар билан бирга, маҳаллий Кенгаш депутатлари, жамоат ташкилотлари, фаолларни киритиш лозим. Шунда сизу биз ўйлагандек, ишда ўзгариш бўлади, камчиликлар тўлиқ ва муддатида бартараф этилиши мумкин.

Навбатдаги хат Тошкент вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати марказига тааллуқли. Унда, жумладан, шундай дейилади: Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосланган ҳолда очиқ сув ҳавзаларига салбий экологик таъсирни бартараф этишга қаратилган тадбирларни амалга оширишдаги бевосита иштирокчилар — Тошкент вилояти “Чирчиқ — Оҳангарон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига хат юборилди.

Вилоят ҳудудидан оқиб ўтувчи очиқ сув ҳавзаларининг суви ўрнатилган тартибда мунтазам равишда бактериологик ва кимёвий кўрсаткичлар бўйича лаборатория назорати олиб борилмоқда. Шунингдек, хатга Қибрай тумани ҳокими томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар ҳам илова қилинган.

Ана холос. Муаммонинг кўтарилганига 2 ойдан ошди-ю, аммо ҳалигача ўртада хатлар сарсон, расмиятчилик авжида. Камчиликларни хат ҳал қиладигандек, гўё. Бунинг таърифини келтиришга ҳожат ҳам йўқ...

Муаммонинг ечими муҳим
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси бу масалага қандай изоҳ беради? Маълум қилишларича, мақолада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ишда йўл қўйилган кам-чиликлар учун назоратчи Р. Нурмаматов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди, бош муҳандис Н. Жўраевга интизомий жазо берилди.

Канал ёқасидаги 9 туп дарахт кесиб ташланди, 270 метр масофадаги чакалакзорлар тозаланди. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг канал бўйида жойлашган корхонасига соҳилни чакалак ва буталардан, қаровсиз дарахтлардан тозалаш бўйича хат берилди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига сув йўналишига халақит бераётган дарахтларни кесишга рухсат сўраб хат юборилди. Ноқонуний қурилиш қилган 47 та хонадон эгалари тегишли равишда огоҳлантирилди.

Бунисига нима дейсиз? Ортиқча қоғозбозлик, расмиятчиликлар нима учун керак? Кимга фойда-ю, кимга зарар? Фойдасини билмадигу лекин зарари аниқ: атроф-муҳит ифлосланади, экологияга таъсир қилади... Келиб чиқадиган салбий оқибатларни яна кўп давом эттириш мумкин.

— Куни кеча Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан канал қирғоғида кўп кишилик ҳашар уюштирилди, — дейди “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси Гидротехника иншоотлари (ГТИ) бўлими мастери Шуҳрат Раимов. — Унга махсус техникалар жалб қилиниб, ҳудуд тартибга келтирилди. Албатта, бу ишлар билан масалани тўлиқ бартараф этиб бўлмайди. Бунинг учун ҳамкорликни кучайтириш ва муаммони ҳис қилиб, унга ечим топишда барча бирдек фаол қатнашиши керак.

Кенг жамоатчилик вакиллари, фаоллар қачон уйғонади?
Халқимизда “Кўпдан қуён қочиб қутулмас” деган нақл бор. Бу бежиз эмас. Барча бир ёқадан бош чиқариб, муаммо ўртага олинса, масалани ҳал қилиш мумкин. Аммо каналнинг асосий қисми оқиб ўтадиган Қибрай, Зангиота,Янгийўл туманларида бундай тадбирлар нима учун амалга оширилмаяпти, деган савол ҳануз жавобсиз қолаётир.

Мақолага муносабат билдирган мазкур мутасадди ташкилотлар ишларини эътироф этган ҳолда, яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчимиз. Бўзсув каналига бевосита ёки билвосита мутасадди бўлган 10 га яқин ташкилотларнинг номи келтирилган эди.

Бироқ қолганлари нега жим? Балки уларни ҳам тўғри тушуниш керакдир. Мақташга арзигулик бирорта иш амалга оширилмагач, нимани ҳам қоғозга тушириш мумкин? Ачинарлиси, айрим мутасадди ташкилотлар раҳбарлари мақолани ўқимаганликларини рўйирост тан олдилар. Мана сизга билдирилган ишончу юклатилган вазифаларга муносабат.

Нега айрим раҳбарлар газетамизда кўтарилган муаммоларга умуман бефарқ? Шу ҳудудда ҳам яшаб, ҳам ишлаётган маҳаллий Кенгаш депутатлари нега жим? Кенг жамоатчилик вакиллари,

фаоллар қачон уйғонади? Бу кетишда Бўзсув канали сувининг тозалигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар қачон ечим топади?

Масала жиддий. Унга панжа орасидан қараш, томошабин бўлиш, масъулият билан ёндашмаслик, лоқайдлик, қуруқ ваъдаюоғзаки олди-қочдилар шу тарзда давом этаверса, бугунги бир муаммо эртага янгисини пайдо қилиши, бунга пойдевор бўлиши турган гап.

Саволларимизга эса вилоят, туман (шаҳар) мутасадди идораларидан аниқ жавоблар кутиб қоламиз...
Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Ҳаким Йўлдошев олган суратлар.

Таҳририятдан:
Бўзсув канали муаммолари доимий равишда таҳририят назоратида бўлади. Демак, ушбу мавзуга яна қайтилади. Газетхонларимиз Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг мазкур масала юзасидан муносабатини билишни исташмоқда. Чунки ушбу мақолада кўтарилган муаммолар мамлакатимиздаги бошқа очиқ сув ҳавзалари учун ҳам хосдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар