Эртадан карантин чоралари кучайтирилади

11:50 30 Июнь 2020 Жамият
966 0

Эпидемиологик вазият ёмонлашганини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси тегишли қарорларни қабул қилди.

Хусусан, жорий йил 1 июль санасидан бошлаб:

— республиканинг барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади;

— “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00 дан 07?00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш ТАҚИҚЛАНАДИ;

Бунда: 

—​ фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади;

—​ мазкур талабларни бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилади;

—“қизил” ва “сариқ” ҳудудларда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида жамоат транспорти ҳаракати камайтирилади.

Иккинчидан, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан (қизил рейслар) Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўз ҳоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Хусусан: 

— Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган меҳмонхоналар уларга тегишли объектларни 24 соат узлуксиз қўриқлаш бўйича Миллий гвардия билан шартнома тузади;

— ушбу меҳмонхоналарда тиббиёт муассасалари томонидан шартнома асосида кундалик тиббий хизмат ташкил этилади;

—​ фуқаролар республиканинг халқаро аэропортлари ва чегара ўтказиш пунктларидан меҳмонхоналаргача йўл патрул хизмати вакиллари кузатуви остида транспорт воситалари билан етказилади.

Бундан ташқари барча юқорида қайд этилган талабларга қатъий риоя этган ҳолда, карантин назорати даврини ўтказиш учун меҳмонхоналарда жойлаштириш шарти билан хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни туроператорлар ва авиаташувчилар томонидан ҳам республикага етказиб келиш рейслари ташкил қилинишига рухсат берилди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикасига карантин даврида инвестиция лойиҳалари доирасида визасиз 30 кунгача келиши мумкин бўлган давлатлардан жалб қилинган мутахассислар учун:

— истисно тариқасида Ўзбекистондан ҳудудидан чиқмасдан туриб ишбилармонлик кириш визаси (бизнес виза) олишга рухсат берилади.

Тўртинчидан, коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар уч тоифага ажратилмоқда: 

—​ коронавирус инфекциясининг енгил шакллари аниқланган (касаллик аломатларсиз ўтаётган) беморлар;

—​ коронавирус инфекцияси ўртача оғир кечаётган (тана ҳарорати кўтарилаётган) беморлар;

—​ коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар.

Шу муносабат билан жорий йил 5 июль санасидан бошлаб коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ЯНГИЧА ТАРТИБ жорий этилмоқда:

— касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, УЙ ШАРОИТИДА даволанишига рухсат этилади;

— шифохоналарда ва уй шароитида даволанаётган касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар 10 кун муддатда клиник белгилари кузатилмаган тақдирда НАЗОРАТДАН ЧИҚАРИШ амалиёти жорий этилади;

— коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан бирламчи МУЛОҚОТДА БЎЛГАНЛАР 14 кунлик карантин муддатини уй шароитида ёки тасдиқланган рўйхатга асосан меҳонхоналарда барча санитария-эпидемиология ва карантин чекловларига риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади; 

— бирламчи скрининг тест таҳлиллари мусбат натижа берган намуналарни тасдиқлаш таҳлилларини ўтказиш ваколати Бош санитар шифокор кўрсатмаларидан келиб чиқиб ҲУДУДИЙ санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига берилади;

— аҳолининг популяцион маълумотлар базасини яратиш мақсадида коронавирус антитаначаларига ИФА текширишларига, давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда, хусусий соғлиқни сақлаш секторидаги тиббиёт муассасалари ҳам жалб этилиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?