ЕОИИга аъзо бўлиш инвестицион муҳитга салбий таъсир қиладими?

12:44 06 Апрель 2020 Сиёсат
191 0

Евроосиё иқтисодий иттифоқига Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши масаласи “Адолат” СДП фракцияси томонидан атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Албатта, интеграция керак, жаҳон бозори керак. Лекин ҳар тарафни жиддий ўйлаб, қадам босмоғимиз муҳим.

ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонга қандай оқибатларни олиб келиши мумкин?

1.Агар ЕОИИга аъзо бўладиган бўлсак, ушбу Иттифоқда етакчи бўлмиш давлатнинг қўйган шартларига кўнишимиз керак бўлади. Бугун хорижий инвесторларга ўзимиз мустақил бож тўловлар белгилаётган вақтда, Иттифоққа аъзо бўлгандан сўнг унинг шартлари асосида белгилашга мажбур бўламиз.

Яъни бу борада бозор ва бож сиёсатидаги мустақиллигимиз чекланади.

2. Бугун Ўзбекистонга қизиқиб турган инвесторлар биздан юз ўгириши мумкин. Чунки дунёнинг кўп мамлакатлари Россия ҳозирда турли санкция ва босимлар остида бўлгани боис ЕОИИга ҳам салбий муносабат билдирмоқдалар.

Иттифоққа аъзо бўлган Марказий Осиё давлатларига, масалан, Қирғизистонга аъзо бўлганидан сўнг Хитой давлати инвесторларининг қизиқиши пасайганлиги қайд этилмоқда.

3. Мутахассислар Иттифоққа киришнинг ижобий жиҳатларидан бири сифатида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг патентсиз Россияда ишлаш имконияти пайдо бўлишини кўрсатмоқдалар.

Аммо Ўзбекистон бундан буён ҳам меҳнат муҳожири етиштириб берувчи давлат мақомида қолмоқчими? деган савол пайдо бўлади. Эндиликда, қўл меҳнати билан эмас, ақл, интеллектуал меҳнат билан даромад топадиган давр келди.

Демак, мақсадимизни меҳнат муҳожири етиштиришга эмас, малакали ва рақобатдош мутахассислар етиштиришга қаратишимиз керак.

Аммо бозорни йўқотмаслик учун кузатувчи мақомида бўлиш, Иттифоқ фаолиятини чуқур ўрганиш энг тўғри йўл бўлади, деб ўйлаймиз. Албатта, биз бу борада халқ фикрини ўрганиб борамиз ва унга таянамиз.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?