Енгилликларнинг айни мавриди

14:21 20 Май 2020 Жамият
409 0

Коронавирус пандемияси бутун халқлар ва миллатлар бошига мураккаб бир синовлар даври бўлиб кирди. 20 май ҳолатига кўра, уни юқтирганлар сони жаҳонда қарийб 5 миллион кишига етди. Вафот этганлар 325 минг нафардан, тузалганлар эса салкам 2 миллион кишидан ошди. Албатта, бу вазиятда каттами-кичикми, ривожланганми ёки тараққий этмаганми – барча давлатларига ҳам осон бўлаётгани йўқ.

Аммо давлатимиз томонидан карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш, иқтисодиётни қайта тиклаш ҳаракатлари халқаро тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, пухта таҳлилларга таяниб олиб борилаётгани эътиборга моликдир.

Айрим шахслар ижтимоий тармоқларда касаллик тўлиқ тугамади, бундай енгиллаштириш пандемиянинг янги тўлқинини ҳосил қилмайдими, деган ҳақли ташвишлар ҳам билдирмоқда. Жавобни айрим давлатлар мисолида қисқача тўхталиб ўтган ҳолда бериш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

Масалан, қўшни давлатларни олиб қарайдиган бўлсак, Қозоғистонда ҳозирга қадар касаллик юқтирган сони 7 минг кишидан ошди, қарийб 40 киши оламдан ўтди. Шунга қарамай, Атирай вилояти 20 майдан мактабгача таълим ташкилотларида навбатчилик гуруҳларини ташкил этишга киришмоқда. Болани боғчага қабул қилиш учун ота-онасининг ҳар иккиси ишлайдиган бўлса, иш жойидан маълумотнома тақдим этилади. 25 майдан Олмотада 3,1 минг умумий овқатланиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Афғонистонда инфекцияга чалинганлар сони 7500 га етиб, уларнинг 180 га яқини бу ёруғ оламни тарк этди. Шунга қарамай, пойтахт Кобулда чеклов чоралари юмшатилмоқда.

Тожикистонда беморлар икки мингга яқинлашган бўлса, кунлик ўсиш 200дан ортиқни ташкил этяпти, 43 киши нобуд бўлди. Ҳукумат вазият оғирлигини ҳисобга олиб чеклов чораларини енгиллаштириш бўйича қандайдир қарор қабул қилишга ҳали эрта, деб ҳисобламоқда.

Қирғизистон Республикасида касалликка 1300 га яқин фуқаро чалинган бўлса, 14 киши оламдан ўтди. Шу кунларда Ўшда барча савдо нуқталарини 8.00 дан 21.00 гача ишлашига рухсат этилди.

Россия Федерациясида эса беморлар сони 300 минг кишига етди, тузалганлар саксон минг нафардан, афсуски, вафот этганлар 2800 кишидан ошди. Бироқ ҳозирда бутун давлат миқёсида фавқулодда ҳолат ёки карантиннинг ягона тартиби йўқ. Кеча давлат бизнес учун 75,3 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратди.

“Роспотребнадзор” ташкилоти барча дўконларни ишчилар ҳароратини назорат қилган ҳолда, қўлқоп ва ниқоблардан фойдаланиб, ишлаши мумкинлиги бўйича аниқ тавсиялар бермоқда. Бунда харидорларнинг ҳам ниқоблардан фойдаланиши мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланмоқда. Президент В.Путин эса санитар врачлар билан ҳамкорликда субъектлар губернаторларининг ўзлари чеклов чораларини енгиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда масъулликни зиммасига олиши кераклигини таъкидлади.

Беларусда салкам 32 минг киши касалланди, 180 нафарга яқин киши нобуд бўлди. Кунлик юқтиришлар сони мингтани ташкил этаётган бўлса-да, бирор бир жиддий чеклов чоралари жорий этилмади. Ҳукумат касаллик иқтисодий ривожланиш суръатларига таъсир этмаслиги керак, деган принципиал тамойил билан яшамоқда.

Жанубий Осиё минтақасидан Ҳиндистонда касалланганлар юз минг нафардан ошиб кетди. Қурбон бўлганлар эса 3 200 нафарга етди. Гарчи ҳар куни 5 мингдан ортиқ киши вирусга чалинаётганига ва карантин режими 31 майга қадар узайтирилган бўлса-да, 18 майдан штатлараро автобуслар ҳаракатига ва фуқаролар кириш-чиқишларига изн берилди. Пойтахт Деҳлида автобус ва таксилар фаолияти қайта йўлга қўйилди. Бироқ 1 та автобусда 20 дан ортиқ киши, 1 та таксига икки кишидан кўп одам чиқмаслиги белгиланди.

Африка қитъасидаги Миср давлатида эса беморлар 13 минг нафарга яқинлашган бўлса, оламдан ўтганлар 650 кишига етди. Ҳукумат шу вақтгача бироз эркин қўйган савдо мажмуалари, жамоат жойлари, парклар, музофотлар ўртасидаги ҳаракатланишни тўлиқ ёпишга қарор қилди.

Европа қитъасидан Германияда 177 минг киши касалликни юқтириб олган. Уларнинг 8 минг нафари оламдан ўтди. Шунга қарамай, тузалиш кўрсаткичи ниҳоятда юқори бўлиб, 160 мингга яқин одам шифо топган. Ҳукумат солиқ тушумлари йўқотишлари ўрнини қоплаш учун маҳаллий органларга 57 миллиард евро маблағ ажратган.

Ҳукумат иқтисодий йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида ёз мавсумида барча ишчиларга мамлакат бўйлаб сайёҳлик таътилларини беришни режалаштирмоқда. Шу йилнинг 15 июнидан эса чегараларда кириш назорати енгиллаштирилади.

Куни-кеча канцлер Ангела Меркель Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 73-сессиясида “Коронавирус пандемияси ЕИ тарихидаги энг оғир инқироз ҳисобланади. Бу инқирозни ҳеч бир мамлакат якка ҳолда ҳал қила олмаслигини, биз ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз зарурлиги” ҳақида баёнот берди. Шу билан бирга Франция президенти Эмманюэл Макрон билан суҳбат асносида 500 миллиард еврога тенг Европа иқтисодиётини тиклаш жамғармасини тузишни таклиф этди.

Америка Қўшма Штатларида касалланганлар сони 1 миллион 550 минг кишидан ошди. Ҳар куни йигирма мингдан ортиқ янги ҳолат аниқланмоқда. Қарийб 92 минг киши оламдан кўз юмди. Шунга қарамай, кўплаб штатларда эндиликда аҳоли гавжум бўладиган пляжлар, черков ва ресторанларни очмоқда. Айрим спорт турлари бўйича мусобақалар ҳам ўтказилмоқда.

Санитар назорат бўйича бошқарма озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар сифатини қаттиқ тартибда назорат қилиб бормоқда.

Ушбу фактлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда карантин давридаги чоралар иқтисодиётни барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилгандир. Жумладан, куни-кеча эълон қилинган Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлиб, жуда долзарб ва айни муддао бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади.

Кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш, жамоат транспорт корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, йўловчи ташиш, маиший хизмат кўрсатиш, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи шахслар жорий йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматларни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича қатор имтиёзлар тақдим этилмоқда. Микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтириляпти, қарздорликни ундириш бўйича ҳам енгилликлар берилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан эса фоиз харажатларини қоплашга компенсация бериш тарзида тадбиркорликни давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилмоқда.

Президентимиз топшириғига кўра, эндиликда тадбиркорлар фаолияти ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ойма-ой таҳлил қилиб борилади. Шунингдек, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқи ва мулк дахлсизлигини бузган туман ва шаҳар ҳокимлари тўғрисида ҳукуматга маълумот киритиб боради. Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган, улар билан етарли даражада ишламаган шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимга лойиқлиги масаласини кўриб чиқади.

Албатта, бунинг моҳиятини тушунган одам тушунади. Чунки бу имтиёз ва имкониятларнинг барчаси охир-оқибат истеъмолчи яъни аҳолининг чўнтагини уйлаб қилингандир. Токи, солиқлар юки орқали корхоналар ўз маҳсулот ва хизматлари нархларини камайтирса, ҳеч бўлмаганда ошиб кетишига йўл қўймаса,барчамиз учун кони фойда бўлади.

Федерация томонидан айни мақсадда ички истеъмол бозорида озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари нархларининг асоссиз равишда ошиб кетмаслиги учун ваколатли давлат органларига кўмаклашиш учун жойларда “Жамоатчилик назорати” ишчи гуруҳлари ташкил этилди ва унга 600 нафар тажрибали мутахассиси жалб қилинди. Бозор ва савдо шохобчаларидаги нарх-навога оид кунлик маълумотлар умумлаштирилган ҳолда махсус комиссияга тақдим этиб борилмоқда.

Шунингдек, Федерациянинг “Меҳр улашамиз” акцияси доирасида аҳолига 300 минг дона тиббий ниқоб, 7000 дона антисептик восита, ижтимоий ҳимояга муҳтож 674 оилага эса озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 200 қоп ун етказиб берилди.Федерация тизими ходимлари ташаббуси билан уларнинг бир кунлик иш ҳақи “Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди”га ўтказилди.

Ҳурматли истеъмолчилар савдо чоғида ҳам ниқоблар ва имкон қадар қўлқоплардан фойдаланишни, оралиқ масофа сақлашни унутманг. Ҳуқуқларингиз бузилганини сезсангиз Федерациянинг 1091 ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Жаҳонгир Саримсоқов,

Ўзбекистон истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?