Ер ажратиб беришни ваъда қилиб, пора олаётган шахс қўлга олинди

15:15 12 Ноябрь 2018 Жамият
368 0

 

Хоразм вилояти Шовот тумани “Янги турмуш” МФЙда яшовчи Музаффар Қурязов эндигина тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида эди. Унинг ушбу режасидан бохабар бўлган Қиёт қишлоғилик Равшан Ортиқов туман архитектура ва қурилиш бўлимида ишловчи мансабдор танишлари орқали унга 600 квадрат метр ер майдонини олишда ёрдам беришини айтади. Бунинг учун олдиндан 7 миллион сўм, ишлар битгач яна 3 миллион сўм, жами 10 миллион сўм пул талаб қилади. 

Бироқ ишни харомдан бошлашни истамаган тадбиркор бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Шовот туман бўлимига хабар беради. 

Унинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Р. Ортиқов 5 миллион сўмни пора сифатида олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. 

Афсуски, бундай коррупцион ҳолатлар учраб турибди. Аммо “Жиноятга жазо муқаррар” деганларидек, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пора бериш ва пора олиш, шунингдек, жойларда ер майдони ва биноларга оид ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга чек қўйилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар