Эмомали Раҳмон: Марказий Осиё қурғоқчилик мавсумини бошидан кечиряпти

16:11 21 Июнь 2018 Дунё
308 0
Фото: youtube.com

Марказий Осиё ёғингарчилик кам бўлганлиги оқибатида қурғоқчилик мавсумини бошидан кечиряпти.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Душанбеда 20 июнь куни бошланган “Сув 2018-2028 йилларда барқарор ривожланиш учун” мавзусида халқаро конференцияда худди шундай фикрларни билдирди.

“Мавсумий ёғингарчилик миқдори камлиги оқибатида минтақа мамлакатлари сувсизликка дуч келиб турибди – дарёларга сув келиши оқими ўртача йиллик кўрсаткичдан анча кам, башоратлар эса вегетация мавсумида дарёларнинг сувга тўлиши меъёрнинг атиги 60-70 фоизи ҳажмида бўлишини кўрсатмоқда”, - деди у.

Унинг сўзларига қараганда, юзага келган вазият шунга ўхшаш минтақавий муаммоларни ҳал этиш ва “сермаҳсул ҳамкорлик” учун Марказий Осиёдаги барча мамлакатларининг лозим даражадаги ҳамкорлиги ва мустаҳкам мувофиқлигини талаб қилади.

Тожикистон Президенти иқлим ўзгаришларининг табиатга ва Тожикистон ва Марказий Осиёдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатга таъсири кучайиб бораётганига ҳам эътибор қаратди:

“Кўп йиллик кузатувларга кўра, охирги 60 йил давомида Тожикистонда ҳавонинг ўртача йиллик ҳарорати Цельсий бўйича бир даражага ортган, табиий гидрометеорологик ҳодисаларнинг рўй бериш оралиғи ва жадаллиги кўпайган. Шу омиллар таъсирида Тожикистонда тошқин, сув босиши, сел, қор кўчиши ва ўпирилишлар кўринишидаги табиий офатлар ҳар йили аҳоли ва мамлакат иқтисодиётига жиддий зиён етказмоқда. Бундан ташқари, охирги бир неча ўн йилликлар мобайнида биз деярли 1000 та кичик ва катта музликларни бой бердик”.

Анжуман БМТ ҳомийлиги остида бўлиб ўтаяпти. Тадбир иштирокчилари орасида – Покистон ва Туркманистон Президентлари Мамун Ҳусайни ва Гурбангули Бердимуҳамедов, Афғонистон ижроия ҳокимиятининг раҳбари Абдулло Абдулло ҳам бор. Конференция 22 июнгача давом этади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар