Ернинг магнит майдони заифлаша бошлади. Бу қанчалик хавфли?

01:08 22 Май 2020 Дунё
826 0

Олимларнинг аниқлашича, Ернинг магнит майдони аста-секин заифлашмоқда. Бу, айниқса, Африкадан то Жанубий Америкагача бўлган ҳудудларда тезлик билан ривожланмоқда.

Маълумотлар Европа космик агентлигининг бир қатор "Swarm" сунъий йўлдошларидан олинган бўлиб, геофизикларни ҳайратда қолдирган ҳолда, яқин атрофдаги қурилмалар ишида баъзи бир техник носозликларни келтириб чиқармоқда.

Бу ҳақда European Space Agency хабар берди.

Магнит майдони сайёрамиз учун жуда муҳим ҳисобланаиб, инсониятни космик нурланиш ҳамда қуёшнинг зарядланган зарраларидан ҳимоя қилади. Магнит майдоннинг асосий манбаси эритилган темир қатламлари бўлган суюқ ташқи ядро бўлиб, ер сиртидан уч минг километр чуқурликда жойлашади.

Барқарор бўлмаган магнит майдони сабаб Ер тарихида бир неча бор Шимолий ва Жанубий қутблар ўз жойларини бутунлай ўзгартиришган. Аммо яқин орада ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, нафақат йўналиш, балки майдон кучи ҳам ўзгарган экан.

Масалан, сўнгги 200 йил ичида магнит майдони бутун Ер юзи бўйлаб ўртача 9 фоиз кучини йўқотгани боис Африка ва Жанубий Америка ўртасида пасайтирилган магнит кучланишнинг катта майдони пайдо бўлган. Олимлар ушбу ҳолатни Жанубий Атлантика аномалияси деб аташган.

1970 йилдан 2020 йилгача ушбу соҳадаги минимал майдон кучи тахминан 24.000 нанотестдан 22.000 гача камайган, шу билан бирга, аномал зонанинг майдони ўсган. Ғарбий томон йилига 20 км тезликда кенгайиб борган.

Янги маълумотлар эса Африканинг жануби-ғарбида минимал фаолиятнинг иккинчи маркази пайдо бўлганлигини кўрсатаётгани боис олимлар эндиликда Жанубий Атлантика аномалияси иккита мустақил қисмга бўлиниши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Бироқ иккинчи минималнинг пайдо бўлиши сайёранинг магнит майдонини шакллантиришнинг умумэътироф этилган назариясига мос келмайди. Олимлар бу жараён кутилганидан анча мураккаб деган хулосага келишмоқда.

Аномалиянинг сабаблари номаълумлигича қолмоқда. Аммо бир тахминга кўра, магнит майдон заифлашуви қутблар жойларини яна ўзгартиришга тайёрланишаётганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин (бу ўртача ҳар 250 минг йилда содир бўладиган ҳолат). Аммо бу фақат назария.

Олимлар сунъий йўлдош маълумотлари ёрдамида ўзгаришларни ёзишни давом эттирмоқдалар ва Ернинг тубида содир бўлаётган жараёнларни яхшироқ тушунишга умид қилмоқдалар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?