Ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги назорат қилинади

10:50 03 Май 2018 Сиёсат
503 0

Юртимизда барча соҳада бўлгани каби қишлоқ хўжалигини замонавий тамойиллар асосида ташкил этиш, унинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида бир қатор қонун ҳамда қарорлар қабул қилинмоқда. Президентимиз томонидан 2018 йил 26 апрелда имзоланган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган.

Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми қишлоқларда яшаши, меҳнат фаолияти ҳам қишлоқ хўжалиги билан боғлиқлиги инобатга олинса, мазкур ҳужжат ўз вақтида қабул қилингани аён бўлади. Бугунги кунда фермер хўжаликлари қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш ҳамда фаровон ҳаёт кечиришида, қишлоқларни обод масканларга айлантиришда муҳим ўрин эгалламоқда.

Фермер хўжалигининг жамиятда етакчи кучга айланиб бориши, ўз навбатида, фермер хўжалигини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришни тақозо қилади. Соҳадаги ислоҳотлар туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилишига эришилди. Аммо ҳудудлардаги ҳолат ўрганилганда шу нарса маълум бўлдики, амалдаги ҳужжатларни талқин этишда йўл қўйилган хатоликлар сабабли бир қанча муаммолар юзага келмоқда. Бу, айниқса, ерга эгалик қилиш, ундан самарали фойдаланишни назорат этиш борасида яққол кўринаётир.

Бу каби муаммоларни ҳал қилиш, фермерлик ҳаракатига янги илғор ғояларни татбиқ этиш борасида кўзланган мақсадга эришиш осон кечмаяпти. Маълумотларга кўра, аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги қониқарли эмас. Баъзи туманларда ер эгалари ушбу майдонлардан узоқ йиллар фойдаланмай, қаровсиз ҳолда қолдирган, аммо уларга нисбатан етарли даражада таъсир чоралари кўрилмаган.

Фермерлар ҳамда деҳқонларимиз орасида ўз вазифасини фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички бозор учунгина етиштиришдан иборат, деб ўйлайдиганлар анчагина. Ваҳолонки, бугун қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимизнинг етакчи бўғинларидан бири. Бу соҳани замон талаблари асосида ривожлантириб, давлат ғазнасига тушадиган даромад салмоғи кўпайтирилмаса, халқ фаровонлиги-ю, юрт равнақини таъминлаш мушкул.

Шу сабабли ҳам Президентимизнинг ўтган йил 9 октябрдаги Фармонида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асаларичилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа муҳим йўналишларини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда унинг самарадорлигини янада оширишга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди. Айтиш мумкинки, шундан сўнг бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳукумат ҳам, тегишли вазирлик ва идоралар ҳам, ҳатто парламент ҳам қараб тургани йўқ.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори эса ана шу саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига 2018 йил 1 июлдан барча фермер ҳамда деҳқон хўжаликларининг аъзолиги мажбурий, томорқа ер эгалари учун эса ихтиёрий экани белгилаб қўйилди. Шунингдек, ушбу тузилма фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан қишлоқ хўжалигида шартнома мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ҳамда жамоат назоратини амалга ошириши ҳам кўрсатиб ўтилган. 2018 йил ҳосилидан бошлаб фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги эса ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилиши ҳам фермер ва деҳқон хўжаликларининг ўз ишларига бўлган масъулиятини кучайтиради.

Яна бир эътиборли жиҳати, барча қишлоқ туманларида “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил этилгани бўлди. Улар фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотишда, моддий ресурслар, жумладан, уруғлар, кўчатлар, техника ҳамда бошқа воситаларни етказиб беришда яқиндан кўмаклашади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижроси Ўзбекистонда фермерлик, деҳқончилик ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳага замонавий йўналишларни жорий қилиш, халқ фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Мақсуда ВАРИСОВА,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар