Ерни лазерли қурилма ёрдамида текислашнинг нима афзалликлари бор?

15:00 25 Октябр 2018 Жамият
896 0

Қибрай туманидаги ички суғориш тармоғи ҳисобланган Жумбағиш ариғига ўзгармас ўзанли гидропост қурилди. Бу билан мазкур манбадан экин суғорадиган олти фермер хўжалиги учун сув сарфини ўлчаш имконияти яратилди. Аниқроғи, гидропост воситасида сув бошқарилади, далага керакли миқдордагиси очилади. Пировард натижада эса исрофгарчиликларнинг олди олинади. Бу эса иқтисодий самара деганидир.

Қибрай туманидаги бир гуруҳ фермерлар учун ташкил этилган амалий тренингда мазкур фикрлар аниқ ҳисоб-китоблар ёрдамида кўрсатиб берилди. Иншоотни тадбир ташкилотчиси ҳисобланган Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси бунёд этди. Лойиҳалаштириш жараёнида суғориладиган майдон ҳажми, керак бўладиган сув сарфи ариқнинг лойқаланиш меъёрлари каби омиллар инобатга олинди.

“Энг муҳими эса, мазкур иншоот сув истеъмолчилари ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликларга барҳам беради. Энди эҳтиёжга яраша сув белгиланган жадвал асосида навбатма-навбат олинадиган бўлди, – дейди қувониб Қибрай туманидаги “Арғин саховати” фермер хўжалиги раҳбари Нодирбек Ёқубов.

Фермернинг қувончи бежиз эмас. Чунки, тадбир ташкилотчиси Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш бўйича жаҳондаги илғор тажрибаларни, илм-фан ютуқларини, янги технологияларни инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш бўйича кенг кўламли ишларни бажармоқда. Шу мақсадда республика бўйича жами 14 та фермерлар дала мактаблари ташкил этилди. Уларнинг иккитаси пойтахт вилоятида фаолият кўрсатмоқда.

Мактабнинг навбатдаги машғулотида ўзгармас ўзанли гидропост тақдимоти билан бир қаторда лазерли қурилма ёрдамида экин майдонларини текислаш жараёни ҳам кўрсатилди. “Арғин саховати” фермер хўжалиги тасарруфидаги 3,5 гектар майдон махсус техника ёрдамида янгича усулда текисланди. Бунда майдоннинг нишабига, сув йўлларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Лазерли қурилма ёрдамида ер текислаш фермер ишини сезиларли даражада енгиллаштиради. Бундай майдонларда суғориладиган сув сарфи 25 фоизгача иқтисод қилинади, тупроқнинг шўрланиши камаяди. Суғориш вақти ва ишчи кучи тежалади”, – дейди лойиҳа координатори Биродар Бурхонжонов.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Янги усулда текисланган майдонда уруғ бир маромда униб чиқади. Ер бир текисда намланади. Натижада ҳосилдорлик гектарига 4-7 центнерга ошади. Буларнинг барчаси эса қўшимча даромад манбаидир.

Эътиборлиси шундаки, ана шундай ақлли техникалар Чирчиқ шаҳридаги “Чирчиқмашагро” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилмоқда.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири,


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019