Энди ҳокимлар мулкдор ерини тортиб олиш ваколатига эга эмас, аммо...

20:08 20 Август 2020 Сиёсат
370 0

Энди ҳокимнинг мулкдор ерини тортиб олишга ҳаққи йўқ. Бу борадаги барча ваколатлар маҳаллий кенгашлар ихтиёрига берилади. Аммо бу ҳоким билан мулкдор ўртасидаги зиддиятга ечим бўла оладими?

Маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳаракатлар нега кутилган натижани бермаяпти?

Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар томонидан айрим қонун лойиҳаларига кўплаб эътирозлар билдирилди. Хусусан, «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

— Ушбу қонун лойиҳаси бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади, — дейди фракция раҳбари Алишер Қодиров. Чунки охирги йилларда жамиятимизда шу масала билан боғлиқ ижтимоий кескинлик, англашилмовчиликлар жуда кўпайди. Шу нуқтаи назардан, бу қонун лойиҳасининг ташаббус қилиниши жуда ҳам муҳим ва уни янада такомиллаштириш лозим.

Йиғилишда таъкидланишича, 2018-2019 йилларда давлат тасарруфидан чиқариш натижаларини қайта кўриб чиқиш бўйича расмий органлардан 526 та даъво аризаси киритилиб, уларнинг 250 таси қаноатлантирилган ва мулклар давлат ихтиёрига қайтарилган. Ана шундай ҳолатларни тартибга солиш, хусусий мулк дахлсизлигини янада такомиллаштириш мақсадида амалдаги қонунга ўзгартишлар киритиш таклиф қилинмоқда. Яъни, амалдаги қонунда давлат манфаати устуворлик касб этган бўлса, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида мулкдорлар ҳуқуқи, қонуний манфаатлари кафолатлари янада мустаҳкамланмоқда.

Жумладан, лойиҳага ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатларини чеклаш, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш каби ўзгартиришларни киритиш таклиф этилган.

— Мен бу қонун лойиҳасининг ҳоким билан мулкдор ўртасида юзага келаётган зиддиятларга барҳам беришига ишонмайман, — дейди фракция аъзоси Илҳом Абдуллаев. — Ер билан боғлиқ ваколатнинг ҳокимдан маҳаллий кенгашларга олиб берилиши масаланинг ечими эмас. Чунки маҳаллий кенгашларга ҳамон ҳокимлар раислик қилмоқда. У бу ваколатдан фойдаланиб, бундай қарорларни кенгаш номидан тасдиқлатиб олаверади. Ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилишига барҳам берилмас экан, ер билан боғлиқ зиддиятлар давом этаверади.

Йиғилишида «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, давлат идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлса-да, амалда кутилган натижаларга эришилмаяпти. Бунга халқ депутатлари Кенгашларининг ташкилий фаолиятига кўмаклашувчи бўлинманинг мавжуд эмаслиги, мазкур вазифа гарчи ўзига хос бўлмаса-да, ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан амалга оширилаётгани сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳасида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибиятига ўтказиш, котибиятга юридик шахс мақоми берилиб, унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштириш масалалари назарда тутилган. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятига бевосита кўмаклашувчи тузилмани ташкил қилиш орқали ҳокимликларнинг аппарати зиммасидан ўзига хос бўлмаган вазифалар соқит қилинади ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан давлат органларининг фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назорати таъминланади.

Йиғилишда депутатлар томонидан ушбу қонун лойиҳаси ҳам маҳаллий кенгашлар фаолиятини кучайтиришга хизмат қилмаслиги таъкидланди. Чунки депутатлар фаолиятига кўмаклашувчи тузилма ҳам ҳокимиятда фаолият кўрсатади ва ҳоким хоҳлаган пайтда уларнинг ишига таъсир ўтказилиши мумкин.

Қонун ташаббускорлари депутатларнинг бу эътирозига жавоб қайтарар экан, қонун лойиҳасини тайёрлашда бу жиҳат ҳам эътиборга олингани, ҳозирда ҳокимларнинг кенгашларга раислик қилиш амалиётидан воз кечиш ва алоҳида фаолият кўрсатишини таъминлаш борасида ишлар бошлангани, юқоридаги ҳолат эса шундай ҳаракатлардан бири эканини таъкидладилар.

Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди ва депутатлар томонидан партия мақсад, вазифаларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?