Эркак киши "Яндекс.Такси" офисида устидан бензин қуйиб, бош директор билан учрашишни талаб қилди

14:05 29 Октябр 2020 Дунё
157 0

Москвадаги "Яндекс.Такси" офисида бир эркак киши бош директор билан учрашишни талаб қилиб, устидан бензин қуйиб юборди. Бу ҳақда ТАСС ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манбасига асосланиб хабар берди. 

Маълум қилинишича, 29 октябрь куни тушдан кейин ғазабланган одам "Яндекс.Такси" офисига кириб келган. У муаммони ҳал қилиш учун бош директор билан учрашишни талаб қилган ҳамда устидан бензин тўккан. Полиция ходимлари воқеа жойига зудлик билан етиб келиб, эркак кишини ушлашган ва унга ўзига ўзи ўт қўйишига йўл қўйишмаган.

"Ҳозирда эркак киши ҳибсга олинган ва полиция бўлимига олиб борилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у "Яндекс.Такси"да ишлаган", дейилади хабарда. 

Айни пайтда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. Биринчи аниқланишича, такси ҳайдовчиси ва унинг собиқ иш берувчиси ўртасида келишмовчилик бўлган. Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги Бош бошқармаси матбуот хизмати ҳам воқеа фактини тасдиқлади.

Ўзига ўзи жабр етказишга уринган 45 ёшли фуқаро ҳозирда терговда. Тиббий текширув учун шифокорларнинг махсус бригадаси ҳам чақирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?