«Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!»

22:22 29 Август 2020 Жамият
230 0

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги тантаналари «Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида кенг нишонланмоқда. Таъкидлаш жоиз, Мустақиллик бизга тилимиз, динимиз, тарихимиз, миллий қадриятларимизни қайтариб берди, улуғ аждодларимизнинг неча асрлик орзу ниятлари, мақсадларини рўёбга чиқарди.

Бугун мамлакатимизда халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшлар таълим-тарбиясини мустаҳкамлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аёлларимизнинг оғирини енгил қилиш, иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорларга қулайликлар яратиш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқаролар тинчлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Албатта, бундай эзгу мақсадларга эса фақатгина оқилона сиёсат, тўғри қабул қилинган қарор ва фармонлар, уларнинг ижросини тўла таъминлаш билангина эришамиз.

Халқона ислоҳотларнинг давомийлиги яна бир ҳужжатда Муҳтарам Президентимиз томонидан 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида яққол ўз аксини топди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!» дея иқтибос келтириб, олдимизга кўплаб мақсад ва вазифалар белгилаб беради. Хусусан:

— боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш ва бунинг учун бюджетдан қарийб 1,8 триллион сўм маблағ ажратиш;

—​ бу йилдан бошлаб, илк бор 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилиниши, бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиб, бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этиши;

—​ 2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қуриш, 211 тасини капитал таъмирлаш, шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этиб, уларнинг сонини 141 тага етказиш;

—​ жорий ўқув йилидан бошлаб, мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этиш;

—​ олий ўқув юртларига талабалар қабул қилишда давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш;

—​ қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратилиши;

—​ жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт -шароитлар яратиб берилиши шулар жумласидандир.

Германиянинг биринчи канцлери Отто фон Бисмарк «Агарда ким мактаблар қурилишидан маблағларни иқтисод қилса, у ўша маблағларга қамоқхоналар қуради», дея таъкидлаган экан. Шу маънода, мамлакатимизда таълим ва тарбия соҳасига маблағларни керагича ажратилаётгани кўнгилни хотиржам қилади.

Мурожаатномада баён қилинганидек, ҳар бир мақсад ва вазифани амалга оширишга Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро масъул ва жавобгардир.

Шу ўринда бизга мерос бўлган қадриятларимиз, буюк тарихимиз, маданиятимиз ва мустақиллигимизни келажак авлодга етказиб бериш энг асосий бурчимиздир. Акс ҳолда бизни келажак авлод кечирмайди.

Зафар АБДИРИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракция аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?