Эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглиги ягона қонунда акс этади

17:15 12 Август 2019 Жамият
152 0

Иллюстратив фото

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинмоқда. “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ана шулардан бири саналади.  

Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳасини маромига етказиш мақсадида масъул қўмита — Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан йиғилиш ўтказилди.

— Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинаётган ушбу қонун лойиҳаси жамият ҳаётининг барча соҳасида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имконият яратишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова. — Шунингдек, унда гендер тенглик, аёлларни камситиш тушунчаси ва турлари, ваколатли органларнинг вазифалари, давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилишёки ёллашда, кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топган. Лойиҳа билан эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши белгиланмоқда. 

Қонун лойиҳасини тайёрлашда Россия Федерацияси, Украина, Корея, Испания, Латвия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон каби мамлакатларнинг гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик тажрибаси ўрганилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида БМТнинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча бўлинмалари иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, юздан ортиқ таклифлар кўриб чиқилган, улар кўмагида қонун лойиҳаси халқаро стандартларга жавоб берадиган даражага етказилган.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилган қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида 2 минг 200 нафарга яқин фуқаро томонидан ушбу ҳужжат кўриб чиқилган ва 82 та таклиф билдирилган. Уни ишлаб чиқишда тегишли фикр-мулоҳаза ва таклифлар инобатга олинган.

Депутатларнинг қайд этишича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши эркаклар ва аёлларнинг тенглигига оид ҳуқуқий муносабатларнинг такомиллашишига, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг мустаҳкамланишига, соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлишини таъминлашда муҳим омил бўлади. 

Зиёда АШУРОВА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019