Энергетика вазирлиги Фарғона водийсида журналистлар учун медиа-тур ташкил этди

10:01 02 Август 2019 Жамият
298 0

Фото: Хурсандбек Араббоев / «Халқ сўзи»

Саноатда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш,энерготежамкор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 майдаги Қарорига асосан, 2017 - 2021 йилларда Республикадаги пишган ғишт, оҳак, цемент ва иссиқхона хўжаликларини табиий газга муқобил бўлган ёқилғи - кўмирдан фойдаланишга ўтказиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Узнефетгаз инспекцияси маълумотларига қараганда, Республика бўйича 1386 қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда иссиқхона хўжаликларида 2018 йилга қадар табиий газдан фойдаланилган. Уларни босқичма босқич муқобил кўмирдан фойдаланишга ўтказиш учун тушунтириш ишлари ҳамда таҳлиллар олиб борилди. Натижалари шуни кўрсатдики, 1 гектар ер майдонини иситиш учун мавсум давомида 579 миллион сўмлик табиий газ сарф этилади. Кўмир ёқилғисидан фойдаланувчи иссиқхоналарда эса ушбу кўрсаткич 200 миллион сўмни ташкил қилади. Бу эса тадбиркорларнинг ёқилғи учун сарфлаётган 50-55 фоиз маблағларининг иқтисод қилинишини англатади.

Фото: Хурсандбек Араббоев / «Халқ сўзи»

Медиа-турнинг илк кунида журналистлар Учкўприк туманида пишган ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослашган“Нишонова Жаннатой” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди. Жамиятда табиий ресурсларни иқтисод қилиш ва бу борада амалда қўлланилаётган технологиялар билан яқиндан танишдилар.

–2018 йилга қадар ғишт пиширишда табиий газ ресурсидан фойдаланиб келганмиз, –дейди жамият раҳбари Маъруфжон Нишонов.–Жорий йилдан биз тўлиқ равишда кўмир хокасидан фойдаланишга ўтдик. Табиий газда 1000 дона ғишт пишириш учун 400 мингга яқин табиий газ сарф бўлади. Бу эса маҳсулот таннархининг кескин кўтарилишига олиб келди. Кўмир ёқилғисида эса 1000 дона ғишт пишириш учун 200 кг. кўмир ишлатамиз. Бу эса янги технологияларимиз имкониятларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда сарф харажатларимизни 45 фоизгача қисқартириб юборди.

Фото: Хурсандбек Араббоев / «Халқ сўзи»

Олиб борилган кенг қамровли ишлар натижасида ўтган 2018 йил давомида республика бўйича 185 пишган ғишт ишлаб чиқариш корхоналари 
ва 155 иссиқхона хўжаликлари кўмир ёқилғисига ўтказилди ва 360 млн. м3 табиий газ иқтисод қилиб қолинди. Худди шунингдек, жорий йилнинг ўтган 5 ой мобайнида қўшимча 94 пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарни кўмирдан фойдаланишга ўтказилди.

–Бу бошланган кенг кўламли ишлар, энг аввало,аҳолига, ижтимоий соҳа объектларига ҳамда газдан табиий хомашё сифатида фойдаланадиган чет эл корхоналарига йилнинг тўрт фаслида табиий газ ресурсларини бир маромда, барқарор етказиб бериш мақсадида амалга ошириляпти, –дейди нефтгаз инспекцияси бошқарма бошлиғи Дилшод Каримов. – Шу нуқтаи назардан 115 иссиқхоналарда тўлиқ равишда кўмирдан фойдаланишга мослаштириш бўйича модернизация ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда ишлаб чиқариш корхоналарини кўмирга бўлган эҳтиёжини қондириш учун мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ички ва ташқи инфраструктурани ўрганиб, Қозоғистон Республикасининг “Шубарколь” ва “Майкубен” конларидан юқори сифатли кўмир етказиб келиш бўйича қозоғистонлик ҳамкорлар билан ишлар олиб борилмоқда. Кўмир ёқилғисида ишлайдиган қозонларни ишлаб чиқариш ва ўрнатиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва чет эл корхоналари жалб қилинмоқда. Белгиланган вазифалар бажарилишини таъминлаш орқали тадбиркорларнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотлари таннархини арзонлаштириш билан бирга, йилига 5 миллиард мзиёд табиий газ – тайёр хомашёни иқтисод қилинишига эришилади.

Фото: Хурсандбек Араббоев / «Халқ сўзи»

Куннинг иккинчи ярмида марказий нашрлар ва интернет сайтлари журналистлари иштирокидаги медиа-тур “Fargʻona Issiqlik Elektr Markazi” акционерлик жамиятида давом этди.

Мамлакатимиздаги ушбу йирик корхона 1956 йилда водий аҳолисининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида ишга туширилган. Унинг энергия ишлаб чиқариш қуввати 305 МВт ташкил қилади.

Бугун давр ўзгарди. Техника ва инновацион кашфиётлар асри аҳоли ва корхоналарнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини кескин ошириб юборди. Бу эса энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарга табиий ресурслардан фойдаланишда тежамкор технологияларни жорий этиш мажбуриятини юкламоқда.

Фото: Хурсандбек Араббоев / «Халқ сўзи»

–Давлатимиз раҳбарининг“Фарғона иссиқлик электр маркази ҳудуди ва Фарғона шаҳар РК-3 қозонхонаси ёнида юқори самарали когенерацион газ турбина технологияларини татбиқ этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Япониянинг “Kavasaki heavy Industries” ҳамда “Marubeni Utility Services” компаниялари билан ҳамкорликда умумий қуввати 24 МВт тенг 2 инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда, –дейди акционерлик жамияти директори Фарҳод Абдураҳмонов. – 49,5 миллион доллар қийматга еэга ушбу лойиҳа жорий йилнинг ноябрь ойида якунига етказилгач, яна қўшимча йиллик 194,24 миллион кВт/сэлектр энергияси ишлаб чиқарилади, 124 янги иш ўрни яратилади.

Фото: Хурсандбек Араббоев / «Халқ сўзи»

Ушбу инновацион лойиҳанинг эътиборли жиҳати шундаки, жорий йил охирларида Фарғона шаҳри узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминланади, қўшимча 214,5 минг Гкал. иссиқлик энергияси истеъмолчиларга етказиб берилади. Электр энергиясида учраётган танқислик кескин қисқаради, атмосферага чиқаётган зарарли чиқиндиларнинг таъсири камаяди ва йилига 3,2 миллион м3 газ иқтисод қилинади.

Пресс-турнинг иккинчи кунида журналистлар Наманган вилоятида қуриб ишга туширилаётган Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясида бўлишиб, у ерда олиб борилаётган қурилиш- монтаж ишлари билан танишдилар.

Фото: Хурсандбек Араббоев / «Халқ сўзи»

“Оҳангарон-Пунган” ва “Пунган-Наманган” магистрал газ қувурлари орқали Тўрақўрғон ИЭСни узлуксиз табиий газ билан таъминлаш лойиҳалаштирилган. Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида 2 буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши билан йиллик газ истеъмоли қўшимча 1,58 миллиард м3, табиий газ транспортининг умумий ҳажми эса 
6,1 миллиард м3 га етади.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган иссиқлик станциясини табиий газ билан таъминлаш мақсадида лойиҳа қиймати 15 миллиард сўм бўлган “Тўрақўрғон ИЭС” газ тақсимлаш станцияси ҳам қуриб битказилди.

Фото: Хурсандбек Араббоев / «Халқ сўзи»

Умуман олганда, “Ўзтрансгаз” акционерлик жамияти газ транспорт тизимида барқарор табиий газ етказиб берилишини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Магистрал газ қувурлар узоқ муддат ишлатилганлиги боис қувурларнинг салмоқли қисми яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Қувурлардаги мавжуд нуқсонларни аниқлаш, унинг хавфсиз, узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида Нидерландиянинг “Rozen” компанияси технологияси ёрдамида қувур ички сирти диагностикаси ишлари бажарилмоқда. “Ховос-Фарғона” магистрал линиясининг табиий газ ўтказувчанлигини яхшилаш мақсадида ётқизилган 17 км. газ қувурининг яқин кунларда ишга туширилиши табиий газ ўтказувчанлик қобилиятини 1,5 баробарга оширади. Пировардида, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсининг табиий газ таъминоти янада яхшиланади.

Икки кунлик пресс-тур давомида журналистларнинг қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи”мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019