Электротехника саноатида уч йилда 71 лойиҳа амалга оширилади

16:07 13 Июнь 2019 Жамият
412 0

Электротехника саноатини жадал ривожлантириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, Ўзбекистонда 2019–2021 йилларда 71 лойиҳа амалга оширилади. Бунинг учун 558,9 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Бу ҳақда Президентимизнинг 2019 йил 30 майдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилган брифингда маълум қилинди.

Анжуманда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган масала — 2019 йил 1 июлдан бошлаб электротехника маҳсулотларининг давлат харидларини амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 20 фоизгача нарх преференцияси қўлланилишига изоҳ берилди.

— Биз бу борада хориж тажрибасини ўргандик, — дейди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Алишер Абдуллаев. — Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Хитой каби мамлакатларнинг давлат харидлари бўйича ҳужжатларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 15-20 фоиз нарх преференцияси берилган. Факт шуки, ҳамма давлат ўз ишлаб чиқарувчисини ҳимоя қилади. Нафақат ички бозорда, балки экспортда ҳам. Ҳатто, саноати ривожланган Россияда экспортчиларнинг логистика харажатининг муайян қисми қоплаб берилмоқда. Агар биз ҳам шу йўлдан бормасак, истеъмолчилар нари борса арзон ва сифатсиз маҳсулотлар эвазига икки-уч йил маза қилиши, ютиши мумкин, лекин саноат жиддий зарар кўради. Миллий бойликларимиз четга чиқиб кетиб, хориж компаниялари гуллаб-яшнаши, янги иш ўринлари яратишига молиявий асос бўлади.

Брифингда халқаро стандартларни қабул қилиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, улардан кутилаётган самаралар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019