Электротехника саноати: Ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллаш осон эмас

13:19 21 Июнь 2018 Иқтисодиёт
864 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Ҳаёт ҳақиқатлари таққосда аслини кўрсатади. Ютуқ ҳам, камчиликлар ҳам. Шу маънода, саноатимизнинг нисбатан ёш тармоғи — электротехниканинг кечаги ва бугунги ҳолатига холисона назар ташласак, мазкур жабҳадаги ҳақиқий аҳвол кўз ўнгимизда рўйирост гавдаланади.

«Ана телевизор-у, мана кир ювадиган машина...»
Яқин ўтмишимиздаги маиший ҳаёт ҳақида гап кетганда, барчамиз севиб томоша қиладиган “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги онахонларнинг “сюрприз”га ойдинлик киритиш саҳнасини эслаймиз. Қаҳрамонлардан бири уни телевизорга йўйса, бошқаси “балки кир ювадиган машинадир”, дейди…

Очиғи, илгари одамларнинг бундай техника буюмларига етишиши катта воқелик эди. Қишлоқларда эса бу бахтга атиги бир, нари борса, иккита оила муяссар бўлган, холос. Бугун-чи? Ҳар бир хонадонда 2-3 тадан телевизор бор.

Статистика маълумотлари ҳам кейинги йилларда юртдошларимизнинг шахсий компьютер, кондиционер, газ ва электр плиталари, чангюткич, музлаткич, кир ювиш машинаси сингари маиший техникалар билан таъминланганлик даражаси ўсиб бораётганини тасдиқлайди. Узоқ муддат фойдаланиладиган ушбу товарларга бўлган эҳтиёжнинг салмоқли қисми ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига қондирилаётгани эса саноатдаги ривожланишдан дарак беради, албатта.

Глобал инқироз ҳам таъсир қилмади
Биласизми, сўнгги ўн йилликда дунё электротехника саноатида юқори ўсиш суръати таъминланиб, соҳага киритилган сармоянинг рентабеллиги бошқа тармоқлардагига нисбатан уч-тўрт марта кўпроқни ташкил этди. У ҳатто жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан деярли талафотларсиз чиқиб, қўшимча қийматга эга инновацион маҳсулотлар етказиб беришда етакчи ўринга кўтарилиб олганига нима дейсиз?!

Экспертлар соҳа рақобатдошлигини ишлаб чиқаришга илғор технологиялар татбиқ қилиниб, бозор талабларига мос маҳсулотлар таклиф этилаётгани, улар тобора такомиллаштириб борилаётгани билан изоҳлашмоқда. Шу боис одамларга қўшимча қулайлик ҳамда енгилликлар ҳадя қилаётган бундай воситаларга бўлган талаб кун сайин ортяпти.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Дарҳақиқат, йигирма биринчи юз йилликда маиший техника буюмларига шунчалик боғланиб қолдикки, уларсиз кундалик ҳаётимизни тасаввур этиш мушкул. Масалан, компьютерсиз иш фаолиятимиз тақа-тақ тўхтайди, мобиль алоқа воситаси бўлмаса, ўзингизни дунёдан узилиб қолгандек ҳис қиласиз...

Шу боис юртимизда иқтисодиётнинг мазкур тармоғи равнақига устувор аҳамият қаратилиб, аввало, унинг ташкилий-ҳуқуқий асоси яратилдики, пировардида электротехника истиқлол йилларида саноатнинг алоҳида тармоғи сифатида шаклланди.

Харидоргир маҳсулот тайёрлашнинг сири
“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясидан маълум қилишларича, бугунги кунда тизимда 70 га яқин корхоналар фаолият кўрсатяпти. Улар ички бозорни кабель ва сим, электротехника ҳамда маиший техника маҳсулотлари билан тўлдириш баробарида, ташқи бозордан ҳам мустаҳкам жой эгалламоқда.

Чиндан ҳам, бугун бозорларимизда ушбу турдаги маҳсулотлар сероб. Айниқса, тизим корхоналари томонидан 2 минг хилдаги кабель-сим, 50 дан зиёд турдаги электротехника, 30 дан ортиқ маиший техника маҳсулотлари тайёрлаш ўзлаштирилгани туфайли импорт тобора қисқармоқда. Табиийки, бу охирги беш йилда тизимда ишлаб чиқариш ҳажми 3,3 баробар ошгани туфайлидир. Экспорт-чи?

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Ўтган йилнинг ўзида 189 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилинди. Мазкур кўрсаткич 2016 йилдагига нисбатан 1,5 баробар, 2017 йил учун белгиланган режадагига қараганда эса қарийб 50 миллион долларга кўпдир.

Соҳа мутасаддиларининг тан олишича, юқори технологияга асосланган бу тармоқда ҳали кўп тажрибага эга эмасмиз. Аммо “Samsung”, “LG”, “Shivaki”, “Haier”, “Midea”, “Candy”, “Motorola” сингари жаҳонга машҳур компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, техник ҳамда технологик жиҳатдан модернизациялаш тадбирлари изчил давом эттирилаётгани муваффақиятлар гарови бўлмоқда. Натижада миллий маҳсулотларимиз ташқи бозорда рақобатга кириша оляпти. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган электротехника буюмлари Арманистон, Афғонистон, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон, Украина, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Россия каби ўндан зиёд давлатларга етказиб берилаётир.

Экспорт кўрсаткичидан кўнгил тўладими?
Бугунги натижаларни таҳлил қилсак, ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги ойдинлашади. Айниқса, экспорт борасида. Бу ҳақда тўхталганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айнан экспорт-импорт борасида айтилган фикрлар ёдга тушади.

Гап шундаки, давлатимиз раҳбари ўтган бир ярим йил мобайнида экспортни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган амалий чоралар натижасида экспорт ҳажми ошган бўлса-да, эришилган бугунги натижалар мавжуд имконият ҳамда салоҳиятга нисбатан анча пастлигини қайд этди. Назаримизда, ушбу ҳақли эътироз “Ўзэлтехсаноат”га ҳам тегишли. Нега деганда, экспорт таркибида ҳамон кабель-сим маҳсулотлари улушининг юқорилиги сақланиб турибди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

— Тўғри, бугунги кунда тайёрланаётган кабель ва сим маҳсулотларининг 60 фоизидан ортиғи экспортга йўналтирилган, — дейди “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси раиси вазифасини бажарувчи Алишер Абдуллаев. — Бир жиҳатдан, бу — яхши кўрсаткич. Аммо экспортда бошқа маҳсулотлар ҳиссасининг камлиги уни диверсификация қилишни тақозо этади. Шу боис харидоргир маҳсулотлар турини кўпайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш устида изланяпмиз. Шу мақсадда бир гуруҳ мутахассисларимиз яқинда Беларусь, Миср, Россияда музокаралар олиб боришди. Бунинг самараси ҳам тез орада сезилади.

Компания раҳбарининг айтишича, экспорт кўрсаткичларига логистика хизматининг қимматлиги ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шу боис ҳозирги пайтда нисбатан яқин бозорларни ўзлаштиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Бунинг натижасида қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистонга экспорт ҳажми 2 баробар ошди. Бу йил эса мазкур кўрсаткич 3 баробар ортиши кутиляпти.

Жаҳонга машҳур брендлар — юртимизда
Ҳозирги кучли рақобат шароитида ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллаш осон эмас. Айниқса, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик корхоналар. Шундай бўлса-да, юртимиз ишбилармонлари экспортни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлар туфайли баҳоли қудрат бунинг уддасидан чиқишмоқда. Улар томонидан таклиф этилаётган маиший техника буюмлари жаҳонга машҳур брендлар қаторида сотилмоқда. Бу эса чет эллик инвесторларнинг иқтисодиётимизга бўлган қизиқиши ортишига туртки бўляпти. Шунинг учун эндиликда Ўзбекистонда жаҳонга машҳур брендлар остида янги маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бундай истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг хорижий давлатларга сафарлари давомида эришилган келишувлар муҳим омил бўляпти.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Дарҳақиқат, ўтган йили Президентимиз Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифи давомида “Ўзэлтехсаноат” компанияси билан Хитойнинг “Haier Group” компанияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Унга кўра, “Haitech” бренди остида замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилса, компания таркибидаги “Ўзэлектроаппарат-Электрошчит” АЖда “Hytera Communications Corporation Limited” компанияси кўмагида йилига 20 мингта радиоалоқа воситаси ишлаб чиқариш қуввати яратилиши мўлжалланмоқда.

Худди шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига ташрифи доирасида “Kiturami” компанияси билан эришилган келишув аллақачон амалиётга кўчгани диққатга сазовор. Мазкур лойиҳа асосида “Artel” компанияси томонидан жорий йилнинг май ойида йилига 100 мингта сувиситкич ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилди. Айни пайтда Жанубий Кореянинг яна бир компанияси — “Dongho Cosmo” билан биргаликда электр, газ, совуқ ва иссиқ сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш устида музокаралар олиб борилаётир.

Айтиш жоизки, электротехника саноатида ҳамкорлик Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасидаги муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Буни Президентимизнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга ташрифи доирасида “Ўзэлтехсаноат” АК томонидан “Femas Metal Sanayi” компанияси билан газплита ҳамда “Odul Madeni” компанияси билан электр духовкалар ва газплиталар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича келишув имзолангани мисолида ҳам кўриш мумкин. Умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳалар ижросига киришилган бўлиб, бугунги кунга қадар ҳамкорлар томонидан технологик ускуналар олиб келиб бўлинди. Янги қувватлар ишга туширилиши билан 150 та иш жойи яратилиб, ички ҳамда ташқи бозорга янги маҳсулотлар етказиб берила бошланади.

Ҳар бир оила эҳтиёжи эътиборда
Электротехника саноатининг ривожи кўп жиҳатдан аҳоли турмуш даражаси, иқтисодий аҳволига боғлиқ. Чунки замонавий технологияли саноат маҳсулотларини харид қобилияти юқори оилалар сотиб олиш имкониятига эга. Шу маънода, ҳали олдинда бажарилиши лозим бўлган ишлар кўп. Ҳар бир оилани электротехника маҳсулотлари, айниқса, арзон маиший техника воситалари билан тўлиқ таъминлашга эришиш саноатнинг ушбу жабҳаси олдида турган энг устувор вазифа ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 февралдаги “2017 — 2021 йилларда электротехника саноатини бошқаришни янада такомиллаштириш, жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу каби истиқболли лойиҳалар ижросига кенг йўл очмоқда. Мазкур ҳужжатда ички ҳамда ташқи бозор талаби чуқур ўрганилган ҳолда, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Шундан келиб чиқиб, 2021 йилгача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида умумий қиймати 731,2 миллиард сўмлик 43 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида, жумладан, Қорақалпоғистонда замонавий телевизорлар, электр шкаф, электр сувиситкичлар, иситиш қозонлари ҳамда металл радиаторлар, яримавтомат кир ювиш машиналари ва чангюткичлар ишлаб чиқарилса, Самарқандда кондиционер, газплиталар, электр печлар ҳамда яримавтомат кир ювиш машиналари тайёрлаш йўлга қўйилади.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистонда электротехника саноати секин-аста ривожланмоқда. Аммо бу хотиржамликка асос бўлмаслиги керак. Саноатни модернизация ва диверсификациялаш, маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асносида замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш иқтисодиётимиз рақобатдошлиги таъминланишига хизмат қилади.
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019