Экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши курашиш бўйича “ўзбек модели” қандай самара беряпти?

15:35 01 Ноябрь 2018 Жамият
239 0

Экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши курашиш бўйича “ўзбек модели” шарофати билан мамлакатимизда терроризм билан боғлиқ жиноятлар сони ўтаётган йилда 1,7 баробар камайган.

2018 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган шахслар ўртасида терроризм йўналишида қайд этилган жиноятлар сони 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 65,7 фоиздан зиёд пасайган. Бу ҳақида пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси томонидан “Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик“ мавзусида ташкил этилган олтинчи халқаро илмий-амалий конференция чоғида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқот институти директори Владимир Норов тўхталиб ўтди.

Унинг айтишича, бугунги кунда ёшларнинг радикаллашуви энг хавфли ва ўткир муаммолардан бири ҳисобланади ҳамда мазкур ҳолат дунёнинг кўплаб давлатларида ижтимоий, маданий ва ахлоқий масалалар комплекси ўз ечимини кутаётган бир шароитда юзага келаётир.

Владимир Норовнинг фикрича, ёшлар ўртасида радикал кайфиятдаги шахслар кучайишининг асосий сабаби жамиятда шахс мақоми ва талабчанлик ҳиссининг етишмовчилиги ёки умуман йўқлиги билан боғлиқ.

Бинобарин, бузғунчи гуруҳлар “йўқотилган” ёш авлод учун ўзгаришлар “агентлари”, “истиқболли” имкониятлар ҳамда аниқ бир мақсадга эришиш усулига айланишга уринмоқда. Бу йўлда диний, мафкуравий ва миллий воситалардан фойдаланяпти.

Халқаро экспертларнинг қайд этишича, 300 минггга яқин 18 ёшга етмаган ёш авлод вакиллари дунёдаги қатор диний-экстремистик гуруҳлар таркибидан жой олган.

Жумладан, Бруклин институти маълумотларига кўра, Twitter тармоғида “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи билан у ёки бу даражада боғланган аккаунтлар сони 90 мингтага етади ва ҳар бирида 1000дан ортиқ ўқувчиси бор. Уларга ташриф буюрувчиларнинг асосий қисми ўсмирлар ва қизлардир.

2016-2017 йилларда ахборот хавфсизлиги линияси бўйича олиб борилган ишлар натижасида террорчилик ва экстремистик характердаги 4 миллиондан зиёд ахборот материалларидан ташкил топган 100 мингта интернет-ресурс тармоқдан ўчириб ташланди ёки фаолиятига тўсиқ қўйилди.

В.Норов мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизи ёшлардан иборат эканлиги инобатга олиниб, ёш фуқароларга нисбатан махсус сиёсат ишлаб чиқилгани ҳамда амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.

“Экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши курашиш бўйича “ўзбек модели” кўплаб хорижлик мутахассислар эътиборини ўзига тортмоқда, — деди у. — Хусусан, одамлар, биринчи навбатда ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданият, диний-ахлоқий маърифатни юксалтириш йўли билан “тафаккур учун кураш”га алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бундан ташқари, ижтимоий реабилитация, экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган ва ўз хатосини англаганларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти.

Биргина 2017 йилда ота-оналари диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ўн мингга яқин ёшлар ишга жойлаштирилди”.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси“ тарқалишининг олдини олишдир” , - дея таъкидлаб ўтганди. Шу маънода давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатларга БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди.

“Экспертлар баҳоларига кўра, Ўзбекистоннинг ушбу сиёсий йўли мусулмон олами учун муҳим ва мутлақо янги йўналиш — “маърифатли ислом” ғоясига асос солади”, - деди Владимир Норов.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар