Энди онкологик хасталикларга шифо истаб хорижга боришга ҳожат йўқ

16:43 28 Август 2018 Жамият
273 0
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига «Электа Инфинитй» фирмасининг замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси ўрнатилди. Мазкур ноёб ускуна дунёнинг саноқли давлатларидагина мавжуд.

Марказда ташкил этилган тадбирда мазкур юқори технология имкониятлари соҳа мутахассислари ва журналистларга таништирилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори аҳолига ихтисослашган онкологик тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш, аҳолининг барча қатламини тўла қамраб олувчи тизимни шакллантириш ҳамда ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарор ижроси доирасида ҳудудлардаги 15 та онкология диспансери Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалларига айлантирилди. Барча онкология муассасалари реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятларида ушбу муассасалар бутунлай янгидан қурилди. Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг асосий бинолари режа асосида босқичма-босқич реконструкция қилинмоқда.

Онкологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида республика бўйлаб сут бези, бачадон бўйни саратони бўйича скрининг тадқиқотлари олиб бориш ишлари бошлаб юборилди. Қизилўнгач, меъда ва колоректал саратон бўйича эса Фарғона вилоятида тажриба тариқасида скрининг тадқиқотлари режалаштирилган.

Сут бези саратони скрининги ўтказиш учун 13 та мобил ва 16 та стационар маммографик ускуналар харид қилинмоқда. Режага асосан Самарқанд, Фарғона ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида 3 та ҳудудлараро иммуногистохимик лабораториялар ташкил қилинмоқда. Республика бўйича 11 та гамма терапевтик ва 7 та брахитерапевтик ускуна ўрнатилади. Юртимизнинг онкология муассасалари МРТ+гипертермия, ПEТ томография, «да Винcи» робот ускунаси, кибер тиғ, ангиографик комплекс каби энг замонавий ташхислаш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланади.

Барча вилоят филиалларида кечки босқичлардаги беморларга ёрдам кўрсатиш учун жами 200 койка паллиатив ёрдам бўлимлар ташкил қилиш учун тайёр. Ҳозирги кунда бўлимларни жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Тошкент шаҳри, Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларида кечки босқичлардаги, махсус давога эҳтиёж бўлмаган оғир беморларга ёрдам кўрсатувчи ҳудудлараро хоспислар ташкил қилинмоқда.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида «Электа Инфинитй» фирмасининг замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси ўрнатилганлиги мамлакатимизда онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

— Нур терапия онкологик беморларни даволашдаги асосий усуллардан биридир, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдувоҳид Хўжаев. — У жарроҳлик усули билан бирга комбинирланган ва алоҳида шаклда қўлланилади. Бундан ташқари, ушбу усул паллиатив ва симптоматик даво учун ҳам ишлатилади. Ривожланган давлатларда нур терапия онкологик беморларнинг 60 фоиздан ортиғини даволашда қўлланилади. Марказимизнинг «Электа Инфинитй» чизиқли тезлаткичи билан таъминланиши амалиётда нур терапиясидан кенг кўламда фойдаланишга, онкологик беморларни даволашда юқори самарадорликка эришишга олиб келади. Ушбу замонавий ускунанинг имкониятлари жуда кенг бўлиб, у даволовчи нурни нишонга максимал аниқликда ва дозада беради, шунингдек, соғлом тўқима ҳамда аъзолар зарарланишини минимал даражада қисқартиради. Ушбу меъёрга амал қилиш натижасида даволаш самарадорлиги ортади, беморлар ҳаёт сифати яхшиланади, ножўя таъсирларнинг қисқариши ҳисобига беморлар ногиронлиги камаяди.

Бундай самараларга эришиш учун дунёнинг ривожланган давлатларида қабул қилинган услуб сифатида нур терапиянинг замонавий ҳажмли (3Д) конформациялаш усули қўлланилади. Бугунги кунда бош-бўйин, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи ва кичик чаноқ аъзолари ўсма касалликларини даволашда ушбу технология «олтин» стандартдир. Бундан ташқари, нур терапиянинг ротацион услубда тутамлар интенсивлигини модуляция қилиш (ВМАТ) натижасида ускунанинг ўтказувчанлик қобилияти вақтининг 2-3 баробар қисқаришига эришилади. Бу эса, ўз навбатида, ўпка, простата бези каби ҳаракатчан аъзолардаги ўсма нишонларини даволашда жуда муҳимдир.

Дилшод КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар