​Энди суднинг ҳал қилув қарорлари интернетга жойлаштирилади

10:21 07 Февраль 2019 Жамият
396 0

2019 йил 6 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳаётининг турли ­соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан ­таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ­лойиҳалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати "Халқ сўзи"га хабар берди.​

Мажлис аввалида депутатлар “Жаҳон банки ва ­Халқаро молия корпорациясининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муноса­бати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий про­цессуал кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилдилар.

Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб ­чиқилган ушбу лойиҳага ­биноан иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамаларида ошкораликни таъминлаш мақсадида Иқтисодий процессуал кодексига суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорларини (ёпиқ суд мажлисларида чиқарилган ҳал қилув қарорлари бундан мустасно) тарафларнинг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий веб-сайтида эълон қилиниши шартлигига доир нормалар киритилмоқда.

Таъкидланганидек, бугунги кунда суд муҳокамаларида ошкоралик уни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш, онлайн тарзида ҳам узатиш ҳамда аудио ёки видеоёзувга олиш йўли билан таъминланмоқда. Суд муҳокамаларида очиқлик ва ­ошкораликни таъминлашдаги кейинги қадам эса суднинг ҳал қилув қарорларини интернет тармоғида, шу жумладан, Олий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиш ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодий судлар томонидан даъво суммаси кам миқдорда бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда кўриш тўғрисидаги нормалар киритишни ҳам назарда тутади.

Унга кўра, солиқ тўловчининг солиқ қарзини унинг мол-мулкига қаратиш талаби бўйича, агар даъво суммаси юридик шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан ошмаган миқдорда бўлса, даъво ариза бўйича ишни соддалаштирилган тартибда кўришни белгилаш таклиф қилинмоқда.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида лойиҳанинг таклиф этилган номи ўзгартирилди, 4 та янги норма киритилди, 3 та норма чиқариб ташланди. Муҳокамалар давомида лойиҳанинг деярли барча нормаси таҳририй тузатилди.

Депутатларнинг фикрича, қонунчиликка киритилаётган бу каби янгиликлар суд ишларини юритиш тизимига соддалаштирилган тартиб-таомилларни жорий қилиш, ишларни тезкорлик билан кўриб чиқиш, муайян турдаги низолар бўйича ҳал қилув қарорларини кузатиб бориш имконини беради. Энг муҳими, Жаҳон банки ва Халқ­аро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон кўрсаткичларини янада яхшилашга хизмат қилади.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда парламент ва ҳукуматнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, парламентда қабул қилинаёт­ган қонунларнинг сифатли тайёрланиши ҳамда бу борада қонунчилик ва ижро ҳокимияти ўртасидаги масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили лавозими жорий қилинган эди.

Мажлисда депутатлар томонидан муҳокама этилган муҳим маса­лалардан бири ана шу ваколатли вакил институти жорий қилиниши муносабати билан бир қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар ­киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳисобланади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили лавозимининг жорий этилиши муносабати билан 2018 йилнинг 23 июлида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунга тегишли қўшимчалар киритилган. Ушбу Қонун Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакилининг ҳуқуқий ­мақомини қонун даражасида мустаҳкамлашга, ҳукуматнинг парламент палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизм­ларини янада такомиллаштиришга, унинг қонун ижодкорлиги жараёнида самарали иштирокини таъминлашга қаратилган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа билан парламент фаолиятини тартибга солувчи бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.

Депутатларнинг қизғин муҳокамасидан ўтган навбатдаги масала эса “Халқаро меҳнат ташкилотининг Халқаро меҳнат нормалари қўл­ланилишига кўмаклашиш учун уч ­томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сон конвенция­сини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил

20 августдаги қарори билан тас­диқланган “Йўл харитаси”га ­биноан ишлаб чиқилган.

Муҳокамалар чоғида айтиб ўтилганидек, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг 144-сонли конвенция­си тадбиркорлар ва меҳнат қилувчиларнинг эркин, мустақил ташкилотлар ташкил этишга бўлган ҳуқуқларини мустаҳкамловчи ХМТ конвенциялари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган 87-сонли ва 98-сонли конвенциялар қоидаларидан келиб чиқади. Унинг мақсади ХМТ фаолиятига оид масалалар, жумладан, мазкур ташкилотнинг конвенцияларини ратификация қилиш ва уларни қўллаш мақсадида ваколатли давлат органи томонидан кўрилган чора-тадбирлар хусусида мазкур орган тарафидан ХМТга йиллик маълумотларни тақдим этиш юзасидан давлат ҳокимияти органлари, тадбиркорлар ҳамда меҳнат қилувчилар вакиллари ўртасида миллий даражадаги уч томонлама маслаҳатлашувлар самарадорлигини таъминлашдан иборат.

139 та давлат, хусусан,­ ­Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Қирғизис­тон, Қозоғистон каби МДҲ мамлакатлари қўшилган мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши ­халқаро меҳнат стандартларини миллий қонун ҳужжатларига жорий этишга, ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан алоқаларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга кўмаклашади.

Шундан сўнг депутатлар “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар ­томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, бепуштликнинг олдини олиш ва даволаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишни назарда тутади. Лойиҳада соғлом оилани ­шакллантириш, замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини таъминлашда уларни ҳомиладор бўлгунга қадар, ҳомиладорлик пайтида, туғиш ва туғишдан кейинги даврда даволашнинг замонавий услубларини қўллаш каби ­масалалар ўз ифодасини топган.

Муҳокамалар чоғида қайд этилганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини таъминлашга, ­бепуштликни самарали даволаш, фуқароларнинг ота-она бўлишига, оилада бахт ва фаровонликка ­эришишига пойдевор яратади. ­Фуқароларга юқори технологияларга асосланган сифатли ва юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини оширади, шунингдек, хусусий тиббиётни янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини ­мустаҳкамлайди. Энг муҳими, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишида муҳим ижтимоий аҳамият касб этган оила мустаҳкамлигини таъминлашга ёрдам беради.

Қизғин баҳс-мунозара, муҳокама ва тортишувлардан сўнг қонун ­лойиҳалари қабул қилинди.

Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ­ваколатига тааллуқли бошқа ­масалалар ҳам кўриб чиқилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019