Элнинг ишончини оқлаган инсон

18:07 27 Август 2018 Жамият
151 0

Инсон ҳаётнинг қандайдир бир чигали ёки мушкули билан қийналиб турганда, кимдандир бир яхшилик кўрса, бу нарса унинг юрак-юрагида қоладики, бутун умр эсдан чиқмайди. Туманимиз нотариуси Карим Қодиров билан танишувимиз ҳам шундай бўлган аслида. Ўшанда мен институтга кириш учун ҳужжатларни йиғиб турган бир ёш йигит эдим. Нимадир бўлди-ю, ҳужжатларимни қабул қилишмади. Музработга қайтиб бориб айрим ҳужжатларни нотариал тасдиқлашга тўғри келди. Вақт жуда қисқа эди. Ана шундай вазиятда Карим ака мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ишимни тезгина битириб берди. Ўша йили ўқишга кирганман.

Ҳозир ёшим олтмишдан ошган бўлса-да, Карим аканинг шу яхшилиги ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.

Карим Қодиров 1969-1975 йилгача туман судида мудир бўлиб ишлаган. 1980 йилда Тошкент давлат юридик университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. 1975 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар Музработ тумани нотариал идорасининг нотариуси бўлиб ишлаб келмоқда. Шу одамнинг иш юритиш ҳужжатлари асосида бир неча авлод катта бўлди. Нотариусга кимнинг иши тушса, Карим Қодировнинг бағрикенглиги, ўз ишининг устаси эканига яна бир бор гувоҳ бўлади.

Қачон у кишининг идорасига бир бош суқсам, ё кимгадир маслаҳат бериб турган бўлади, ё бировнинг мушкулини осон қилиш учун бош қотириб ўтирган бўлади. Бўш вақтининг ўзи йўқ.

“Нотариал идоралар тузиладиган битимларнинг қонунийлигини таъминлайди, низоли ҳолатлар юзага келишини олдини олиш учун томонларни ҳуқуқий ҳимоя қилади. Ишимизнинг масъулияти жуда ҳам юқори. Шунинг учун ҳар бир ҳужжатни жуда синчиклаб ўрганишга, ишимни бехато қилишга ҳаракат қиламан. Баъзан инсонлар тузилган шартномаларни ўқимасдан туриб ишини тез битиришга ҳаракат қилади. Ўзбекчилигимизга бориб ҳар доим шошамиз. Ҳужжат асосида улардан бир нарса талаб қилинса, дарров югуриб келишади. Шундай пайтларда мен эринмасдан ҳар иккала томонга ҳужжатни ўқиб эшиттириб, шартнома ёки келишув бўладими, ундан келиб чиқадиган оқибатлар билан таништиришга ҳаракат қиламан. Ишимнинг энг масъулиятли ва муҳим томони ҳам шунда” дейди Карим Қодиров.

К.Қодиров хизматлари учун бир неча марта Адлия вазирлиги томонидан тақдирланган. 2006 йилда “Шуҳрат” медали, 2017 йилда Конституциямизнинг 25 йиллиги кўкрак нишони соҳибига айланган.

У инсон сифатида, оила бошлиғи сифатида ҳам ҳавас қилса арзигулик инсон. 4 қиз, 2 ўғилни вояга етказди, уйли-жойли, касбу корли қилди. Фарзандлари эл хизматидаги инсонлар. Карим ака сингари инсонларнинг тақдири ёшларга ибрат бўлса арзийди.

Равшан Омонтурдиев,
Музработ тумани “Шаффоф” маҳалласи фаоли, меҳнат фахрийси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар