Ер усти ҳалқа метроси нафақат йўловчи ташишда, балки тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам қўл келади

21:44 11 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
312 0

Метро аксарият давлатларда бор ва у қулай ҳамда тезкор транспорт воситаси сифатида, аллақачон, йўловчилар эътиборига тушиб улгурган. Нафақат пойтахтимиз, балки мамлакатимиз аҳолиси фахри ва ғурури ҳисобланган Тошкент метрополитени ҳам ўтган даврда жадал равишда ривожланди. Тармоқнинг янги йўналишлар ҳисобига кенгайиши, шубҳасиз, аҳолига янада қулайлик яратмоқда.

Яқинда фойдаланишга топширилган Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи — Дўстлик-2— Қўйлиқ йўналиши қуриб битказилди. Метронинг ушбу қисмида 7 та бекат барпо этилган бўлиб, янги йўналишнинг узунлиги 11,5 километрни ташкил қилади.

Ушбу йўналишда 30 августдан бошлаб йўловчилар ташила бошланди. Метро нафақат шу атрофда истиқомат қилувчи аҳоли учун, балки шаҳар меҳмонлари учун ҳам ўзига хос сайр транспортига айланган, десак, хато бўлмайди.

Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги қарори асосида «Боштранслойиҳа» АЖ лойиҳаси асосида пудратчи «Кўприкқурилиш» трести” УК тизимидаги 13 ва 67-Кўприкқурилиш отрядлари томонидан барпо этилган ушбу линияда айни пайтда ҳар бири 4 та вагондан иборат тўртта поезд қатнамоқда.

Бекатларда тўхташ вақти 15 сония, масофани босиб ўтиш вақти эса 19 дақиқани ташкил этади.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда ер усти метросидан нафақат транспорт воситаси, балки унинг пастки қисмида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадларида ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳозир ушбу йўналишдаги ишларга ҳам секин-аста киришилмоқда. Бу хусусда куни кеча оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур давомида айтиб ўтилди.

— Хабарингиз бор, Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида шаҳримизда янги, замонавий ва ноёб бўлган ер усти метросининг Яшнобод тумани ҳудудидан ўтувчи етти станциядан иборат 11,6 километрлик линияси ишга тушди, — дейди Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов. — Бу линия Яшнобод, Бектемир ва бошқа қўшни туманлар, умуман, шаҳримиз аҳли учун жуда қулай шароит яратиб берди. 

Бундан ташқари, биз қурилиш бошланган дастлабки пайтларда метронинг тагида инфратузилмани яратиш, бу орқали аҳолига янада қулайликлар, масалан, одамларнинг ҳордиқ чиқариши, сайр қилиши учун шароитлар яратиш, савдо нуқталарини ташкил этиш борасида бир қатор ишларни амалга ошириб келяпмиз. Жумладан, дунё тажрибасини ўрганиб чиққанимизда, Берлин, Токио, Сюрих каби шаҳарлар ер усти метроларида шунга ўхшаш мажмуалар яратилган. Яъни бундай амалиёт бир қатор ривожланган давлатларда мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, 11 километрдан ортиқ жойни 6 та лотга бўлиб чиқилди. Бунинг натижасида тадбиркорлар учун жами 153 161 кв. метр жой ҳосил бўлди.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин. Хўш, ер қандай ажратилади? Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, аукцион “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирувчи ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, якунига етказилгандан сўнг ўрнатилган тартибда тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали тегишли маълумотлар бериб борилади.

Савдолар очиқ ва шаффоф ташкил этилади ҳамда унда ҳар бир тадбиркор иштирок этиши, ўз лойиҳаларини тақдим этиши мумкин. Савдолар 1 декабрдан йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Демак, ишини ривожлантирмоқчи ёки бизнес бошламоқчи бўлган ишбилармонлар учун яна бир имконият яратилмоқда...

Сергели линияси йил охиригача қуриб битказилади

Тошкент ер усти ҳалқа метроси ҳақида гап кетганда, унинг Сергели йўналиши ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зеро, ушбу линиянинг ҳам аҳамияти катта.

Айни пайтда юқори сифат ва жадаллик билан барпо этилаётган Сергели йўналиши тўлиқ ер устидан ўтади. Бу билан ҳамиша серқатнов ва фаол ҳаракатга янада муносиб ҳисса қўшилади.

Пресс-тур давомида ушбу линиядаги бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишдик.

— Бугунги кунда ушбу линиядаги ишлар жадаллик билан давом эттирилмоқда, — дейди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Ҳусниддин Ҳосилов. — Яъни темир-бетон ишлари тўлиқ бажариб бўлинди. Айни пайтда йўлнинг устки қисми, яъни рельсларни пайвандлаш ва маҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида айтиш керакки, бунда рельсларни жойлаштириш ҳам катта аҳамият касб этади. Чунки поездлар ҳаракатланганда қанчалик тебраниш кам бўлса, йўловчига ҳам, инфратузилмага ҳам шунча яхши.

Рельслар тагига майдаланган тош ташланяпти. Бунинг ҳам сабаби бор. Яъни очиқ ҳавода шпалларни тез-тез алмаштириб туриш талаб этилади. Агар тош ўрнига бетон ишлатилса уни бутунлай бузишга тўғри келган бўларди. Бу эса ўз навбатида ҳаракатни бутунлай тўхтатишни тақозо этади. Майдаланган тошда эса бунга ҳожат қолмайди. Шунингдек, тош поездлар ҳаракати давомида конструкцияга таъсирини ҳам камайтириши билан аҳамиятли.

...Метро шаҳарнинг ривожланиш режалари, йўловчилар оқими, турар-жой мавзелари, ишлаб чиқариш, савдо ва дам олиш масканлари жойлашуви, муҳандислик-геологик шароитларни инобатга олган ҳолда қурилмоқда. Унинг Сергели линияси лойиҳаси шу йил охиригача якунига етказилади. Демак, яқин орада пойтахтимиз аҳли ва меҳмонлари яна бир транспорт ечими хизматидан баҳраманд бўла бошлайди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
Алихан УТАРБЕКОВ (суратлар)

(«Халқ сўзи»)
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?