“Электрон соғлиқни сақлаш” тизими қачон жорий этилади?

17:08 07 Май 2019 Жамият
412 0

“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида ҳар кимнинг ахборотни эркин олиш ва тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборот ресурсларидан эркин фойдаланилишини таъминлаш белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида мазкур Қонуннинг ижро этилиши ҳолати ўрганилди.

Қўмитанинг кеча бўлиб ўтган йиғилишида ушбу ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.

Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, муайян камчилик ва муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. Хусусан, Марказда фуқароларга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда етарли шароит яратилмагани қайд этилди.

Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини жорий этиш каби бир қатор вазифалар белгиланган бўлиб, уларнинг бажарилиши ҳам сустлигича қолаётир. Чунончи, Марказ томонидан шу кунгача беморларни масофадан шифокор қабулига ёзиш имконияти яратилмаган. Навбатни бошқариш бўйича ҳеч қандай тизим ўрнатилмаган, “электрон навбат”, масофадан навбатни банд қилиб қўйиш имкони йўқ.

Марказнинг веб-сайти Қонун ва Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабларига жавоб бермайди. Марказ филиалларининг веб-сайтлари ҳам қониқарсиз аҳволда.

Бундан ташқари, Марказдаги ягона маълумотлар базаси (канцер-регистр) ишлари ўз аҳволига ташлаб қўйилган ва бугунги кунда республика бўйича умумий ягона электрон рўйхат мавжуд эмас.

Бу ерда, шунингдек, рўйхатдан ўтган беморларнинг электрон карталари жорий қилинмаган. Унга қарашли таъмирланаётган бино лойиҳасида эса алоқа воситалари, шу жумладан, телефон ва локал тармоқларни ўрнатиш кўзда тутилмаган.

Марказнинг амалда ишлаб турган поликлиникасида эса зарур ахборот инфраструктураси яратилмаган. Масъул шифокорларнинг хоналари локал тармоққа уланмаган, мавжуд компьютер воситалари ва улардаги дастурий маҳсулотлар маънан эскирган, хизмат компьютерларининг бирортасида ҳам лицензия асосидаги операцион тизим ва дастурлар ўрнатилмаган.

Қўмита аъзолари ўрганишлар давомида Марказдаги мавжуд 124 та компьютернинг аксарияти носоз ҳолда эканини, ички локал тармоқни улаш орқали ахборот алмашиш имконияти филиалларда ҳам етарли яратилмаганини аниқладилар. Мисол учун, Наманган филиалида мавжуд 28 та компьютердан 6 таси, Фарғона 2-сон филиали 8 та компьютердан 4 таси ички локал тармоққа уланган, холос.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, депутатлар Марказ фаолияти бўйича ўзларининг жиддий эътирозларини билдириб ўтдилар. Айни чоғда фуқаролар учун онлайн маслаҳат, электрон навбатни ташкил этиш, беморлар билан навбат асосида ишлашда тизимли ёндашувни шакллантириш, тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Зиёда АШУРОВА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019