Энди компьютер ўйинлари завқ учун эмас, дарс учун ўйналади

19:16 22 Март 2019 Жамият
947 0

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари изчил ривожланиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, соҳанинг барқарор тараққий этиши учун малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни оширади. Жорий йил 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Йиғилишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳар ва туманлар марказларида Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Бу марказларда электрон тижорат ва дастурлаш бепул ўргатилади, ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича инновацион кўникмалар берилади, “стартап” лойиҳаларга ёрдам кўрсатилади.

Ушбу ташаббус асосида вазирлик томонидан Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ана шундай марказлар ташкил этиш бўйича концепция ишлаб чиқилган эди.

Бугун “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Сирдарё вилояти филиали Мирзаобод тумани телекоммуникация боғламаси маъмурий биносида дастлабки “Рақамли технологиялар маркази” очилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи ONLINE”га Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, қисқа фурсатларда вазирлик томонидан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Рақамли технологиялар ва IT-тадбиркорлик ўқув марказини очиш бўйича ташкилий чоралар кўрилиб, марказ замонавий компьютерлар ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Унинг мамлакатимиз бўйлаб Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари давом этаётган бир пайтда очилиши Сирдарё вилояти ёшларига муносиб байрам туҳфаси бўлди.

Мирзаобод туманида жойлашган мазкур марказ Сирдарё вилоятининг шаҳар ҳамда туманларда очиладиган марказлар ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси асосида ташкил этилаётган Технопарк ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради.

Бу ерда ёшларга ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асослари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик йўналишларида сабоқ берадиган ўқув курслари ташкил этилади. Ушбу марказда 3 та ёш тоифасида, яъни 9 — 15, 16 — 19 ҳамда 20 — 25 ёшдаги таълим олувчилар босқичма-босқич ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малакали мутахассислар сифатида тайёрланади.

Қолаверса, ёшларни компьютер спортига (киберспортга) жалб қилиш, киберспорт қоидаларини ўргатиш, турли ўйинлар бўйича гуруҳларни шакллантириш, жамоавий ўйинлар амалиётини ташкил этиш, республика миқёсида мусобақалар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

“Рақамли технологиялар маркази”нинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019