Эсингдами...синфдош?!

11:14 25 Май 2020 Жамият
80 0

( 1978 йил мактаб битирувчиларига аталади)

Қўлингда онанг тиккан,

Латтали халта -“Портфель”.

Перо, ручка, сиёҳдон,

Йўқ эди лек –“Акварель”

Олтмиш саккизинчи йил.

Эсингдами...синфдош!?

Чунон бўлди қаҳратон.

Пайтава, кирза этик,

Қорга кўмилиб қолгач,

Дарсга бормаган эдик.

Олтмиш саккизинчи йил,

Эсингдами... синфдош?!

Ўйингоҳ эди билсанг,

Икки дўнглик ўртаси,

Футболга етар эди,

Танаффуснинг каттаси.

Олтмиш саккизинчи йил,

Эсингдами... синфдош?!

Эслагин, “Алифбе”ни,

Бир ифори бор эди.

Ундаги қушча расми,

Рости, бетакрор эди.

Олтмиш саккизинчи йил,

Эсингдами... синфдош?!

Паҳмоқ сочли қизалоқ,

Оқ кўйлакли болалар,

Нурали бобо қири –

Чўчмомо-ю лолалар.

Олтмиш саккизинчи йил,

Эсингдами... синфдош?!...

Дугонаси – “почтальон” ,

Биринчи соф муҳаббат.

“Севаман” дея илк бор,

Ёзганинг-чи, такрор хат.

Етмиш саккизинчи йил,

Эсингдами, синфдош?!

Кўзда халқа –халқа ёш,

Гуёки солиб фироқ,

Чалинганди сўнгги бор,

Ўша азиз қўнғироқ.

Етмиш саккизинчи йил,

Эсингдами, синфдош?!

Йиллар ўтиб билдингми:

Бир синф — бир хонадон!

Топилмайди ҳеч қачон

Синфдошдек қадрдон!

Олтмиш саккизинчи йил,

Эсингдами... синфдош?!...

Етмиш саккизинчи йил,

Эсингдами, синфдош...

...Соғиндингми... синфдош?!...

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Сирдарё вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?