Ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган Қонун маъқулланди

16:00 11 Сентябр 2020 Сиёсат
429 0

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида кун тартибидаги «Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ер кодексига, шунингдек «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Яйловлар тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мамлакатимизда мавжуд ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, унумдор ҳудудлар ва ўрмон фондини муҳофаза қилиш нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки экологик нуқтаи назаридан муҳим ва долзарб ҳисобланади. Шу жиҳатдан мазкур Қонун ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг самарасини таъминлаш, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизини замон талаблари асосида такомиллаштиришга қаратилган.

Хусусан, унда инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек, лалми ерлар ва ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларини ижарага беришнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда.

Яна бир жиҳат. Қонунда ерни ижарага бериш шартномаси муддатидан илгари бекор қилинса, ижарачи шартномада назарда тутилган муддат якунига қадар ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Қонун, аввало, одамларда ерга бўлган муносабатнинг ўзгариши, қораверса, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиш борасидаги долзарб вазифаларнинг амалга оширилишига хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?