Энергия нархлари ошадими? Вазир Алишер Султонов билан интервью

11:27 10 Июль 2019 Иқтисодиёт
749 0

Халқ вакиллари ва соҳа мутахассислари фикрлари инобатга олинган ҳолда, мамлакатимизда энергия ресурслари тарифлари оптималлаштирилиши кутилмоқда. Бу янгилик интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда ҳар хил талқин қилиняпти.

Мухбиримиз аҳоли учун энергия ресурслари тарифларидаги ўзгаришларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер СУЛТОНОВ билан эксклюзив тарзда суҳбатлашди.

— Алишер Саидаббасович, аҳоли орасидаги нархлар кескин ошиб кетади, қабилидаги гап-сўзлар қанчалик асосли? Электр энергияси, табиий газ тарифларида қандай ўзгаришлар бўлади?

— Аввало, шуни айтиш керакки, ортиқча ваҳимага ҳожат йўқ. ­Президентимизнинг аҳолига оғирлик тушмасин, дея берган қатъий топшириғидан келиб чиқиб, ўзгаришларда, биринчи ­навбатда, аҳолининг ижтимоий аҳволи, тўлов қобилияти инобатга олинади. Ички имкониятларимиз тўлиқ ишга солиниб, харажатларни камайтириш, йўқотишларнинг олдини олиш эвазига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини арзонлаштириш йўллари қидирилмоқда. Бошқача айтганда, адолатли тариф ­сиёсати ишлаб чиқилмоқда.

Тарифларда у қадар катта ўзгаришлар кутилаётгани йўқ. Инфляция даражасида бўлади.

Давлатимиз раҳбари айтганидек, ҳисоб-китоб бўлмаган жойда барака бўлмайди. Бугунги ислоҳотлар замирида электр энергияси ишлаб чиқарувчилари зарарига ишламаслигини таъминлаш мақсади ётибди. Агар улар фаолияти иқтисодий фойда эмас, аксинча зарар томон кетадиган бўлса, бир ёки бир ярим йилда катта йўқотиш бўлиши мумкин.

Очиғини айтиш керак, иссиқлик электр станцияларининг асосий қисми эскирган. Уларда ёнилғи сарфи катталиги ҳам бор гап. Демак, уларни модернизация қилиш, юқори кучланишли ҳаво тармоқларини янгилаш соҳадаги энг долзарб масала ҳисобланади. Табиийки, булар катта маблағ талаб этади.

Кейинги пайтда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бу йўналишларда салмоқли ишлар бажарилди. Жойларда янги-янги қувватлар фойдаланишга топширилмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида Тўрақўрғон, Тахиатош, Навоий иссиқлик электр станцияларининг янги блоклари ишга туширилади. Бундан ташқари, энергетика тарихида биринчи марта давлат-хусусий шериклик асосида Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида янги электр станция­лари қурилишига киришилди. Бунда Туркиянинг етакчи компаниялари фаол иштирок этаётгани диққатга сазовор. Бу каби лойиҳалар энергетика барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Бироқ олдимизда ҳали қиладиган ишларимиз, режаларимиз кўп.

— Жорий йил бошида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида аҳолига етказиб берилган электр энергиясини белгиланган базавий нормаларга асосан, ҳисоб-китоб қилишга киришилган эди. Назаримда, бу ижтимоий тарифни қўллашда муҳим тажриба вазифасини ўтади. Айтинг-чи, эксперимент натижаси қандай бўлди?

— Чиндан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги қарорига асосан, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Юнусобод туманида жорий қилинган тизим амалда ўзини тўлиқ оқлади.

Гап шундаки, июнь ойига келиб, 300 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилувчилар улуши 84 фоиздан 86,1 фоизга етиб (2,1 фоиз ошган), 300 кВт/соатдан кўп электр энергиясини истеъмол қилувчилар 16 фоиздан 13,9 фоизга тушди (2,1 фоиз камайган). Пул тушуми 60 фоиз ошгани ҳолда, йўқотишлар кескин камайган. Шунинг учун бу йил якуни билан Тошкент, қисман Самарқанд, Бухоро ва Жиззах шаҳарларида мазкур тизим жорий қилиниши режалаштирилган.

Биз, албатта, ижтимоий тарифларга ўтамиз. Энергия истеъмолчилари ўртасида таъминот адолатли бўлиши керак. Чунки аҳолининг ҳар хил қатламлари бор. Минимал энергия ресурслари ишлатадиганлар тўлов чоғида рағбатни ҳис қилишлари лозим. Бунинг учун республикамиз бўйича мавжуд 7,5 миллионта абонентни замонавий электр ҳисоблаш қурилмалари билан таъминлаш ишларига ­киришилди. Бу 2020 йил якунига қадар тугалланиши мўлжалланган. Ана шунда амалиётга ижтимоий норма ва ижтимоий тарифни тўлиқ киритсак бўлади.

Худди шунингдек, табиий газ бўйича 3,5 миллион абонент бор. Уларга зарур онлайн ҳисоблагични ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз ва ойига 300 мингта хонадондаги ҳисоблагичларни алмаштирамиз.

— Аҳамият берган бўлсангиз, ижтимоий тармоқларда айрим аҳоли қатламлари даромадининг катта қисми коммунал тўловларга сарфланаётгани ­айтилмоқда. Бундай шароитда истеъмолчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи қандай ҳал этилади?

— Сўнгги икки йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолининг тўлов қобилиятини ошириш, даромадини кўпайтиришга қаратилган. Тариф ислоҳотлари ҳам халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ошириш режа­лаштирилган. Кўрасизлар, аҳолига катта оғирлик бўлмайди.

Бу ерда ишлаб чиқарувчилар томонидан спекуляция бўлиши эҳтимоли бор. Яъни айрим тадбиркорлар тариф ошди, бу тайёрланаётган маҳсулот таннархига таъсир қилади, дейишлари мумкин. Лекин таннарх ичида энергия ресурсларининг улуши қанчалигини аниқлаб олиш керак.

Нарх-наво икки баробар ошиб кетади, дейдиганлар ҳам топилмоқда. Ўзингиз айтинг, тарифнинг озгина ўзгариши ишлаб чиқаришга шунчалик таъсир қиладими? Ана шуни назорат қилишимиз керак. Бунда жамоатчилик назорати, кўмаги зарур бўлади.

Яқин-яқингача доллар курсига қараб нархни “ўйнатиш” ҳолатлари учрарди. Ҳатто писта сотувчи ҳам баҳосини шунга қараб кўтариб қўярди. Бу нотўғри. Халқимизда шаклланиб қолган бундай қарашни ўзгартиришимиз, беҳуда ваҳимага тушмай ўзгаришлар моҳиятини тўғри тушунишга одатланишимиз керак.

— Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини экологик тоза ҳамда арзон энергия билан таъминлашга қаратилган қуёш электр станцияларини қуриш бўйича бир қанча лойиҳалар тасдиқланган эди. Аммо уларнинг натижаси ҳозирча сезилмаяпти...

— Тўғри, ҳали қуёш, шамол станциялари каби муқобил энергия манбаларини ишга туширганимизча йўқ. Нега, деган савол туғилади. Илгари бу соҳада ишлаш тизими, масалага ёндашув нотўғри бўлган. Аниқроғи, шу пайтгача биз компаниялар билан ишлаганмиз.

Ҳозирги пайтда ушбу йўналишда Жаҳон банки билан ҳамкорлик қиляпмиз. Йирик лойиҳалар тайёрланяпти.

Биласизми, Жаҳон банки Африка давлатларида тендерни тарифларга эълон қилиб, қуёш энергетикаси тарифларини 2-2,5 центга туширган. Биз ҳам шу йўлни маъқул кўриб, битта тендер эълон қилганмиз. Ёзнинг охиригача натижаси ҳам бўлади.

Бугунги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад битта, у ҳам бўлса, қайта тикланмайдиган ресурслардан оқилона фойдаланиб, электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш, таъминотда бар­қарорликни, тарифларнинг мақбуллигига эришишдир.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Саид РАҲМОНОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019