Энергиядан оқилона фойдаланишга оид навбатдаги қонун лойиҳаси нега мунозараларга сабаб бўлди?

14:41 11 Апрель 2019 Сиёсат
336 0

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти, мақсад-муддаоси нима? У қандай янгиликларни назарда тутади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ушбу қонун лойиҳаси юзасидан сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари аъзолари иштирокида ўтказилган муҳокамада шу саволларга жавоб изланди. Баҳс-мунозара ҳамда тортишувларга бой ўтган тадбирда ҳар бир фракция аъзоси лойиҳа юзасидан ўз нуқтаи-назарини билдирди.

Шуҳрат БАФОЕВ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Депутатларимиз ишлаб чиққан лойиҳа энг долзарб масалалардан бирини ечишга қаратилган. Чунки ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ишлаб чиқаришда ҳам, аҳолининг маиший ҳаётида ҳам энергия тежовчи технологияларни қўллаш тизимига ўтиш энг самарали йўл ҳисобланади. Бу ўринда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Энергетика вазирлиги ташкил этилгани соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунончи, энергия ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари вазирликнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Қонун лойиҳаси билан энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)ни сертификатлаш масаласи бўйича алоҳида норма киритилмоқда. Бу, фикримча, давлат томонидан энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратишга хизмат қилади. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан замонавий технологияларни жорий этишни тартибга солиш ва давлат-хусусий шерикчилиги асосида рақобатдош маҳсулотларни ишлаб чиқаришда қўл келади.

Жолдасбай АБДУЖАМИЛОВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Лойиҳа орқали амалдаги қонунда мавжуд бўлган “қонун ҳужжатларига мувофиқ, бошқа ваколатларни амалга оширади” деган ҳаволаки норма Ҳукуматнинг ваколатларидан чиқариб ташланаётгани тўғри бўлган. Шу билан бирга, лойиҳа билан фақат Вазирлар Маҳкамасининг энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини ўз ваколатлари доирасида амалга оширувчи орган сифатида киритилиши масаласини қайта кўриб чиқиш керак. Чунки бу соҳада давлат сиёсатини юритишда бошқа давлат органлари ҳам ўз ваколати доирасида фаол қатнашиши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, қонун лойиҳасида акс эттирилганидек, мамлакатимизда энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ёки уларнинг импорти чекланиши иқтисодиётимизнинг янада юксалишига ёрдам беради. Умуман, ушбу жараёнларнинг қонун билан тартибга солиниши энергия тежовчи илғор технологияларни жорий этишни рағбатлантириб, муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга ҳам кўмаклашади.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Ҳудудларда аҳоли билан бевосита мулоқотларимиз чоғида энергия масаласида одамларни қийнаётган муаммолар оз эмаслигига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Ҳолбуки, 1997 йилда қабул қилинган амалдаги қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига етарлича ваколатлар берилмаган, ўтган давр мобайнида унга ўзгартишлар ҳам киритилмаган. Балки мазкур қонунни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, уни қонуности ҳужжатларисиз, тўғридан-тўғри ишлайдиган қилиб, янги таҳрирда қабул қилиш вақти келгандир.

Лойиҳа билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг энергия соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилаётгани, айтиш мумкинки, соҳада ягона давлат сиёсатини юритишда муаммоларнинг тизимли ечилишига ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди. Бу бизнинг сайловолди дастуримизга ҳам ҳамоҳанг бўлиб, сайловчиларимиз кўтараётган, айрим ҳудудларда назоратсиз электр энергиясидан фойдаланиш, ўчириб қўйиш ҳолатларини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда шунга ўхшаш қатор муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради.

Умид СУЛАЙМОНОВ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳаси долзарб масалалар ечимига қаратилган. Мисол учун, у билан амалдаги қонунга 101-моддаси киритилиб, энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини ўз ваколатлари доирасида амалга оширувчи органлар аниқ белгилаб қўйилмоқда. Фикримча, соҳа ривожи учун масъул ва жавобгар органларнинг аниқланиши улар устидан нафақат депутат ёки парламент назоратини, балки жамоатчилик назоратини ҳам тўлақонли амалга оширишга шароит яратади.

Лекин мазкур нормаларнинг қонунда ўз аксини топиши билан унинг амалиётда ишлаш механизмлари ўртасида номутаносиблик масалаларини ҳам ўйлаб кўришимиз, қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларини кенгайтиришимиз лозим. Шунда бу қонун лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиёти, қолаверса, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган ҳужжат бўлади.

Фарҳод ҚУВВАТОВ, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзоси:

— Қонун лойиҳасини мукаммал, деб айтолмайман. Уни янада такомиллаштириш, бунинг учун миллий ва хорижий тажрибани чуқур таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ. Қабул қилинганига 22 йил бўлган амалдаги қонун бугунги кунда мукаммал ишламаяпти. Сабаби, унда ижро механизмлари очиб берилмаган. Шу боис муҳокамадаги қонун лойиҳаси “ўлик” қонунлардан бирига айланиб қолмаслиги учун ундаги айрим меъёрларни аниқлаштириш лозим. Масалан, лойиҳада давлат назорати органларининг ваколатлари белгиланмоқда. Фикримча, уни янада кенгроқ очиш керак. Боиси, энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш вазифаси бу органлар зиммасига юкланмоқда. Ҳудудлардаги ўрганишларимиз жараёнида биз бу борада талайгина муаммолар мавжудлигига дуч келяпмиз. Бундан ташқари, бу модда давлат назорати органи масъулиятини ошириб, экология ва атроф-муҳитга салбий таъсир этувчи омилларга ва воситаларга чек қўйилишида муҳим норма бўлишини таъминлашимиз керак.

Мунозаралар чоғида депутатлар ушбу қонун лойиҳасини янада маромига етказиш юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдирдилар. Хорижий тажрибадан мисоллар келтирилди.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббус билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда кучли энергетика сиёсатини юритиш, иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини таъминлаш, халқимизнинг реал даромадларини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Зиёда АШУРОВА, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019