Ер юзининг сайқали. Бугун Самарқанд шаҳри куни

11:37 18 Октябр 2019 Жамият
464 0

Фото: Слава Степанов

Соҳибқирон Амир Темур 1370 йилда Самарқандни ўз давлати пойтахти қилиб танлагач, бу ерда бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар — кўркам жоме масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Шоҳизинда каби иншоотларни бунёд эттирди ва атрофида 12 боғ-саройни яратди. Шу тариқа Самарқанд бетакрор шарқона қиёфаси, бой тарихи, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган ноёб обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида шуҳрат қозонди. Шу боис бундан 23 йил муқаддам айнан соҳибқироннинг 660 йиллик юбилейида “18 октябрь — Самарқанд шаҳри куни” деб белгиланган эди.

Истиқлол йилларида кентдаги тарихий иншоотлар реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилди, бир қанча боғлар ва фавворалар қурилди, йўлаклар кенгайтирилиб, сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратилди. 

Бу хайрли ишлар бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тизимли равишда давом эттирилмоқда. 

Хусусан, Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида туристик марказ қурилиши бошланди. Мажмуа учун 360 гектар ер ажратилиб, унинг 80 гектарида анжуманлар маркази, 5, 4 ва 3 юлдузли меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилиши мўлжалланган. 

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи чоғида Самарқанд халқаро аэропортини замон талабларига мос даражада реконс-трукция қилиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, қолаверса, сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. Шу асосда ишлаб чиқилган режага биноан, 2019-2020 йилларда янги терминал қурилади, учиш-қўниш йўлаги таъмирланиб, самолётлар тураргоҳи кенгайтирилади, радиолокация тизими такомиллаштирилади. Айни кунларда белгиланган ҳудудда самолётлар туриш ва ҳаракатланиш йўлаклари янгидан қурилмоқда.

Самарқанд халқаро аэропортидаги барча лойиҳалар рўёбга чиққач, бу ерда соатига 600 хорижий ва маҳаллий меҳмонга хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. 

Президентимиз вилоятга икки йил олдинги ташрифида Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга бўлган талаби тобора ошиб бораётганидан келиб чиқиб,  шаҳар четидан замонавий аҳоли тураржой масканлари барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу топшириқ асосида ўтган йили Самарқанд туманининг Қорасув массивидан 50 гектарга яқин ер ажратилиб, кўп қаватли уйлар қурилишига киришилди. 2018 йилнинг ўзида 1 344 хонадондан иборат 7 қаватли 32 та арзон уй барпо этилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари хизматчилари ва ёш оилалар учун 5 қаватли 12 та тураржой қурилиб, фойдаланишга топширилди. 4 та 12 қаватли, 5 та 14 қаватли, 9 та 16 қаватли уйлар қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Гулобод кўчасининг ниҳоятда торлиги транспорт ва пиёдалар ҳаракати учун ноқулайлик туғдириб келаётган эди. Шу боис Г-34 ва Гулобод кўчаларининг кесишмасидан Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрор Валий мажмуасигача олиб борувчи кўчада 6 қаторли автомобиль йўли қуриш мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 2,4 километрлик қисми тубдан реконструкция қилинди.

Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида эса лойиҳа қиймати 67,7 миллиард сўм бўлган тоннель қурилиши давом эттириляпти. Йўлўтказгичнинг умумий узунлиги 534 метр ва тоннель қисми 93 метрга етади. Шу билан бирга, Бўстонсарой кўчаси бўйлаб кенглиги 6, баландлиги 3 метр бўлган пиёдалар ер ости ўтиш йўли ҳам қурилади. Рудакий кўчаси бўйлаб кетган трамвай йўли ҳам тоннель остидан ўтади. 

Самарқанд шаҳри куни байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш, аҳолининг яхши дам олишини ташкил этиш мақсадида пухта ҳозирлик кўрилди. Масалан, 7 октябрдан бошлаб шаҳар марказидаги Алишер Навоий кўчасида вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қайта ишланган истеъмол молларидан таркиб топган “Табиат саховати” ярмаркаси иш бошлади. 

— Сафаримиз ушбу ярмарка ҳамда Самарқанд кунига тўғри келгани яхши бўлди, — дейди испаниялик сайёҳ Софе -Монсерат. — Қуёшли табиатингиз саховати бўлган мева-чевалар бирам мазали. Айниқса, тарвуз ва қовуннинг шунча тури бор, деб хаёлимга келтирмаган эдим. Уларнинг таъми ниҳоятда ўзига хос, шираси кучли, тўйимли. Шаҳар кўркамлигига гап йўқ. Мозий ва бугун уйғун бўлган шаҳар. Бу ерда эканимиздан бахтиёрмиз.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ 
(«Халқ сўзи»).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019