Энди маҳаллий Кенгашларда доимий асосда ишлайдиган котибиятлар бўлади

19:28 15 Сентябр 2020 Сиёсат
250 0

Маълумки, сўнги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилди. Бироқ, бу борада амалга оширилган ишлар ҳозирги кунда етарли эмаслигини кўрсатмоқда.

Бунга эса халқ депутатлари Кенгашларига ташкилий жиҳатдан кўмаклашувчи бўлинманинг мавжуд эмаслиги, мазкур вазифа гарчи ўзига хос бўлмаса-да, ҳокимликларнинг аппарати томонидан амалга оширилаётгани сабаб бўлмоқда.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган ҳамда жорий йилнинг 14 сентябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юқорида келтирилган масаланинг ечими бўла олади.

Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгашларнинг доимий асосда ишлайдиган котибиятларининг ташкил этилиши мазкур кенгашлар фаолиятини янада кучайтириш учун хизмат қилади.

Қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Кенгаш котибияти билан боғлиқ ўзгартишлар киритилган.

Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказиш, котибият юридик шахс ҳисобланиши ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши, котибият тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатларни тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши, котибият ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколат муддатига боғлиқ бўлмаслиги белгилаб қўйилди. Котибият Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкига эга бўлиши ҳамда котибиятнинг намунавий низоми ва намунавий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланишига оид нормалар мустаҳкамланди.

Шунингдек, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига халқ депутатлари Кенгаши депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлаш, шунингдек, депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатларини уюштириш вазифасини вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари зиммасидан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятига ўтказиш билан боғлиқ ўзгартишлар киритилди.

Хорижий амалиёт ўрганилганда, Грузия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлар маҳаллий Кенгашларининг фаолиятига кўмаклашиш учун махсус тузилмалар (девон, котибият ва бошқалар) ташкил этилганлигини кузатишимиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августдаги «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ эксперимент тариқасида ташкил этилган халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши котибиятлари самарали фаолият юритиб келмоқда.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида котибиятларнинг ташкил этилиши маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа жиҳатдан таъминлаш, доимий комиссияларининг назорат соҳасидаги ваколатларини самарали амалга оширишга кўмаклашиш, маҳаллий ижроия ҳокимияти, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг ҳисоботлари (ахборотлари) эшитувини ташкил қилишга кўмаклашиш имкониятини берди.

Шу билан бирга депутатлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ҳамда мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш, маҳаллий Кенгаш фаолиятига оид тадбирлар тўғрисидаги хабарлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини, маҳаллий Кенгашнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилишини ташкил этиш ҳамда маҳаллий Кенгаш ва унинг доимий комиссиялари қарорлари лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига, шунингдек юридик техника талабларга мувофиқлигини кўриб чиқиш, мазкур ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорларнинг маҳаллий Кенгаш муҳокамасига киритилишидан олдин тегишли Адлия бошқармаларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил қилиш ишларини енгиллаштиради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун маҳаллий Кенгашлар фаолиятига бевосита кўмаклашувчи тузилмани ташкил қилиш орқали ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳлари зиммасидан ўзига хос бўлмаган вазифалар соқит қилинишига ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг янада яхшиланишига хизмат қилади.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари
қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?