Ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи кимларга берилади?

11:03 17 Январь 2019 Жамият
1211 0

Иллюстратив фото

Урбанизация — қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарларга айланиши, шаҳар атрофи зоналарининг кенгайиши ва қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиб бориши ҳисобига юз берадиган жараён. Унга етарлича эътибор қаратилмаса, шаҳарлар аҳолисининг сони ва у ердаги мавжуд инфратузилма, уй-жой, иш ўринлари ўртасида катта тафовут пайдо бўлади. Бу эса ишсизлик, нарх-навонинг ошиши, уй-жой танқислиги, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг етишмаслиги каби қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги учрашувлари чоғида қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳар ва посёлкаларга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилишига қарамасдан, уй-жой сиёсатига янгича ёндашувларни жорий этиш зарурати пайдо бўлаётгани аниқ-равшан кўринмоқда. Юртдошларимиз, айниқса, кам таъминланган оилаларнинг қулай шартлар асосида уй-жой олиши учун қурилишларни молиялаштириш тизимининг замонавий механизмларини жорий этиш, ҳар томонлама қулай кўп қаватли уйларни барпо қилишга ўтиш ҳамда коммунал-муҳандислик инфратузилмани ривожлантириш масалалари ўртага ташланяпти. Буларнинг барчаси Президентимизнинг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ўз ечимини топадиган бўлди.

Мазкур ҳужжатда ер участкаларининг айланмаси ва улардан фойдаланишда замонавий бозор механизмларини жорий этиш мақсадида урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Чунончи, 2019 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентларига уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино-иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек, уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер ­участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эса уларга якка тартибда уй-жой қуриш ва тураржойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўлди.

Маълумки, қонунчилигимизда жисмоний ва юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ҳисобланиши, уларнинг дахлсизлиги давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.

Фармонга асосан, эндиликда барча юридик ва жисмоний шахсларга ўзлари эгаллаган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, биринчи навбатда, одамларни мулкдор бўлишга рағбатлантиришдир. Яъни фуқаролар ва ташкилотлар ўзлари эгалик қилаётган ёки фойдаланаётган ер участкасини давлатдан муайян номинал қийматда харид қилган ҳолда, бозор нархида ундан бир неча баробар қиммат мол-мулкка эга бўлади. Хусусийлаштирилган ерлар фуқаролик оборотига кириши натижасида эса унинг нархи борган сари ортиб бораверади. Натижада фуқаролар қўлидаги мол-мулкнинг қиймати ошиб кетаверади.

Ерга нисбатан хусусий мулк тушунчасини жорий этишдан кўзланган яна бир муҳим мақсад мулк ҳуқуқини тўлиқ кафолатлашдан иборат. Ер участкаси мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлгандан кейин унинг ўзи ҳам, устида жойлашган бино ҳам тўлиқ дахлсиз бўлади. Бу, айниқса, сармоядорлар учун энг муҳим кафолат ҳисобланади.

Энди ҳар бир фуқаро ёки ташкилот ўз ерига шунчаки қулай жойдаги ҳудуд эмас, ­капитал сифатида қарай бошлайди.

Яна бир муҳим янгилик. ­Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ушбу ҳужжатга биноан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил этилди. Мазкур соҳани тартибга солиш борасидаги ягона давлат сиёсатини юритиш, саноатлаштириш сиёсатининг суръатлари, босқичлари ва натижаларини узоқ муддатли режалаштириш, шаҳар ва қишлоқлардаги узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш унинг асосий ­вазифалари этиб белгиланди.

Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида ташкил этилаётган Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси ҳам бу борадаги қатор салмоқли ишларга кўмакдош бўлади.

Парламент қуйи палатасида биз, депутатлар томонидан мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижроси ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан қонунчилигимизга, хусусан, Ер кодексига киритилиши лозим бўлган масалалар ҳамда урбанизация жараёнини жадаллаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Аҳад АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019