Ери бир, дини бир, қондошу жондош дўсту қадрдонлар кўнглида баҳор уйғонди

15:58 28 Март 2018 Жамият
693 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурларида ўз ифодасини топган, Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Марказий Осиё — бош устувор йўналиш” дея эълон қилинган тамойил жамиятимизга тоза ҳаво олиб кирди. Табиатда эса Наврўзи олам туфайли янгиланиш ҳукм сурмоқда. Табиат ва жамият уйғунлиги туфайли шаҳар кентларга кўкдан файзу барака ёғилади. Шу маънода, барча байрамлар орасида инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган Наврўзнинг ўрни ўзгача. Унда бағрикенглик, қадр қиммат, оқибат, раҳмдиллик сингари инсоний фазилатларга кенг ўрин берилгани турли мураккаб даврларда ҳам жамият ҳаётига ижобий таъсир қилиб, келишмовчиликларни бартараф этишда юксак аҳамиятга молик бўлган.

Зеро, Алишер Навоий бобомиз ҳам “Наврўз” ва “Қадр” тушунчаларини ёнма-ён қўйгани бежиз эмас. Табиат ҳамда жамиятдаги бундай боғланиш фароғат ўлкаларининг шаклланишига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг Тожикистон Республикасига давлат ташрифидан сўнг ери бир, дини бир қондошу жондош қадрдонлар кўнглида чинакам баҳор уйғонганига гўзал тожик диёрига ижодий сафар чоғида гувоҳ бўлдик.

Дўст билан обод уйинг...

Юртбошимиз ташаббуси билан Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент сингари вилоятларимиз сарҳадларидаги чегара постлари очиб юборилгани ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва таниш-билишларнинг қўнғироқлари орқали яхшигина хабардор эсам-да, Бекобод — Қўштегирмон чегара постига яқинлашиб борганим сари эшитганларимнинг барчаси сароб бўлиб чиқадигандек, қандайдир таҳлика, ички хавотир бутун борлиғимни чулғаб олган эди. Буни узоқ йиллар бу ерда қандайдир мавҳум аламангизлик ҳамда бағритошлик, ҳар иккала халққа ҳам хос бўлмаган совуқ муносабатга дуч келиб, ҳафсаласи буткул пир бўлган, ишончларини йўқотганлар яхши ҳис қилишади. Шу боис Мирзачўлни ўзлаштиришга келиб, турли чўл туманларида ўтроқлашиб қолган, қиз олиб, қиз бериб қуда-андалашиб кетган қавму қариндошлар эмин-эркин келиб кетадиган болалик чоғларини чексиз соғинч билан қўмсарди. “Нималарни бой бердиг-у, нималарга эришдик?” деган савол жавобига келадиган бўлсак, қазою қадарнинг шафқатсиз ҳукми ҳиккасидан қочиб қутула олмаслик ҳақидаги азалий ҳикматлардан ўзга тасаллининг ўзи йўқ эди.

Ҳар иккала томоннинг Африка саванналарида йиртқич ҳайвонларни қўриқлайдиган қўриқхоналарида ҳам учрамайдиган темир дарвозалари онгимиз ва руҳимизга шу қадар кучли салбий таъсир қилардики, бу дарвозаларнинг мингта чақмоқ уриб ҳам синдириш мумкин бўлмаган қулфини туну кун қўриқлаб турадиган темиртанлар билан наинки тўқнаш келиш, балки улар қиёфасини тасаввур этишнинг ўзи ҳам қалбимизда оғир жароҳатлар қолдирарди.
Бугун миямда фикр учқуни чатнаб ўтди. Кўзгуга боқиб, чеҳрамда табассум кўрдим.

Энди барчаси бошқача

Чегара ҳудудидан ўтиб-қайтувчиларнинг юз-кўзларидаги қувонч аломатларини кўриб, кўнглим равшан тортди. Хавотирларим беҳуда бўлиб чиқди. Қавму қариндошлари, яқинлари дийдорига, ўтганлар руҳини шод этиш учун қабрлари зиёратига ошиққанлар, бошқа юмуш-ташвишлар билан йўлга отланганлар кўплигига қарамай, 
бу ерда аввалгидек таҳлика пайқамайсиз. 

Авваллари обдан ваҳимага солувчи хизмат вакиллари ўрнини энди хушмуомала, одобли, тарбия кўрган ёшлар эгаллагандек таассурот уйғонади. Ўтган-кетганларга уларнинг яқин қариндошини учратиб қолгани каби меҳрибонлик кўрсатаётганига гувоҳ бўлишнинг ўзи ҳам нақадар ёқимли! Асли тожикистонлик бўлиб, ҳозирги кунда Тошкентда истиқомат қилаётган Хосият исмли жувон анчадан буён ота-боболари юртига бора олмай, энди бундай имконият туғилганидан суюниб кетиб, қўл юкларидан ташқари каттагина торт ҳам кўтариб олган экан, унинг қопқоғи очилиб қўлидан тушиб кетаёзган маҳалда божхоначилардан бири ёрдамга ошиқиб, қутини очилиб кетмайдиган қилиб қоғоз қистиргич билан созлади ва эгасининг қўлига тутқазди.

— Ўша ердаям бунақа тортлар кўп-ку, — деди ҳужжат расмийлаштириш учун навбатда турганлардан бири. — Ўзингизни овора қипсиз-да, синглим!
— Бундан буён ўртамиздаги муносабатларда ҳеч қачон аччиқ аралашмасин, деб бу ширинликни мен Тошкентдан атай олиб келаяпман, — деди Хосият нимтабассум билан.
Унинг топқирлик билан айтган бу жавоби барчага маъқул тушди:
— Айтганингиз келсин, айтганингиз келсин! — деган хитоблар янгради.
Буюк Махатма Гандининг ҳар қандай вазиятда эзгулик устун келиши ҳақидаги ғоясини эслаб хаёл суриб тургандим, шу маҳал ўз кучига ишонган барваста бир йигит ҳужжат расмийлаштириш навбатига риоя этмай олдинга интила бошлади. Унинг бу қилиғи одамларга маъқул келмади.
— Навбатда туринг! — овоз кўтарди кимдир.
— Менга мумкин! — барваста ҳам бўш келмади.
— Бу қанақаси? — кўриб турган нарсасини бошқалардан сўрамоқчи бўлди яна биров.
— Шунақаси! — у ҳам кечикмай ўз жавобини олди.
— Келинг, ўғлим, — олдинроқда турганлар орасидан аввал меҳрибон бир товуш эшитилиб, кейин бошига оқ рўмол ташлаб олган олтмиш ёшлардаги баланд бўйли аёл сафдан чиқа бошлади. — Менинг ўрнимга тура қолинг, шошадиган жойим йўқ, яна навбат олиб туравераман, шу кунларга етказгани учун Аллоҳга шукр.
Кутилмаган бу таклифдан ҳаммадан ҳам барваста йигитнинг оғзи очилганча анграйиб, турган жойида қотиб қолди. Сўнгра бирданига кифти қисилиб, қўлини кўксига қўйганича бошини эгди:
— Раҳмат, онажон, — деди нигоҳини ердан узмай. — Узр, беадаблик қилиб қўйдим, айб менда.
Махатма Гандининг нечоғли буюк зот эканлигига яна бир бор тан бердим.

У кунлар ортда қолди

Бекобод постидан ўтгач, ҳар иккала чегара ҳудуди учун оралиқ масофа ҳисобланган кўприк ўртасига етиб борганимда, қандайдир таниш овоз қулоғимга чалингандек бўлиб, беихтиёр тўхтаб қолдим ва теварак-атрофга алангладим. Нима бало, одамни учириб юборгудек шаҳд билан чиранаётган Бекобод шамоли кўз очиргани қўймаётган бу ерда қорахаёл — галлюцинацияга учраб қолмадиммикан, ишқилиб? Шамолга басма-бас яна бир-икки қадам ташловдим ҳамки, яна қулоғимга ўша овоз чалингандек бўлди. Яна тўхтаб, ўнг томондаги бир метрдан баландроқ бетон тўсиққа қараганча фаромуш турган эдим, хаёлимда илкис бир манзара жонланди.

Бу воқеа содир бўлганига ҳам ўн беш йиллар бўлди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, каттаю кичик китобхонларнинг бирдек суюкли адиби Худойберди Тўхтабоевнинг ўзлари ҳам яхши эсласалар керак, айни ёз чилласи эди. Адибнинг Хўжанддаги мухлислари таклифи ҳамда бу ерда ўзбек тилида чоп этиладиган вилоят газетасининг юбилейи муносабати билан икки томон келишувига асосланиб йўлга чиққандик. Чегарадан ўтаётганимизда бир неча бор юрак хасталигини бошдан кечирган Худойберди ака толиқиб қолдилар, шекилли, бир оз нафас ростлайлик деганича пешона терини артиб, ана шу бетон устида омонат ўтирган, мен бошқаларга халақит бермаслик учун нарироқда тик турган эдим. Бир йигит қора терга ботганча нариги томонга аравада қовун олиб ўтаётган экан, бу ерда кунда-шунда воситачилик билан кун кўрувчи, айтишларича, “қулоқ”лардан бири унинг қовунидан иккитасини олиб қўйди. Ҳалиги боёқиш унинг нималарга қодирлигини аввалдан билар эканми, “ғиқ” этмади. Яна бир оз юргач, бу ҳолат такрорланди. Нарироқда яна... Қисқаси, арава юрган сайин ундаги қовунлар ҳам камайиб борар, аравакаш баттар терга ботиб, йиғлаб юборай-йиғлаб юборай дерди. Унинг бу аҳволини кузатиб ўтирган адибнинг ҳам юраги дош бермай, ёшланган мижжаларини рўмолчаси билан артиб турган эди, шу заҳотиёқ хомталашни бошлаб берган йигитча унинг қаршисида ҳозиру нозир бўлди.

— Отахон, нарёққа ўтмоқчимисиз? — дея ўсмоқчилади у қўли билан атиги йигирма одимдан кейин бошланадиган қўшни давлат ҳудудига ишора қилиб.
Ҳеч нарса хаёлида йўқ, унинг тўғриликча сўраётганига ишончи комил бўлган соддадил адиб бош ирғаб қўйди.
— Қанча берасиз? — адиб томонга энкайиб шивирлади воситачи катта нарса кафолатини ўз бўйнига олаётгандек. — Гарантия, ўзим мошинга миндириб юбораман.
Сурбетларча қилинган бу таклиф таниқли адибни чўчитиб юбориб, ўрнидан туриб кетишга мажбур этган эди.

“Тупроқ олсаларингиз олтин бўлсин!”

Барчаси хамирдан қил суғургандек кўчди. Кимсан, қаёққа, нега каби силлани қуритиб юборадиган саволлару кўнгли хоҳлаган пайтда “обед”, “танаффус”, “карантин” деганча дарвозани шарақлатиб ёпиб, қиш қаҳратонида, ёз жазирамасида одамларни соатларча куттириб қўйишлар ҳақида энди биров эсламасликка уринади. Лекин ҳеч ким у кунларни унутолмайди. Шу боис тилдан шукрона тушмайди.

Тожикистон заминига қадам қўйгач, мен чиқишим керак бўлган машина ўнг томонда турганини билсам ҳам кўпчилик чап томонга оқиб бораётганини кўриб, уларга эргашаман. Оппоқ кийинган, соч-соқоли ҳам оппоқ хизрсифат бир қария Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг самимий қўл сиқишиб тушган суратлари пойида дуога қўл очиб турарди. Одамларнинг бу томонга ошиқишгани сабаби ҳам шунда — номаълум қариянинг дуосига шерик бўлишда экан.

— Тупроқ олсаларингиз олтин бўлсин! — ҳирқироқ товушда ортида турган одамларни пайқамай чин кўнгилдан муножот қиларди қария.
— Илоҳи омин! — ўз кафтларининг тарам-тарам қадоқларидан кўз узмай унга қўшилишди эркаклар.
— Илоҳи омин! — қалққан кўз ёшларини ичга ютишди мунис аёллар.

Мен ҳам кафт ёздим. Шу ёшимда дуода турган чоғда қалб бунчалар тўлқинланишини илк бора ҳис этдим. Қалбимдан алам ариди. Буюк донишманд Конфуцийнинг сўзларини эсладим. “Қўрқсанг, фақат худонинг хоҳишидан қўрқ! Қўрқсанг, фақат авлиёнинг койишидан қўрқ! Қўрқсанг, фақат халқнинг қарғишидан қўрқ!”.
Мен шу чоққача бутун борлиғимни забт этган қўрқув ҳиссининг беҳудалигини англаб, қувониб кетдим. Қалбимнинг туб-тубларида жасорат ва мардликнинг қудратли тўлқинини туйдим ҳамда бош кўтариб ҳамма қараётган томонга қарадим. Раҳмат, Сизга!

Ўртада меҳр-муҳаббат бўлса...

Қўштегирмон постидан Душанбе шаҳрига олиб борадиган 300 километрга яқин йўлнинг 200 километрдан ортиқроғини денгиз сатҳидан бир неча минг метр баландликда жойлашган тоғ йўли ташкил этади. Сўғд вилоятини мамлакат пойтахти билан боғлайдиган, хитойлик йўлсозлар томонидан бунёд этилган бу йўлдаги юксак қоялар бағрини ёриб ўтган иккита беш километрдан иборат туннель ҳисобидан аввалги масофа бир неча ўнлаб километрга қисқарган.

— Синглим Умринисанинг қизи Мафтуна Кўлобдаги Файзиобод қишлоғига келин бўлиб тушганди, — дейди йўлда бизга ҳамроҳлик қилган сўғдлик Сафарали Неъматов деган эллик ёшлардаги ўзбек киши. — Душанбега етиб олсак, яна икки юз километр йўл босишимиз керак.
Унинг бу гапини ёнида ўтирган синглиси бош ирғаб тасдиқлайди.
— Ўртада муҳаббат бўлса, тил тўсиқ бўлолмас экан, — жилмаяди Сафарали. — Мен ҳам, синглим ҳам тожик тилини, қудаларимиз эса ўзбек тилини билишмайди. Ёшлар бир-бирини кўриб ёқтириб қолишгач, илож тополмадик, мана, ҳозир тўй қилганимизга олти ой бўлди, жияним тожикчани бинойидек ўрганиб олибди.
— Куёвимиз эса ўзбек тилида гапира бошлабди, — кулади Умриниса. — Энди у бизга тожик тилини, қизимиз қудаларимизга ўзбек тилини ўргатмоқчи экан.
Ака-сингилнинг чин дилдан айтган сўзлари замирида катта ҳақиқат мавжуд. Меҳр-муҳаббат дилларни дилларга боғласа, инсон бир-бирини тушуниб олиши учун тил тўсиқ бўлолмас экан. Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг машҳур мисраларини эсланг:
Ишқ тили рубоб тилидек сир эмиш,
Турку арабу юнонга бир эмиш.

“Мен дўстлар кўнглига баҳор келтирдим”

Омонбой ака Жумановнинг ота-боболари Фарғонанинг Риштон туманидан бўлиб, тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Тожикистонга бориб қолишган. Омонбой ака Душанбеда туғилиб, шу ерда ўсиб-улғайган, олий маълумот олган. Ҳозир етмиш беш ёшни қоралаган бу киши тожик тилини ҳам ўз она тилидек билади. Унинг бошидаги фарғонача дўппи эътиборимни тортади.

— Одамнинг кийган дўпписига қараб ҳам у ҳақда унча-мунча нарсаларни билиб олса бўлади, — дейди Омонбой ака калта соқолини тутамлаб қўйганча. — Мана, яқинда ўзбегу тожик санъаткорларининг катта концерти берилганида ҳар иккала халқнинг суюкли ҳофизи, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳам худди шунақа дўппи билан саҳнага чиқди. “Қайга борсам бошда дўппим...” дея куйлаганига ўзи ҳам амал қилган хушовоз хонандани жуда соғиниб қолган эканмиз. Айниқса, унинг Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов билан биргаликда саҳнага чиққанида ҳам катта рамзий маъно бор. Ҳозир қайга борманг, бутун Тожикистон аҳлининг оғзида шу концертнинг таърифу тавсифи.

— Одамлар бу концертни энтика-энтика, йиғлаб-йиғлаб томоша қилишганига ўзим гувоҳман, — дейди Тожикистондаги ўзбек жамиятининг раиси Муҳаррам Мирзаолимова. — Бундай кунларга етишни қанчалик муштоқлик билан кутгандик. Яратганга шукр, илтижоларимиз ижобат бўлди.

— Одил Ёқубов айтганидек, ҳар қандай жамиятнинг оғриб турган нуқталари бўларкан, — дейди шу кунларда етмиш ёшни қаршилаётган Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, шоир Жамшид. — Мана шу оғриқли нуқтага малҳам босилганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ҳодисалар ҳақида бировнинг ижобий бўлмаган фикр айтиши нари турсин, ҳатто бу ҳақда ўйлаши ҳам гуноҳ ҳисобланади.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби ўзбек-тожик адабий алоқаларининг йўлга қўйилиши ҳар иккала томон адабий жараёнларига самарали ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Ўзбек шоир-ёзувчиларининг тўпламлари тожик тилида чоп этила бошланди. Тожик шоирларининг шеърларидан саралаб олинган намуналар “Ҳамоҳанг оҳанглар” номи остида шу кунларда нашрдан чиқиш арафасида. Бетакрор тожик шоири Лойиқ ундан жой олган сатрларида шундай дейди:
Мен дўстлар кўнглига баҳор келтирдим,
Ошиқлар дилига хумор келтирдим.

“Ўзбекистон ўғлидурман, тожигим гуфто писар”
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, хизмат кўрсатган журналист, Абулқосим Лоҳутий мукофоти ҳамда “Дўстлик” ордени соҳиби, ажойиб ғазалнавис шоир Ўлмас Жамолнинг ўтган йили 83 ёшда вафот этгани хабари унинг мухлисларини қайғуга солган эди. Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳрида таваллуд топган шоирнинг болалик чоғларида уларнинг оиласи Душанбе шаҳрига кўчиб кетишади. Ёшлигидан шеърлар ёза бошлаган Ўлмас Жамол ҳар иккала мамлакатда шоир сифатида танилиб, шуҳрат қозонади, юздан ортиқ ғазаллари куйга солиниб, машҳур хонандалар томонидан маҳорат билан ижро этилади ва уларнинг аксарияти ҳозирги ёш ўзбек ва тожик қўшиқчилари репертуаридан ҳам ўрин олган.

Душанбе шаҳрининг четидаги кўп қаватли уйнинг бешинчи қаватида жойлашган шоир хонадонига унинг руҳига дуои фотиҳа қилиш учун йўл оламиз. Бизни Ўлмас аканинг аёли қаршилаб, тиловатдан сўнг ҳар иккала халқнинг суюкли шоирининг сўнгги кунлари ҳақида сўз очади.

— Ўлмас ака тоблари қочиб қолганларида ҳам умидларини йўқотмагандилар, — дейди ая кўзёшини рўмолининг бари билан артиб оларкан. — “Аяси, хавотирланманг, Ўзбекистондан ҳам дўстларим, шогирдларим, қавму қариндошларим етиб келиб, тобутимни елкаларига олишади”, дердилар. “Дониш аҳли ҳал этар минг муаммони жадал, Шу муаммони яратмас ақли солим ҳеч маҳал”, деб ўзларининг байтларини бот-бот ўқиб, кўнглимни кўтармоқчи бўлардилар.

Ая қўлларидаги китобни варақлаб, тожик шоири Камол Насруллонинг Ўлмас Жамол таржимасидаги ўн байтдан иборат шеърини кўрсатиб, ўқиб бер, дея шоирнинг шогирдларидан бирига узатади. Сатрлар орасидан Ўлмас аканинг овози қулоғимизга урилиб тургандек бўлади:

Бир иймоннинг пайванди, фарзанди мусулмонмиз,
Ўзбегу тожик эмас, парвардаи бир нонмиз.

Бир чеҳрада икки кўз, бир сойда икки соҳил,
Бир уйда икки устун ва ёки жуфт айвонмиз...

— Ўлмас аканинг ижодида бизнинг қалбимиз акс этган, — дейди унинг душанбелик мухлиси Абдужаббор Мўминов. — Замонавий ўзбек адабиётида ўзбегу тожикнинг қондошу қардошлиги, дўсту қадрдонлиги мавзусига ҳеч қайси ижодкор у кишичалик ўзини бағишлаб, ҳар томонлама кириб боролган эмас. Учрашувларда ҳам “Жўражонлар, бу кунлар биз учун синов, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади”, дея халқнинг ўксик кўнглини кўтариб, ўзлари ҳам айтаётганларига астойдил ишонар эдилар. Ўлмас ака дўстлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов билан ўзбекча шеърлар айтиб гурунглашса, Мўмин Қаноат, Лойиқ Шерали билан тожикча мушоира қилиб кетаверар, ҳар икки тилда ажойиб шеърлар ёзарди. Мухлислари шоирни чин қалбдан севишарди. “Ўзбекмисиз, тожикмисиз?” деб унга савол беришса, Жўрабек Муродов маромига етказиб куйлаган ўзлари ёзган ғазалнинг дастлабки мисрасини ўқиб берардилар: “Ўзбекистон ўғлидурман, тожигим гуфто писар”.
Аяга сабр тилаб, хайрлашамиз.

Пастга тушиб, яна ортга қарайман. Дераза ортидан парданинг бир четини кўтариб боқиб турган аянинг кўзёшини артаётганини кўриб, кўнглим алланечук бўлиб кетади. Ва шунда ҳар иккала республикада ўнлаб шогирдлари шоир йўлини давом эттираётганини хаёлимга келтириб, дилим таскин топгандек бўлади. Ўзим ҳам ўшалар сирасидан эканимдан фахр-ғурур ҳисларини туйгандек бўламан.

Дуторнинг қўш тори

Ривоят қилишларича, Ҳанафия мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг бир қўшниси сархуш бўлиб, жанжал-тўполон кўтарар, шу боис туну кун на ўз оиласи, на қўни-қўшниларда ҳаловат бор экан. Имоми Аъзам бир куни шом намозини ўқиётган чоғларида шовқин-сурон эшитилмаётганидан ажабланиб, унинг ҳовлисига кириб борибдилар. Маълум бўлишича, бозорда ҳам бу қилиғини қилгани учун миршаблар уни тутиб, зиндонбанд қилишган экан. Эртаси тонгданоқ Имоми Аъзам хачирини миниб шаҳар ҳокимининг саройига йўл олибдилар. Буни эшитган ҳоким унинг улови оёқлари остига гиламлар тўшаб кутиб олишни буюриб, ўзи ҳам пешвоз чиқибди. Бу ташрифнинг боисини сўраганида, Имоми Аъзам қўшниси зиндонда эканлиги боис кўнгли тинчимай бу ерга келганини айтган экан, ҳоким у кишининг ҳурмати юзасидан қўшнисига қўшиб бошқа тутқунларни ҳам ўша куни зиндондан озод этишни буюрибди. Айтишларича, шу-шу ўша қўшни ўз қилмишларидан уялиб тавба қилган, ҳалол меҳнат қилиб, тоат-ибодатини ҳам унутмаган экан.

Бу ривоятни бежиз эсламадик. Душанбе шаҳридаги Имоми Аъзам Абу Ҳанифа номидаги Тожикистон Давлат ислом университети ректори Тожиддин Исломиддин Асомуддинзода ҳузурида ислом динида қўни-қўшничиликка катта эътибор берилгани, бу ҳақларни адо этмаслик куфр билан баробарлиги хусусида суҳбат борди.

— 1988 йилда Исфара шаҳрида физика фани бўйича бўлиб ўтган олимпиадада қатнашганим кечагидек ёдимда, — дейди ректор очиқ чеҳра билан. – Ўшанда биз Қўқон шаҳрига ҳам бориб, жуда катта таассурот олгандик. Шахсан мен ўша дамларни соғинч билан қўмсайман. Биз бир дуторнинг икки тори сифатида ҳамиша бир-биримизни тўлдириб юрганмиз. Дунё мусулмонлари бир кўришни орзу қиладиган Бухоро, Самарқанд шаҳарлари зиёратига йўл очилгани тожикистонлик дин аҳлини жуда мамнун этди. Ёнгинамиздаги бундай имкониятдан баҳраманд бўлиш қандай улуғ саодат. Яратганга шукр, энди бундан буён алоқаларимиз мустаҳкамланиб бораверади.

Ўша куни мазкур ўқув даргоҳида Наврўз байрами нишонланаётган экан. Толиби илмларнинг қўлларини кўксиларига босганча “Хуш келдингиз!” деган сўзлари қулоққа жуда ёқимли эшитилар эди. Бунга жавобан биз “Хушбахт бошед!” деб жавоб бердик.

“Ўша дамни орзиқиб кутаяпман”

Душанбе шаҳрида “Фархунда М” масъулияти чекланган жамиятини очиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган кичик корхона раҳбари Абдулло Насриддинов матбаа маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланади. Ўзбекистонда китоб ҳамда унинг мутолаасига давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасида аҳамият қаратилаётганидан Абдулло шу кунларда корхонасини янада кенгайтириш ташвишига тушиб қолган.

— Айни кунларда ўзбек тилида чоп этиладиган газета-журналлар, китобларга ҳам буюртмалар кўпайди, — дейди у. — Уларни ўз вақтида сифатли бажариш учун техник ускуналаримизни замонавий тарзда янгилашга тўғри келади. Ўзбекистонда 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани биз учун ҳам айни муддаодир. Тошкентда ўтказиладиган кўргазмалар довруғидан хабардормиз. Ҳозир у ердаги дўстларим билан алоқада бўлиб турибман, матбаа соҳасида кўргазма ўтказилишидан хабар топган заҳотим самолётга ўтираман-у, Тошкентга бораман. Ўша дамни орзиқиб кутаяпман.

Нафақат Абдулло, тожик ишбилармонларининг аксарияти шу кунларда ўз лойиҳалари устида бош қотириб, самарали ҳамкорлик сари дадил қадам қўйишмоқда. Бу ҳам бўлса, форс шеъриятининг буюк вакили Саъдийнинг “Инсоннинг камоли унинг элу юрт, халқ манфаати йўлида нечоғли хизмат қила олиши билан белгиланади”, деган сўзлари замиридаги азалий ҳақиқат юзага чиқаётгани далолатидир. Тўғри йўл адолат манзилига элтади, адолат эса ҳаётнинг улуғвор биноси пойдевори ҳисобланади. У туфайли орзу-умидлар рўёбга чиқиб, авжи фалакка қадар юксала олади.

Шойим БЎТАЕВ.
Тошкент — Истаравшан — Душанбе — Тошкент

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар