Энди табиблар лицензия асосида фаолият юритади

11:46 26 Октябр 2018 Жамият
1771 0

Кўпчилик юртдошларимиз хасталигига даво топиш илинжида бир маротаба бўлса-да, табибга мурожаат қилиши бор гап. Чунки кимёвий усулда тайёрланган дори-дармонлардан кўра, турли табиий гиёҳ ва дамламалар асосида шифо топишни афзал биладиганлар халқимиз орасида жуда кўп.

Табибларнинг аксарияти Ибн Сино бобомиз қолдирган манбаларга мурожаат қилиб, замонавий тиббиёт ожизлик қилган айрим хасталиклар давосини амалда кўрсатиб берса-да, уни тан олмасликка ҳаракат қилинди. Халқ табобатини замонавий тиббиётга уйғунлаштириш масалаларига эътибор қаратилмади.

Ҳатто “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунда ҳам халқ табобатига алоқадор нормалар киритилмади. Табибларни тиббиётнинг илғор ютуқлари билан таништириш, ўқитиш, ўзаро тажриба алмашиш, қисқаси, икки йўналишни уйғунлаштирувчи тамойил ишламади. Ваҳоланки, турли дориворлару ноанъанавий усулларда иш юритаётган табибларнинг сони 30 мингдан ошиб кетди. Республикадаги мавжуд 4253 та хусусий тиббиёт муассасасининг 516тасида халқ табобати усуллари кенг қўлланилмоқда.

Бундай тартибсиз вазият айрим уддабурон “табиб”ларнинг одамларни даволаш эмас, балки фирибгарлик билан мўмай пул топишларига ҳам йўл очиб берди. Чунки халқ табобатининг самарасини, улар қўллаётган усулларнинг асл таъсирини ҳеч ким ўрганмади, тиббий назорат ҳам олиб борилмади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай муаммоларга ечим топиш, мазкур йўналишда тўпланган тажрибадан унумли ва хавфсиз фойдаланишга қаратилгани билан ғоятда муҳимдир.

Рўзимуҳаммад ХОННАЗАРОВ, Ўзбекистон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги ­Давлат бошқаруви академияси илмий тадқиқотчиси:

Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Ҳиндистон давлатларида халқ табобатининг самарали усулларидан кенг фойдаланилади. Юртимизда эса бу соҳани ва табиблар фаолиятини ҳуқуқий томондан тартибга соладиган норматив ҳужжатлар ишлаб ­чиқилмаган эди. Бу эса табиблар ва уларга мурожаат қилувчи фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ­имконини бермасди. Қарор билан бу каби камчиликлар бартараф этилади. Энди халқ табобати бўйича тўпланган бой тажриба ва салоҳият замонавий тиббиётга уйғунлаштирилади. Чунки дунёнинг 130 дан ортиқ давлатларида ­айнан шундай йўл танланган.

Ҳужжатга кўра, аввало, халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этиладиган бўлди. Унда халқ табобатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Чунончи, соҳа ижобий ютуқларини замонавий тиббиётга интеграция қилиш, мазкур йўналишда етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш ама­лиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш, халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ­яратиш шулар жумласидан.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда, тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган талаблар, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибини белгиловчи ваколатли орган этиб белгиланди.

Элмира БОСИТХОНОВА,Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:

— Президент томонидан имзоланган ушбу қарор тарихий аҳамиятга эга. Чунки охирги 100 йил давомида халқимиз халқ табобатидан баҳраманд бўлиб келаётган бўлса-да, шу вақтга қадар бу соҳа қонундан ташқарида эди. Энди халқ табобати соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишни назарда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилади, ушбу йўналиш нафақат фан сифатида, балки амалий тиббиёт ривожида, аҳоли саломатлигини тиклашда ҳам катта ҳисса қўшади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантириш бўйича устувор чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Шунингдек, эндиликда халқ табобати хизматларини кўрсатувчиларни ўқитиш, уларга замонавий тиббиётдаги ташхис ва даволаш муолажаларини тўлиқ қўллай олишлари учун республикадаги тиббиёт олий ўқув юртларининг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши”, “Тиббий-педагогика иши” бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув цикли жорий этилади. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида эса халқ табобати кафедраси ва “Халқ табобати” йўналиши бўйича малака ошириш курслари ташкил қилинади.

Бундан буён халқ табобати билан шуғулланувчи шахслар ва шундай хизматни кўрсатувчи тиббиёт муассасалари махсус лицензия асосида фаолиятни амалга оширади. Халқ табобати усулларини қўллаш билан шуғулланаётган мутахассис ва ташкилотлар бўйича ягона ахборот базаси яратилади. Ушбу базага лицензия асосида фаолият олиб бораётган табиблар, халқ табобати усулида иш юритаётган даволаш муассасалари ҳақидаги барча маълумотлар жойлаштириб борилади.

Умуман айтганда, асрлар давомида ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган халқ табобати усуллари эндиликда замонавий тиббиёт билан уйғун ҳолда тараққий этадиган бўлди. Бу халқ саломатлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019