Эл ардоғидаги атоқли олим

12:15 05 Сентябр 2020 Жамият
2191 0

Ўзбекистонда олий тиббий таълим ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш йўлида катта меҳнат қилган, ушбу масъулиятли вазифани амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонлардан бири профессор Шамсиев Азамат Муҳитдиновичдир.

Халқаро миқёсда танилган, элимиз ардоғидаги атоқли ташкилотчи, моҳир хирург, сермаҳсул ва новатор олим, «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби бўлган ҳамюртимиз А.Шамсиев Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1968 йил Тошкент давлат медицина институтини тугатган. Врачлик фаолиятини Самарқанд вилоят Булунғур тумани марказий шифохонаси хирургия бўлимида бошлаб, сўнгра Самарқанд давлат тиббиёт институти клиникаси болалар хирургияси бўлимида врач-ординатор вазифасида давом эттирди. Ёш хирург ўзининг билим доирасининг кенглиги, ўткир зеҳни, қобилияти, қатъияти, хирургик маҳорати, беморларга бўлган эътибори ва меҳрибонлиги билан ажралиб турар эди. Шунинг учун у тез орада клиника жамоаси ва беморлар ўртасида катта обрў қозонди. Институт илмий мактабида сингдирилган хирургия амалиёти ва фанга бўлган иштиёқ унинг келажакда фан номзоди, ассистент, фан доктори, профессор даражасига етишишида муҳим омил бўлди. А.Шамсиев Ростов-Дон медицина институтида мақсадли аспирантурани ўтаб, 1973 йилда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. 1973-1976 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институти болалар хирургияси кафедрасида ишлади. У бу даврда клиниканинг болалар хирургияси бўлими амалиётига бир неча янги технологияли даволаш-диагностика усулларини, жумладан ўмров ости венасини катетерлашни жорий қилди. Шу сабабли бўлимда бемор болаларни хирургик даволаш натижалари кескин яхшиланди. Ёш олим бундан кейинги даврда ўзининг илмий тадқиқот ишларини 1977-1980 йилида Украинанинг Донецк болалар касалхонаси базасидаги медицина институти болалар хирургияси клиникасида врач ординатор лавозимида ишлаб давом эттирди. 1981-1982 йилларда Донец медицина институти болалар хирургияси кафедрасида докторлик илмий ишини ниҳоясига етказди. 1983 йил «Болаларда ўткир деструктив пневмонияларни даволаш» мавзусида олиб борган ҳар томонлама чуқур илмий изланишларини якунлаб, ўша давр учун аниқ илмий хулосалар ҳамда тегишли амалий тавсияларни ишлаб чиқди ва докторлик диссертациясини муваффаққиятли ҳимоя қилди. Ишлаб чиқилган янгиликлар болалар хирургияси клиникасида бемор болаларни даволашда ҳам муҳим аҳамият касб этди. А. Шамсиев 1985 йилдан ҳозирги кунгача узлуксиз равишда Самарқанд давлат тиббиёт институти болалар хирургияси кафедраси мудири вазифасида самарали ишлаб келди. Унга 1987 йил профессор илмий унвони берилди.

1990 йил А.Шамсиевнинг ташаббуси билан ва унинг раҳбарлигида Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Болалар хирургияси илмий-ўқув-амалий бирлашмаси ташкил қилинди. Ушбу марказ нафақат Самарқанд вилояти, балки, минтақада жойлашган яна беш вилоят аҳолисига ихтисослаштирилган юқори малакали болалар хирургияси йўналиши бўйича тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Марказнинг торакал хирургия, кардио-хирургия, урология, чақалоқлар хирургияси бўлимларида замонавий технологияли мураккаб операциялар профессор А.Шамсиев томонидан бажарилади.

Прфессор А.Шамсиев тиббиёт фанининг болалар хирургияси соҳаси бўйича ўзининг илмий-амалий мактабини яратган, дунёга танилган новатор олимдир.

Олим 1991 йилда Самарқандда биринчи бўлиб ёш болаларда туғма юрак пороклари операциясини бажарган. Урология ва абдоминал хирургияда эндоскопик диагностика ва даволаш усулларини жорий қилган. Бугунги кунда ҳам ҳар йили ўртача 400-500 та турли ҳажмдаги мураккаб операцияларни амалга оширади. Унинг болалар хирургиясига оид 50 та ихтироси ва 44 та рационализаторлик таклифи республикамиз ва Мустақил ҳамдўстлик давлатлари амалиётида кенг қўлланилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологияларни ривожлантириш қўмитасининг 8 та амалий ва 1 та инновацион лойиҳалари устида илмий изланишлар олиб борилган.

2004 йил ноябрь ойида Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори лавозимига Самарқанд вилоят болалар хирургияси илмий маркази директори вазифасида ишлаб келаётган болалар хирургияси кафедрасининг мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор А.М.Шамсиев тайинланди. Профессор А.М.Шамсиевнинг бевосита раҳбарлигида ва саъй-ҳаракатлари билан ушбу ўтган даврда Самарқанд давлат тиббиёт институтида катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бажарилди ва янги босқичда муваффақиятли давом эттирилмоқда. Институт моддий техника базаси мустаҳкамланди. Институтда Тиббий педагогика, Олий ҳамширалик иши, Стоматология, Тиббий профилактика иши, Фармация, тиббий биология ва тиббиёт коллежлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш факультетлари ташкил қилинди. Интернет тармоғига уланган замонавий ахборот коммуникация технологиялари маркази ишга туширилиб, вазирликлар ва хорижий олий таълим муассасалари билан видео-корпоратив алоқа ўрнатилган. Кафедралар ва тест маркази янги русумдаги компьютерлар билан жиҳозланиб, ўқув жараёнига тўлиқ электрон ўқитиш тизими жорий этилди. Ахборот ресурс маркази электрон ўқув – илмий адабиётлар билан бойитилди. Ўқув бинолари ва талабалар турар жойлари мукаммал таъмирланиб, улардаги тегишли шароитлар тубдан яхшиланди. Ўқув жараёнига инновацион педагогик технологиялар жорий қилинди. Ўзбекистонда илк бор 2013-2014 ўқув йилидан тиббий таълимнинг масофавий электрон тизими ташкил этилди, халқаро таълим стандартларига мос кредит-модуль тизими амалиётга киритилди. Бугунги кунда институтнинг барча кафедраларида ўқув машғулотлари электрон таълим тизими материалларидан фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси “Tas-X” ягона интерактив хизматлар портали рейтингига кўра Самарқанд давлат тиббиёт институти хостларда ишлаш фаоллиги бўйича республикадаги ҳамда Россия Федерациясидаги 2000 дан зиёд ўқув юртлари ўртасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Ўқув машғулотлари ўзбек, рус, инглиз (хорижий талабалар учун) тилларида олиб борилади. Институтнинг халқаро алоқалари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. А.М.Шамсиевнинг ташаббуси билан Италиянинг Пиза университети, Австриянинг Грас тиббиёт университети, Болгариянинг София тиббиёт университети, Чехиянинг Прага ривожлантириш маркази, Корея Республикасининг Осиё тиббиёт институти, Сангжи университетининг традицион тиббиёт госпитали, Индже университетининг Илсан Пайк тиббиёт госпитали сингари жаҳоннинг кўплаб тиббий олий ўқув юртлари ҳамда Россия Федерациясининг 11 та тиббиёт олий ўқув юрти ва 2 та илмий - текшириш институти, Грузиянинг Тбилиси давлат тиббиёт университети, Қозоғистон Республикасининг 3 та, Украина Республикасининг 4 та тиббиёт олий таълим муассасалари билан илмий ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар тузилди. Институт негизида кейинги уч йилда 10 та халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Ўрнатилган халқаро ҳамкорликлар натижасида кўплаб хорижий олий тиббий таълим муассасалари институт базаларида амалиёт ўтамоқда. Жанубий Корея республикасининг ўнлаб фуқаролари институтда таҳсил олмоқдалар.

Профессор А.Шамсиев Самарқанд давлат тиббиёт институтининг собиқ ректори, Марказий Осиёда ягона болалар хирургияси илмий-ўқув-даволаш маркази директори ҳамда мамлакатимизда ва хорижда тан олинган юқори малакали хирург, соғлиқни сақлашни ва олий таълимни ташкил қилишнинг йирик намоёндасидир. Олим раҳбарлигида 35 дан ортиқ шогирдлари докторлик ва номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилганлар. Устознинг оддий врач-хирургдан ана шундай юқори мавқеигача ўзининг саъй-ҳаракатлари, тинимсиз меҳнати билан эришганлиги ёшларимиз, айниқса, ўзларини илм-фан равнақи йўлига бахшида этаётган бўлғуси медик олимлар учун ҳар қанча ўрнак олиб ўрганса арзийди.

Олимнинг 15 дан зиёд монография, 3 та дарслик, 3 та ўқув қўлланмаси, 900 дан ортиқ илмий мақолалари нашр этилган. Олий тиббий таълим тизими учун ёзилган «Болалар хирургияси», «Хирургические болезни детского возраста» дарсликлари, Россиялик олимлар билан ҳамкорликда яратилган «Лексии по детской хирургии», «Избранные вопросы хирургии детского возраста» номли маърузалар тўпламлари ҳамда «Острый и хронический гематогенный остеомиелит у детей» (2015 й.) номли монографиялари шулар жумласидандир. У Нью-Йорк Фанлар академияси, Россия медицина-техникаси академиясининг ҳақиқий аъзоси, Ижевск тиббиёт академияси фахрий академиги, Австриянинг Грас медицина университети фахрий профессори, Буюк Британия Қироллиги Соғлиқни сақлаш Ассоциацияси, Европа болалар хирургияси ва Россия болалар хирургияси ассоциациялари аъзоси, академик А.В.Вишневский номидаги олтин медаль соҳиби, профессор В.П.Немсадзе номидаги мукофотнинг лауреати, Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Ихтисослашган илмий кенгаш аъзоси.

Профессор А.М.Шамсиев Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Соғлиқни сақлаш соҳасининг раҳбарлари ва етакчи мутахассислари билан 2017 йил 5 январь, 7 февраль, 30 март, 6 июль кунлари ўтказган учрашув ва йиғилишларида шахсан иштирок этди. Ўтказилган йиғилишлар натижасида соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббий санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, дори-дармон таъминоти, тиббий таълимни ривожлантириш ва кадрлар малакасини ошириш, хусусий сектор каби соҳаларни ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар ва топшириқларни ўзида мужассамлаштирган 30 га яқин Президент Фармон ва Қарорлари институтда раҳбарлик учун қабул қилинди ва уларнинг ижроси таъминланмоқда.

Жумладан, профессор А.Шамсиев раҳбарлигида Жиззах вилоятининг Жиззах туманида Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қишлоқ врачлик пунктларини оптимизация қилиш ишлари муваффақиятли бажарилди. Унинг ташаббуси билан Самарқанд вилоятида туғиш ёшидаги аёлларни рўйхатга олиш, касалликларни аниқлаш ва соғломлаштириш бўйича компьютерлаштирилган Exel дастури асосида тизим яратилди ва амалиётга жорий қилинди. Институтнинг етакчи профессор ва доцентлари Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Навоий вилоятларида Соғлиқни сақлаш тизимига амалий-услубий ёрдам кўрсатмоқдалар ва узларининг мутахассисликлари бўйича жойларда врач-мутахассислар билан маҳорат дарслари ўтказмоқдалар.

Ҳозирги кунда профессор А.Шамсиев Самарқанд давлат тиббиёт институти Болалар хирургияси кафедраси профессори вазифасида ишлаб, илмий педагогик шогирдлар тайёрлаш, турли даражадаги оғир беморларни оператив даволаш ишларига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?