Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

07:00 07 Март 2019 Сиёсат
318 0

Иллюстратив фото

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ўзбошимчалик ва бепарволикка йўл қўйиб келинаётир. Бундай қонунбузилиш ҳолатлари, асосан, ер майдонлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилишларга нисбатан эгалик ҳуқуқини бериш шаклида қайд этилмоқда.

Ачинарлиси, бу каби ҳолатлар юзасидан бирор-бир шахснинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмасдан қолаётганидир. Яъни бунга ким айбдор, ким жавобгар экани қонуний белгиланмаган эди.

Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқдан аксарият ҳолатларда фермер хўжаликлари раҳбарлари фойдаланиб, фуқаролар билан тил бириктирган ҳолда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш сони ортганди.

Шу йил 4 март куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Унга кўра, Жиноят кодекси ердан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар янада аниқ акс этган янги 1971-модда билан тўлдирилди. Унда белгиланганидек, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи жавобгар ҳисобланади.

Агар шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна бу ишга қўл урса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ва ҳатто уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилди. Яъни ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилишига оид мазкур ҳужжат билан Фуқаролик кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотиш, ҳадя қилиш, ижарага бериш, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкин. Бу ҳолда иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган шахс иморат қурган шахснинг харажатларини суд белгилаган миқдорда қоплайди.

Тожибар Юлдашева, сенатор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019