Энди интернет орқали ер участкасини сотиб олиш мумкин

11:40 06 Июль 2018 Жамият
2950 0
Фото: auctionfire.com


Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақида “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Ҳужжатга кўра, бундан буён бўш ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун “Е-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси доимий фойдаланишга берилади.

Бунга кўра ер участкалари қуйидаги нархларда белгиланади:

ер участкаси майдони 0,01 гектар бўлганда, энг кам иш ҳақининг икки баравари;
ер участкаси майдони 0,01 гектардан 0,05 гектаргача бўлганда, энг кам иш ҳақининг уч баравари;
ер участкаси майдони 0,05 гектардан 0,1 гектаргача бўлганда, энг кам иш ҳақининг тўрт баравари;
ер участкаси майдони 0,1 ва ундан кўп гектар бўлганда, энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида.
Туман ҳокимининг ваколатига қуйидаги ерларни ажратиш киради:

захира ерлардан;
қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган ерлардан, тубдан яхшилаш ишлари амалга оширилган суғориладиган ерлар, пичанзорлар ва яйловлар бундан мустасно;
ўрмон фонди ерларидан (ўрмон ўсимликлари билан қопланган ерлар бундан мустасно);
саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсаддаги ерлардан;
сув фонди ерларидан.
Ваколатли органлар ер участкасини танлашда электрон шаклда хулосалар беради. Ҳокимлар бўш ер участкалари бўйича олинган материалларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши учун шахсан жавобгар бўлади.

Бўш ер участкаларини танлашда Давлат санитария-эпидемиология назорати хизматининг ҳамда туман ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлимининг хулосасини олиш талаб этилмайди.

Аукционлар Интернет тармоғи орқали ўтказилади. Аукционларни ўтказиш тўғрисидаги хабар 30 кун олдин эълон қилиниши керак.

Электрон аукционда иштирок этишга буюртмалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб операторнинг веб-порталида автоматик тарзда қабул қилинади ва аукционни ўтказиш кунидан икки иш куни олдин (соат 13-00 да) якунланади.

Буюртмалар электрон кўринишда берилади.

Буюртмалар электрон рақамли имзо билан имзоланади.

Буюртмачи буюртманомага закалат пули тўланганини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг электрон (сканер қилинган) нусхасини илова қилиши мумкин.

Электрон аукционда иштирок этиш учун закалат пули ер участкаси минимал қийматининг 20 фоизи миқдорида белгиланган.

Аукцион унга қўйилган икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлгандагина ўтказилади.

Аукцион иш куни мобайнида соат 9.00 дан соат 18.00 гача ўтказилади.

Электрон онлайн аукционни ўтказиш вақти 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва аукцион 21-00 соатга қадар якунланиши лозим. Охирги таклифни соат 21-00 га қадар билдирган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.

Аукционни ўтказишда техник узилиш содир бўлган ҳолларда, аукцион тўхтатилади ва ўтказиш вақти ҳақида хабар берилган ҳолда узилиш бартараф қилинган кундан кейинги кунда давом эттирилади.

Оператордан аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани олган пайтдан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимлари 3 кун мобайнида ғолибга ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш тўғрисида қарор чиқариши лозим.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар