Энди хулоса берувчи ташкилотларнинг “қош-қовоғи”га қараб турилмайди

17:08 17 Декабрь 2019 Жамият
183 0

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 9 декабрь куни Президентимизнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Бу муҳим ҳужжатга кўра, эндиликда яшаш жойидан ва яшаётганлиги тўғрисида, фуқаронинг ёлғиз яшаётганлигини тасдиқловчи каби 28 турдаги маълумотномани талаб этиш тақиқланди. Қолаверса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларнинг берилишига асло йўл қўйилмайди.

Ушбу муҳим ўзгариш бизга нима беради?

Мазкур қарорда келтирилишича, ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотлар эскирган бюрократик усулларда иш юритар эди. Шу жумладан, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасининг пастлиги, қоғозбозлик ҳажмининг юқорилиги, шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиёти сақланиб қолаётганди.

Қабул қилинган бу қарор эндиликда давлат хизматларини кўрсатиш сифатини такомиллаштириш, маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш, ортиқча қоғозбозликдан воз кечиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имкониятини берди. Албатта, кўзда тутилган барча белгиланган ишлар босқичма босқич амалга оширилади.

Давлат идоралари қандай тартибда ишлайди?

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантирилади ҳамда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти бўйича зарур ҳисоботларни реал вақт режимида тузиш ҳамда 2021 йил 1 январга келиб қоғоз кўринишидаги бланкалар, шакллар ва жадвалларни тўлдиришдан тўлиқ воз кечади.

Барча давлат органлари ва ташкилотларда ҳисобот ва ҳужжат айланиши ва юритилишининг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.

Маҳаллий ҳокимликларнинг қандай ваколатлари олиб ташланди?

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳокимликларнинг алоҳида функция ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилади.

Яъни:

Аҳолининг ичимлик, маиший ва бошқа эҳтиёжлари учун мўлжалланган сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги туманлар (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимларига;

Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун ҳамда давлат ўрмон фонди ерларига кирмайдиган захира ерларида пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш учун рухсатномалар бериш Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига;

Иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини (йўл қўйиладиган узоқликда эканлигини) белгилаш Аҳоли бандлигига кўмаклашиш туман (шаҳар) марказларига;

Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси бериш туман (шаҳар) солиқ инспекцияларига;

Турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома бериш туманлар (шаҳарлар) қурилиш бўлимларига;

Дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдосини амалга оширишга лицензия бериш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига;

Нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаларига;

Риэлторлик фаолиятини олиб бориш учун лицензия бериш ваколати Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларига берилди.

Шунингдек, ҳокимликларнинг бозор фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилиш каби ваколатлари бекор қилинади.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, қарор 1-иловасидаги 6-11 бандларида кўрсатиб ўтилган алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдосини амалга оширишга лицензия бериш каби 5 та жараён давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилса-да, ҳамкор ташкилотлардаги ортиқча югур югурлар, хулоса берувчи комиссия таркибидаги ташкилотларнинг “қош-қовоғи”га қараб туриш ҳолатлари ҳали йўқолмаган эди. Бу жараёндаги ортиқча вақт эса регламент асосида ДХМ томонидан белгиланган муддатнинг чўзилиб кетиши ва маъмурий жавобгарликдан “қутилиб қолиш” мақсадида ҳамкор ташкилотларнинг асоссиз равишда тадбиркор аризани рад қилиш ҳолатлари юзага келаётганди. Бу эса бюрократик тўсиқлар ва коррупцияни юзага келтириб ойлар давомида тадбиркорнинг ҳокимлик эшигидан кетмаслигига мажбурлар эди.

Қабул қилинган қарор асосида эндиликда, ҳокимликлар таркибидаги 5 та ташкилотдан таркиб топган комиссиянинг хулосалари олинмайди. Давлат хизматлари марказлари орқали электрон тартибда фақатгина ваколатли агона ташкилот орқали рухсатнома ва лицензиялар берилади.

Тан олиш керак, бу каби бюрократик тўсиқлар аҳоли ва тадбиркорларнинг йиллар давомида бошини оғритиб келган муаммолар эди. Янги қарор билан бу ҳолатларга чек қўйилади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019