Энг бой давлатда уйсизлар сони ярим миллиондан ортган

11:49 16 Сентябр 2019 Дунё
163 0

Президент Дональд Трамп Калифорния штатида уйсизлик муаммосига барҳам бериш керак, демоқда. “Вашингтон Пост” газетасига кўра, Лос-Анжелес ва бошқа шаҳарларни уйсизлардан тозалашга кўрсатма берилган. Хусусан, Лос-Анжелеснинг Скид-Роу маҳалласи нишонда, деб ёзади “Америка овози“.

Лос-Анжелес шаҳрида 50 кўчани ўз ичига олган Скид-Роу маҳалласи палатка, чайла ва уюм-уюм чиқиндига тўла. Бу ерда чамаси 18 минг одам яшайди. Асосан гиёҳванд, ичкиликка ружу қўйган ёки руҳий носоғлом одамлар, баъзилари собиқ маҳбуслар. Кўпчилиги ишсизлик, қашшоқлик ёки ногиронлик оқибатида шу аҳволга тушган. Сўнгги йилларда собиқ аскарлар орасида ҳам уйсизлар кўпайган.

“Бу кўчаларда ветеранлар кўп, умуман Скид-Роу тўла. Қора танлиларни ҳам, фахрийларни ҳам кўрасиз”, - дейди уйсизлардан бири.

Шаҳар расмийлари жамоат жойларида, масалан, хиёбон ва йўлакларда тунашни ман этиш билан банд. Бундай чекловлар уйсизларни жиноятчига тенглаштириш демакдир, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Расмийлар муаммони ҳал қилишга маблағ йўқ дейди. Танқидчилар назарида аслида сиёсий ирода йўқ.

“Ҳамма бир гапни айлантираверади. Нима қилишни билмаймиз, ундай қилдик, бундай қилдик, ҳеч фойда бермаяпти, дейишдан нарига ўтмайди. Аслида ҳал қилиниши керак муаммо - уй-жой”, - дейди қурувчи Элвис Саммерс.

У уйсизларга кичик уйлар ясаб беради, бошқаларга ҳам ўргатади. Кўчада яшайдиганлар асосий хизматлар учун Саммерс каби кўнгиллиларга таянади.

2018 йилда АҚШ бўйлаб ярим миллиондан ортиқ одам уйсиз бўлган. Баъзи штатларда камайган бўлса-да, иқтисодий ўсишга қарамай дунёнинг энг бой мамлакатида кўчада тунайдиганлар сони иккинчи йилдирки кўпайиб бормоқда. Асосий сабаб – иқтисодий тенгсизлик, шунингдек, уй-жой ва тиббий хизматлар нархи ошиб бораётгани. Энг кам иш ҳақи мамлакатда 2009- йилдан бери ошмаган. Кўпчилик сиёсатчиларнинг мураккаб қарорлардан қочишини ҳам сабаб қилиб кўрсатади.

Оқ уй нимани режалаётгани ҳозирча мавҳум. Маҳаллий расмийларга кўра, маблағ уйсизларни кўчиришга эмас, уй-жой қуришга сарфланиши керак.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019